ҲИЗБЧИЛАРНИНГ “ХАЛИФАЛИК” МАСАЛАСИДАГИ ХАТОЛАР
Савол:
Ҳизбут-таҳрир оқими аъзоларининг таъкидлашича, уммат ўзига ягона исломий халифа сайлаб унга байъат қилмас экан бошқа ибодатлардан наф йўқ экан. Шу масалага ойдинлик кириб берсангиз?
Жавоб:
Дарҳақиқат, мазкур оқим манбаларининг бош мавзуси халифалик масаласидир. Шунингдек, уларнинг иддаосига кўра ягона исломий халифага байъат қилмаган мусулмонга намоз, рўза каби бошқа ибодатлардан асло наф йўқдир. Ҳизб кўплаб ақидавий ва фиқҳий масалаларда хато қилгани каби мазкур халифалик масаласида ҳам носоғлом фикр юритган.
Аввало шуни яхши билиш лозимки Исломда ҳаққоний халифалик даври аллақачон ўтиб кетган. Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳаётлик чоғларидаёқ ҳаққоний халифалик даврини аниқ рақамлар билан қанча давр давом этшини олдиндан айтиб кетганлар. Ул зот бу ҳақда шундай деган:
الخلافة ثلاثون سنة ثم يكون بعد ذلك ملكا
“Халифалик ўттиз йилдир! Ундан кейин подшолик бўлади”. Имом Термизий, имом Абу Довуд, имом Аҳмад ибн Ҳанбал роҳимаҳумуллоҳлар ўз тўпламларида келтириб ўтишган.
Ҳадис Пайғамбаримизнинг рисолат мўжизаларидан бири бўлиб, унда айтилган хабар Расулуллоҳдан кейин ўттиз йил давомида ўз тасдиғини топди. Барчамизга маълумки Ислом уммати учун тўрт рошид халифа бор. Улар: Абу Бакр, Умар, Усмон ва Али розияллоҳу анҳумлардир. Шу тўрт халифанинг мусулмонлар устида раҳбарлик даври ўттиз йилга тўғри келган. Буларнинг даври ўтгач Ислом уммати орасида ҳаққоний халифалик даври тугаб Пайғамбаримиз башорат қилган подшолик даври бошланди ва то қиёматгача шундай кетади иншааллоҳ.
Энди ҳизбнинг “ҳақ халифаси бўлмаган умматнинг ибодатида наф йўқ” деган масаласига келсак, улар бу қарорига Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ушбу ҳадисини асос қилишган:
مَنْ مَاتَ بِغَيْرِ إِمَامٍ مَاتَ مِيتَةً جَاهِلِيَّةً
“Ким имом (бошлиқ)сиз ўлса жоҳилятда ўлибди”. Имом Аҳмад ривояти
Ҳизб раҳнамолари бу ҳадисга асосан халифалик масаласини Ислом арконларидан ҳам муҳим деб биринчи ўринга чиқаришда қўпол хато қилишган. Ва натижада ўзлари ҳам адашган, тобеларини ҳам залолатга бошлашган.
Аввало ҳадис мазмун жиҳатидан икки хил маънога эга:
Ҳаққоний халифа мавжуд бўла туриб унга итоатсизлик қилганлар гўё жоҳилят замонида ўлганлар каби ўлибди;
Бошида раҳнамоси, имоми, бошлиғи бўла туриб унга итоат қилмаган ўзбошимчалар гўё жоҳилятда ўлгандек ўлибди.
Биринчи маънога кўра хулоса олсак, ҳадис маълум давргагина хос бўлиб, бугунги кунда ўз кучини йўқотган ҳисобланади. Чунки юқоридаги ҳадисда айтилганидек ҳаққоний халифалик даври дастлабки ўттиз йилда ниҳоясига етган. Демак бу ҳадис хозирги кунда ишламайди. Ҳизбнинг унга суяниши ноўрин.
Иккинчи маънога кўра хулоса оладиган бўлсак, ҳадис ҳукми умумий бўлиб бугунги кунимиз учун ҳам ишлайди. Бироқ, соғлом фикр юритиб диққат қилсангиз маълум бўладики, икки эҳтимолий маънода ҳам ҳадис ҳизбнинг фойдасига эмас аксинча уларнинг зарарига ишлайди.
Биринчи маънога кўра, ҳизбнинг халифалик йўлидаги ҳаракати, ўта мантиқсизлик ва амримаҳол халифаликни қайта тиклашга беҳуда уриниш бўлиб чиқади. Оламлар билимдони Расулуллоҳ томондан аниқ вақти ва чегараси баён қилинган нрсани қайта тиклашга уриниш ё ақлсизлик, ёки Расулуллоҳга ишонмасликдир!
Иккинчи маънога кўра эса, ҳизбнинг ўзи ҳадисга очиқча терс ҳаракат қилаётган бўлиб чиқади. Ахир ўз юртбошиси, раҳнамоси, ҳокимига итоатда яшаб келаётган жамиятда мавжуд ҳукуматни ағдариб ўрнига ўзлари истаган шахсни тайинлашга уриниш мавжуд имомга итоатсизликнинг ўзи эмасми?! Ҳадисга иккинчи маъно нуқтаи назаридан ёндошсак, ҳизб аъзоларининг ўзлари жоҳилят ўлимини топувчи адашган тоифаларнинг биринчи қаторида турибдику?!
Шу ўринда қўшимча маълумот: ҳанафий мазҳабининг йирик Ҳиндистонлик олимларидан Мулла Живан ҳазратлари ўзининг ҳукм оятларига доир “ат-Тафсирот ул-аҳмадия” асарида мавзуга доир қуйидаги эслатмани бериб ўтган:
و مما ينبغي ان يعلم ان الخلافة الكاملة قد تمت علي علي رضي الله عنه بمقتضي قوله عليه السلام الخلافة بعدي ثلاثون سنة ثم يصير ملكا عضوضا. بخلاف الخلافة الناقصة لانها كانت في الخلفاء العباسية ايضا. و الامامة قد عدمت ايضا لفقدان شرطها في زماننا. إذ ادناها ان يكون الامام من اهل قريش و هو معدم الان في اكثر المواضع و لكن السلطنة و الامارة باقية و إنما يجب علينا اتباعهم في هذا الزمان بمقتضي انهم اولو الامر و اطاعتهم واجبة بهذا النص المطلق لا باعتبار انهم ائمة او خلفاء و الله اعلم بالصواب.
“Билиб қўйиш лозим бўлган маълумот шуки: том маънодаги комил халифалик (даври) Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ушбу: “Халифалик мендан сўнг ўттиз йилдир! Ундан кейин талашиб-тортишиладиган подшоликлар (даври) бўлади”, деган ҳадиси муқтазосига кўра Али розияллоҳу анҳуда тамом бўлган. Ноқис халифалик эса ундай эмас (яъни ўттиз йилдан кейин ҳам давом этган). Чунки Аббосийлар даврида ноқис бўлсада халифалик бўлган. Ҳаққоний имомат ҳам бугунги замонамизда шартлари йўқ бўлиб кетгани туфайли топилмайди. Зеро, имомат шартлари ичида энг охиргиси қурайший бўлиш. Бу ҳам хозирги даврда жуда кўп жойларда топилмайдиган шарт. Аммо лекин, салтанат ва амирлик боқийдир. Султон ва амирларимиз ишбоши эканликлари бизни уларга эргашишни тақозо этади ва бу замонда бизга шу вожибдир! Шунингдек, мана шу мутлақ тарзда келган ҳужжатга кўра (бу ерда ушбу оятга ишора қилинган: “Эй иймон келтирганлар! Аллоҳга итоат қилинг, Пайғамбарга ва ўзингиздан бўлган ишбошиларга итоат қилинг”. Нисо / 59) уларга итоат қилиш ҳам вожиб бўлади. Уларни халифа ё ҳаққоний имом деб эмас, балки ишбошиларимиз бўлгани учун итоат қиламиз ва эргашамиз. Валлоҳу аълам”. (Мулла Живан. Ат-Тафсирот ул-аҳмадия. 201-Б. Қозон. Харитонов матбааси. 1904 м).
Демак, ҳизбнинг халифалик ҳақида илгари сураётган фикрлари воқеликда содир бўлиши мумкин бўлмаган амри маҳол ҳаёлотдан бошқа нарсалар эмас. Соф аҳли сунна эътиқодини маҳкам тутаман деган шахс ҳизбнинг ҳаёлий тасаввуротларига алданмасдан соғлом фикр юритса ҳақни топади. Аҳли сунна ақидавий мазҳаби таълимотларида икки дунё саодати мақсад қилинган. Бу йўлдан четга чиқмаган мусулмонлар шу дунёда тинч-тотув, аҳил-иноқликда ҳаёт кечиради. Иншааллоҳ охиратда ҳам бахтли бўладилар. Аллоҳ барчамизни ҳақда собит қилсин!
Ботиржон домла ТОЖИБОЕВ
Андижон шаҳар “ҒИШТЛИ”
жоме масжид имом-хатиби