Истиқлол шарофати билан серқуёш юртимизда диний ва миллий, маънавий қадриятларимиз қайта тикланиб, халқимиз ҳаётида ўз аксини топмоқда.
Кўпинча масжидларда , тўй – маросим ва давраларда ислом динимизнинг беш устуни тўғрисида кўп суҳбатлар ва мавъизалар қилинади.
Шундай бўлсада яна савол беришади, домла имон деганда ўзи нимани тушунилади? деб сўрашади. Вазиятдан келиб чиқиб Имон тўғрисида тушунчалар беришни ўзимизга лозим тутдик.
Маълумки Ислом дини асосий беш устунга қурилган бўлиб:
- Имон;
- Намоз;
- Рўза;
- Закот;
- Ҳаждир.
Имон – бу Пайғамбаримиз Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳ таоло томонидан келтирган барча хабарларига тил билан иқрор бўлиб, уларни дил билан тасдиқлашдир.
Яъни етти нарсага шубҳасиз ишониш билан киши мўъминлар сафига кирар эқан.
1. Бутун борлиқ, оламни яратган азалий ва абадий зот – Аллоҳга ишониш.
2. Олам жумласидан бўлган кўзга кўринмас руҳий мавжудот – фаришталар борлигига ишониш. Улар Аллоҳнинг ҳукмини бузмайдиган, итоатли, ибодатли ва ўзларига белгиланган вазифаларни сўзсиз бажарувчи мавжудотлардир.
3. Аллоҳ таоло инсониятга ҳақиқат йўлини кўрсатиш учун қадим замонлардан бошлаб одамлар ичидан бирини воситачиликка танлаб келган ва уларга фаришталар орқали илм ва маърифат илҳом қилган. Улар “Расул” ёки”Пайғамбар” деб аталадилар. Уларга ишонишдир.
4.Аллоҳнинг ўз пайғамбарларига туширган китобларига иишониш.
5.Ўлгандан кейин қайта тирилишига ишониш.
6.Инсоннинг ҳаёти иккига бўлинади: Ишлаш ва имтиҳон дунёсидаги қисқа ҳаёти , шунингдек жазо ва мукофот уйидаги абадий ҳаёти.
7.Яхшилик ҳам ёмонлик ҳам Аллоҳдан эканлигига, қадарга рози бўлишлик ва тақдирга ишониш имоннинг ажралмас бир қисми экан.
Аллоҳу таоло барчаларимизга ўзи тўғрисида олаётган илмларимизни, ўзига бўлган муҳаббатимизни ва имонларимизни зиёда қилсин!
Искандарбек домла Ортиқов
Олтинкўл тумани “Далварзин”
жоме масжиди имом-хатиби