Мавлид ойлари муносабати билан Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васалламни хар кун, хар он эсламоқдамиз. Мавлиди шарифлар ўқияпмиз. Аслида, Он ҳазратни эсламоққа, саловатлар йўлламоққа хар нафас муҳтожмиз.
Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Ким Набий алайҳис саломга бир мартта саловат айтса, Аллоҳ ва Унинг фаришталари у бандага етмишта саловот айтур”, дедилар.

Имом Аҳмад ривояти.

           Қаранг-а, бизлар учун қанчалар катта эхтиром ва имконият. Муҳаббат нима билан изҳор қилинади? Набий мухтарам алайҳис саломни ҳаётларини ўрганиш, суннатларини тирилтириб амал қилиш билан бўлади. Бизлар инсоф билан қарайлик, қанчалик суннатларни биламиз, қанчалик амал қиляпмиз? Суннат фақатгина соқол қўйиш, иккита ҳотин олиш дегани эмаску! Саодат асри саҳиблари розияллоҳу анҳумларнинг Расулуллоҳга бўлган муҳаббатларини эшитамиз, ўқиймиз. Нега интилмаймиз шундай гўзал муҳаббатли қалб эгаси бўлишга?!
       Бугун дунёда кечаётган ноҳушликлар ва нотинчликларга мусулмон ўлароқ қандай муносабатда бўлмоғимиз керак?
             Шу кунларда Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васалламга қилинаётган ҳақоратларга имон эгаси қандай йўл тутиши керак?
         Албатта, Набий алайҳис салом ота-онамиздан ҳам яқин ва мехрибон. Жонимиз фидо! Узотга қилинган хақоратларга чидаш оғир. Бизлар чин уммат бўлсак бундай ноҳушликларга жавобан Расулуллоҳни суннатларини янада кучли ўрганиб, имон йўлида мустаҳкам бўлиб борар эканмиз кофирлар заифлашиб, ислом ривожланиб бораверади. Ахир суннат ва шариат ҳеч қачон одобсизликларга ўргатмаган. Бундай вазиятда ҳиссиётларни жиловламоқ ва ақл билан иш кўрмоқлик лозим. Дин душманларига энг кучли қурол илм ва маърифат ва суннатларни ўрганиш ва он ҳазратга муҳаббатимизни, саловатимизни кўпайтирмоғимиз, шариатга амал қилмоқлик ва исломда юксалмоқликдир.
        Мулоҳаза шуки, Набий мухтарам алайҳис салом икки оламдаги энг шарафли зотдирлар. Он ҳазратга қилинган зулм энг оғир жиноятдир. Улар яқинда Аллоҳга рўпара бўладилар. Аллоҳ икки оламда Расулуллоҳни азиз қилди ва шундай бўлиб қолажак. Расулимиз алайҳис саломни ҳадисларини ўрганайлик, ўргатайлик! Гўзал хулқини ўзимизга, фарзандларимизга сингдириб, амал қилиб борар эканмиз, душманга энг муносиб жавоб шу бўлади.
             Ислом душманларига эса Аллоҳ кифоядир.

Абдурахмон домла Артиқов

Андижон шахридаги “Уйғур” жоме масжиди имом-ҳатиби