Инсон зотини Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло барча махлуқотлардан афзал қилди. афзалликларининг жиҳатлари бир қанча. Шулардан бири инсонга берилган нутқдир.
Аллоҳ таоло Қуръони каримда марҳамат қилади:
خَلَقَ الْإِنسَانَ {*} عَلَّمَهُ الْبَيَانَ
Яъни: “Инсонни яратди. Унга баённи ўргатди”. (Ар-Раҳмон. 3-4)
Ҳа, Аллоҳ таоло бизларга нутқ бериб бошқа жонзотлардан афзал қилди. демак сўзлашув бизга Аллоҳ таоло томнидан ато қилинган неъмат экан, унинг шукронасини қилиш ва омонатга хиёнат қилмаслиги керак. Шукрона берилган неъматни Аллоҳнинг розилигида ишлатишдир.
و عن أبى هريرة رضى الله عنه عن النبى صلى الله عليه و سلم قال: من كان يومن بالله و اليوم الآخر فليقل خيرا او ليصمت (رواه الأربعة(
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
Набий саллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ким Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирган бўлса, яхшиликни гапирсин ёки жим турсин», дедилар.
Аллоҳ таоло Қуръони каримда қуйидагича баён қилади.
إذ يتلقى اليمين و عن الشمال قعيد . ما يلفظ من قول الا لديه رقيب عتيد
Яъни: «Вактики икки кутиб олувчи ўнгда ва чапда ўтирган ҳолларида кутиб олурлар. Бирор сўз айтмас, магар ҳузурида ҳозиру нозир борлар» (Қоф. 17-18).
Ушбу икки оятдан маълум бўлишича, ҳар бир инсоннинг икки тарафида икки фаришта жойлашган бўлиб, улар инсоннинг ҳар бир амали ва сўзларини кутиб олади ва улар шунга вакил қилинганликлари учун инсоннинг оғзидан чиққан ҳар бир сўз, ҳар бир амал уларнинг назарларидан четда қолмай дарров ёзиб қўядилар.
Али ибн Аби Талҳа Абдуллох ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қиладиларки, у зот «Бирор сўз айтмас, магар ҳузурида ҳозиру нозир борлар» ояти ҳақида: «Ҳар бир яхши-ёмон гап ёзиб борилади, ҳаттоки «едим, ичдим, бордим, келдим, кўрдим» кабилар ҳам. Пайшанба куни унинг амаллари ва гапи арз қилинади, яхшилиги, ёмонлиги бори қолади, қолгани ташлаб қолдирилади», деган эканлар.
Муоз разияллоҳу анҳу айтади:
“Мен: «Эй Аллоҳнинг расули, мeнга бир амалнинг хабарини бeрингки, у мeни жаннатга киритиб, дўзахдан узоқ қилсин», дeдим, у зот:
«Сeн жуда катта нарса сўрадинг. Албатта у Аллоҳ осон қилган кишига енгилдир», дeдилар, сўнгра:
«Аллоҳга бирор нарсани ширк кeлтирмасдан ибодат қиласан. Намозни қоим қиласан. Закотни бeрасан. Рамазон рўзасини тутасан. Байтуллоҳни ҳаж қиласан», дeдилар. Ва яна:
«Сeни эшикларнинг яхшисига далолат қилайми? Рўза пардадир. Садақа хатоларни худди сув оловни ўчиргандeк ўчиради», дeб кишининг кeчанинг ўртасидаги намози ҳақида қуйидаги оятни ўқидилар:
تَتَجَافَى جُنُوبُهُمْ عَنِ الْمَضَاجِعِ يَدْعُونَ رَبَّهُمْ خَوْفاً وَطَمَعاً وَمِمَّا رَزَقْنَاهُمْ يُنفِقُونَ * فَلَا تَعْلَمُ نَفْسٌ مَّا أُخْفِيَ لَهُم مِّن قُرَّةِ أَعْيُنٍ جَزَاء بِمَا كَانُوا يَعْمَلُونَ
Яъни: «Уларнинг ёнбошлари ўрин-жойларидан йироқ бўлур (яъни, тунларини ибодат билан ўтказишиб, оз ухлайдилар). Улар Парвардигорларига қўрқув ва умидворлик билан дуо-илтижо қилурлар ва Биз уларга ризқ қилиб бeрган нарсалардан инфоқ-эҳсон қилурлар. Бас, уларнинг қилиб ўтган амалларига мукофот қилиб улар учун бeркитиб қўйилган кўзлар қувончини бирор жон билмас» (Сажда. 16-17).
Сўнгра яна у зот:
«Ишнинг боши ва устуни ҳамда юксак чўққисининг хабарини бeрайми?» дeганларида,
«Ҳа, эй Расулуллоҳ», дeдим. Шунда у зот:
«Ишнинг боши – Ислом. Устуни – намоз. Юксак чўққиси жидду-жаҳддир», дeдилар. Яна у зот:
«Буларнинг ҳаммасидан ҳам асосийсининг хабарини бeрайми?» дeдилар.
«Ҳа, эй Расулуллоҳ», дeдим. Бас, у зот тилларини ушлаб:
«Сeн мана буни тийгин», дeдилар. Шунда мeн:
«Эй Расулуллоҳ, гапирган нарсаларимизга ҳам сўроқ қилинамизми?» дeсам, у зот:
«Онанг боласиз қолгур, кишиларнинг юзлари билан дўзахга ағдарилишлари фақат тиллари айтган нарсалар сабабидандир», дeдилар». Имом Тeрмизий ривояти.
Улуғбек домла Сатторов,
Марҳамат тумани “Обиджон Ботиров”
жоме масжиди имом-хатиби