Барчамизга маълум ва равшандирки, ҳар бир ота-она ўз фарзандларининг истиқболи, бахт-саодати ва келажакда мустақил ҳаёт кечириб, ҳам моддий, ҳам маънавий жиҳатдан баркамол авлод бўлиб етишишини ният қилади.

Муқаддас Ислом динининг том маънодаги улуғвор таълимоти комил инсон тарбиясига қаратилгандир. Инсоннинг жисмонан, ақлан ва руҳан камолотга етишмоғида Ислом дини таълимотининг ўрни нақадар юксакдир. Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо соллалоҳу алайҳи васаллам ўзларининг муборак ҳадисларида ушбуни баён қилиб айтганларки: “Мен инсониятга тамомий ахлоқни ўргатиш учун юборилганман”. Ҳақиқатан ҳам, ислом дини асослари бўлмиш Қуръони карим ва ҳадиси шарифларда инсонларни гўзал одоб ва ахлоққа чақирувчи, ҳушхулқлик энг олий фазилат эканлиги ҳақидаги таълимотлар кенг ўрин олган. Жумладан, Қуръони каримда шундай дейилади: “Албатта, Аллоҳ адолатга, эҳсонга, қариндошларга яхшилик қилишга амр этади ва фахшу мункар ишлардан ҳамда зулмкорликдан қайтарур…” (Наҳл, 90),

Келинг, Роббингиз сизларга ҳаром қилган нарсаларни тиловат қилиб бераман: “Унга ҳеч нарсани ширк келтирманг! Ота-онангизга яхшилик қилинг! Очликдан қўрқиб, болаларингизни ўлдирманг. Биз сизларни ҳам, уларни ҳам ризқлантирурмиз. Фаҳш-бузуқ ишларнинг ошкорасига ҳам, махфийсига ҳам яқинлашманг. Аллоҳ ҳаром қилган жонни ўлдирманг… Етимлар молига то вояга етгунча яқинлашманг. Магар яхши йўл билан бўлса, майли. Ўлчов ва тарозини адолат ила тўлиқ адо этинг. Биз ҳеч жонни тоқатидан ташқари нарсага таклиф этмаймиз. Агар гапирсангиз, қариндошингиз бўлса ҳам адолат билан гапиринг…” (Анъом, 151-152).

 “Одамлардан такаббурланиб юз ўгирма ва ер юзида кибру ҳаво ила юрма. Албатта, Аллоҳ ҳеч бир мутакаббир ва мақтанчоқни севмас. Юришингда мўътадил бўл ва овозингни пасайтир…”(Луқмон, 18-19).

Пайғамбаримиз соллалоҳу алайҳи васаллам ҳам қатор ҳадисларида ҳушхулқликни мадҳ этадилар. Ҳадисларининг бирида: “Менга энг маҳбуброғингиз ва охиратда Менга энг яқинроғингиз ахлоқи гўзалроғингиздур”, деган бўлсалар, бошқа ҳадисда: “Ислом динида энг яхшингиз ахлоқи гўзалроғингиздир”, деб марҳамат қилганлар.

Албатта, гўзал ахлоқ ва одоб инсоннинг ёшлигидан балки, болалигидан шаклланиб бормоғи лозим. Шунинг учун ҳам ислом динида болаларни ҳали мурғаклигиданоқ гўзал ахлоқ ва одобга ўргатиб бориш тавсия этилади. Имом Муслим ривоят қилган ҳадисда шундай дейилади: Амр ибн Абу Салама розияллоху анху айтадилар: “Мен Расулуллоҳ соллаллоху алайҳи васаллам қарамоғларида ёш бола эдим. Овқат вақтида қўлимни товоқнинг ҳамма ерига узатар эдим. Шунда, Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васаллам менга: Эй, бола! Аввал, бисмиллоҳни айт, сўнгра ўнг қўлинг билан, ўзингни  олдингдан олиб егин, деб ўргатдилар”.

Дарҳақиқат, ёшларда одоб ва ахлоқ тамойилларининг шаклланишида ислом динининг тутган ўрни беқиёсдир. Зеро, ислом дини одоб ва ахлоқ тушунчаси остида ёшларни ҳар томонлама тарбия қилишга катта аҳамият қаратади.

Тарбиянинг бу жиҳатида ёшларни асосан ростгўйлик, ваъдага вафо, омонатдорлик, каттага ҳурмат, кичикка иззат, ўзгаларга меҳр-оқибатли бўлиш каби фазилатлар соҳиби қилиб вояга етказишга эътибор қаратилади. Айнан мана шу фазилатлар кишини одамийлигини ифодалайди. Шунинг учун ҳам Пайғамбаримиз соллалоҳу алайҳи васаллам: “Ота ўз боласига чиройли одобдан кўра яхшироқ нарса бера олмайди”, деганлар (Имом Термизий ривояти).

Ёки бўлмаса, “Болаларингизни эъзозланглар ва уларнинг одобини гўзал қилинглар” дейилган ҳадиси шарифда ҳам айнан ахлоқий тарбия назарда тутилган. Ислом таълимотида кишининг имон эътиқодининг мукаммаллиги унинг одоб-ахлоқининг яхшилигига қараб баҳоланади. Ҳадисларининг бирида айтадиларки: “Кимни Аллоҳга ва охират кунига имони бўлса меҳмонини ҳурматласин, кимни Аллоҳга ва охират кунига имони бўлса қариндошига силаи раҳм қилсин, кимни Аллоҳга ва охират кунига имони бўлса яхши гап гапирсин ёки жим турсин”. (Имом Бухорий ривояти).

Тарбиясиз фарзанднинг оғзидан молояъний (бемаъни) сўзларни чиқишидан, ўзидан катта ёшдагиларни ҳурмат қилмаслигидан билинади. Фарзандларимизни солиҳ, ҳусни-хулқли қилиб тарбия қилайлик.

Анваржон домла Ибайдуллаев,

Олтикўл тумани  «Уйшин»

жоме масжиди имом-хатиби