Тарих саҳифаларидан маълумки, Умар разияллоҳу анҳу Исломнинг аввалида Расулимиз саллаллоҳу алайҳи васалламга душман бўлган. Кейин эса Расулимиз саллаллоҳу алайҳи васалламнин дуолари баракси ўлароқ Аллоҳ таоло ҳазрат Умарга ҳидоят ато этди.
Умар разияллоҳу анҳу Исломни қабул қилгач умматнинг салмоғи сезиларли кўтарилди. Бундан кейинги умри бутун башариятга ибрат бўларли даражада ахлоқ ва адолатга безанди. Натижада яратган ҳаётлик чоғидаёқ жаннат башоратини олди ва Парвадигор томонидан тақвосига яраша каромат билан сийланди.
Умар розияллоҳу анҳу жума куни Мадинада хутба ўқиётган эдилар. Бирдан хутба асносида: “Эй ибн Ҳусан қўшини! Тоғдан ҳушёр бўлинг! Тоғдан ҳушёр бўлинг! Кимки қўйни бўридан сақламас экан, зулм қилгай!” – деб юбордилар.
Одамлар бир-бирларига қарадилар, аммо халифанинг муродини тушуна олмадилар. Шунда Али каррамаллоҳу важҳаҳу:
– Бу нима деганингиз? – деб сўрадилар.
Умар розияллоҳу анҳу:
– Эшитдингми? – деди.
– Ҳа, мен ҳам, масжиддагиларнинг ҳаммаси ҳам эшитди. – деди Али розияллоҳу анҳу.
– Кўнглимга келиб қолдики, мушриклар биродарларимизга зарба бермоқчи ва устларига от бостириб келмоқчи эди. Улар тоғдан ўтишмоқда. Агар тўқнашиб қолсалар, қатл қилиб ғолиб келадилар. Тоғ орқали ўтсалар ҳалок бўладилар. Шунинг учун мендан шу сўз чиқиб кетиб қолди.
Орадан бир ой ўтиб Мадинага хабар келдики, лашкар ўша куни, ўша дамда тоғдан ўтаётиб: “Эй ибн Ҳусан қўшини! Тоғдан ҳушёр бўлинг! Тоғдан ҳушёр бўлинг!” – деган, мўминларнинг амири Умар розияллоҳу анҳунинг овозларига ўхшаш овозни эшитишибди. Шундан сўнг улар тоғни айланиб ўтишди ва фатҳга мушарраф бўлишди.
Миср фатҳ қилингач ажамлар ҳисобидаги маълум ойлардан бирининг аввалги куни келиб қолганда унинг аҳолиси Амр ибн Оснинг ҳузурига кирдилар.
– Эй амр – дедилар, – Бизнинг Нил дарёмизнинг бир одати бор, ўша қилинмаса сув оқмай қўяди.
– У нима экан? – сўради амир.
– Шу ойдан ўн бир кеча қолганда бокира қизнинг олдига бориб ота онасининг розилигини оламиз. Энг афзал кийим кечак ва зебу зийнатлар берамиз. Сўнг ўша қизни Нилга ташлаймиз.
– Исломда бу нарса асло қилинмайди! Ислом ўзидан аввалгиларни бекор қилади! – деди Амр.
Айтилган кунлар келди. Нил эса на оз, на кўп оқмас эди. Ҳатто аҳоли кўчиб кетишга ҳаракат қилиб қолдилар. Бу ҳолатни кўриб Амр ибн Ос Умар ибн Хаттобга бу ҳақда мактуб юборди. Умар ибн Хаттоб жавоб юборди: “Сен тўғри айтибсан. Ислом ўзидан аввалги хурофотларни бекор қилади”.
Мактубга илова қўшиб бу ҳақда Амр ибн Осга ёзди: “Мен сенга мактубга қўшимча илова юбордим. Ўшани Нилга ташла”.
Умар (розияллоҳу анҳу)нинг мактуби Амр ибн Ос (розияллоҳу анҳу)га етиб келди. Иловани очиб қарасалар, унда шундай ёзув бор экан:
“Аллоҳнинг бандаси, мўминларнинг амири Умар ибн Хаттобдан Мисрнинг Нил дарёсига:
Аммо баъду, аввалги одатингча оқсанг оқмай қўявер! Агар Аллоҳ сенинг оқишингни ирода қилса, Ёлғизу Қаҳҳордан сени оқизишини сўрайман”.
Амр (розияллоҳу анҳу) насронийларнинг хайитидан аввалроқ иловани дарёга ташлади. Эрталаб қарасалар, бир кечанинг ўзидаёқ Аллоҳ таоло олтмиш зироъ миқдорда сувни оқизиб қўйган экан. Шу билан Аллоҳ таоло бугунги кунга қадар Миср аҳлининг ўша қабиҳ одатларини йўқотиб ташлади.
Шаҳобиддин домла Парпиев,
Асака туман бош имом-хатиби.