Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилган:

إِن تُبْدُواْ الصَّدَقَاتِ فَنِعِمَّا هِيَ وَإِن تُخْفُوهَا وَتُؤْتُوهَا الْفُقَرَاء فَهُوَ خَيْرٌ لُّكُمْ وَيُكَفِّرُ عَنكُم مِّن سَيِّئَاتِكُمْ وَاللّهُ بِمَا تَعْمَلُونَ خَبِيرٌ

Садақани ошкора қилсангиз қандоқ ҳам яхши. Агар махфий қилсангиз ва фақирларга берсангиз, бу сиз учун яхшидир. Сиздан гуноҳларингизни ювади. Ва Аллоҳ қилаётган амалларингиздан хабардордир” (Бақара сураси, 271-оят).

Ушбу ояти каримада садақани ошкора қилиш ҳам, махфий қилиш ҳам мақталмоқда. Бу мазмундаги бошқа оят ва шаръий далилларни жамлаб ўрганиб чиққан уламоларимиз хулоса қилиб айтадиларки, садақа фарз бўлса, уни ошкора қилиш яхши, чунки бу ҳолда Аллоҳнинг амрига тоат ошкора кўринади ва ҳақдор бўлмаган кишиларга ҳам тушиб қолиши мумкинлиги олди олинади. Агар садақа ихтиёрий бўлса, уни махфий қилингани яхши. Риёдан ва манманликдан узоқда бўлинади. Садақанинг энг ҳақдори камбағал-фақир кишилардир. Исломда садақанинг жорий қилиниши ҳам ўша тоифанинг ҳимояси ва ёрдами учун бўлган.

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади, улар (Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам аҳллари) қўй сўйдилар. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам “Ундан (қўйдан) нима қолди?”деб сўрадилар. Оиша онамиз розияллоҳу анҳо: “Ундан фақат қўли қолди” деб жавоб бердилар. Шунда у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Унинг қўлидан бошқа ҳамма қисми қолибди-да” дедилар. Имом Термизий раҳимаҳуллоҳ ривоятлари.

Ҳа, ҳамёнимиздаги пулни фақирларга садақа қилсак, Аллоҳ таолонинг розилиги учун сарфласак, ана ўшанда пуллар чиндан бизники бўлади.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан

  • Садақанинг қайси бири афзал? деб сўралди. Шунда у киши:
  • Сув (улашиш). Ахир дўзах аҳли жаннат аҳлидан ёрдам сўраганларида «Бизга ҳам сувдан ёки Аллоҳ сизга ризқ қилиб берган нарсадан тўкинглар», дейишган” дедилар.

Али розияллоҳу анҳу дедилар: “Аллоҳ кимга мол берган бўлса, у ўша мол ила қариндошларига силаи раҳм қилсин! Уларга зиёфатни чиройли қилиб берсин! Ўша мол билан қийналганлар, асирлар, йўловчилар, мискинлар, фақирлар ва Аллоҳ йўлида жидду жаҳд қилаётганларга ёрдам берсин!.. Чунки, мана шу хислатлар сабабли дунёда ҳурматга, охиратда шарафга етилади”.

Фузайл ибн Иёз раҳимаҳуллоҳ “Сўровчилар бунча ҳам яхши. Бизнинг юкимизни йўл ҳақи олмай охиратга олиб бориб, ҳатто Аллоҳ таолонинг ҳузуридаги мезонга қўядилар” дедилар.

Суфён Саврий раҳимаҳуллоҳнинг эшиклари ёнига сўровчи келса, “Гуноҳларимни ювиш учун келган киши, марҳабо!” дердилар.

Ибн Шақийқ раҳимаҳуллоҳ айтдилар “Ибн Муборак раҳимаҳуллоҳдан эшитдимки, у кишининг олдиларига бир одам келиб, етти йилдан бери тиззасига чиққан ярадан қийналаётганини шикоят қилибди. Ўша одам кўплаб даво чораларини кўрибди. Табиблардан сўрабди, аммо фойдаси бўлмабди. Шунда Ибн Муборак раҳимаҳуллоҳ “Бориб, сувга эҳтиёжи борлар маконида қудуқ қази. Умид қиламанки, шояд сен қазийдиган жойдан сув чиққанда, жароҳатингдаги ҳам қон тўхтаса”. Ўша одам бориб қудуқ қазиб, сув чиққач, жароҳати тузалган экан”.

Мадиналик фақирлар еяётган таомлари қаердан келишини одамлар билмасдилар. Али ибн Ҳусайн раҳимаҳуллоҳ вафот этганда, уларга ҳар кеча таомни у киши улашиши маълум бўлди. 

Урва ибн Зубайр раҳимаҳуллоҳ боғларидаги хурмолар пишиб-етилганда, деворни очиб қўярдилар. Одамлар кириб хурмолардан еб, уйларига олиб кетишарди. Ўзлари ўша боққа кирсалар, “Боғингга кирганингда: «Аллоҳнинг хоҳлагани, Аллоҳдан бошқада (бунга) қувват йўқ», десайдинг” (Каҳф сураси, 39-оят) оятини такрор-такрор ўқирдилар.

Бир мақбара деворидаги ёзув: “Молингни ўзинг билан олиб кетолмайсан. Лекин уни (садақа қилиш орқали) ўзингдан олдин юбора оласан”.

Аллоҳ таоло бизни ихлос билан садақа берувчилардан қилсин!

 

Анваржон домла Ибайдуллаев,

Олтикўл тумани  «Уйшин»

жоме масжиди имом-хатиби