ҲАЁ – ЁМОНЛИК ДУШМАНИДИР

502

«Ҳаё» сўзи луғатда уятсизликнинг тескарисини англатади. Бошқача қилиб айтганда, «Ҳаё айбдан ва ёмонланишдан қўрқиб, ўзини паст олиш ва ўзгаришдир».

Уламолар ҳаёни турлича таърифлаганлар:

Журжоний: «Ҳаё нафснинг бир нарсадан тортиниши ва маломатдан ҳазир бўлиб, уни тарк қилишидир», деган.

Яна: «Ҳаё қабиҳ кимсанинг қабоҳатни тарк қилишига сабаб бўладиган ва ҳақ эгасининг ҳаққида нуқсонга йўл қўйишни ман қиладиган хулқдир», деган.

Яна у зот айтадилар: «Ҳаё неъматларни ва нуқсонларни кўришдир. Ҳаё иккисининг орасида туғилади», деган.

Абул Фидо Исмоил Ҳаравий: «Ҳаё муҳаббат ила қамралган улуғлашдан туғилади», деган.

Ҳаёнинг инсон зоти учун, унинг оиласи, ватани, қабиласи, жамияти ва бутун дунё учун фойдалари сон-саноқсиз ва ҳад-ҳисобсиздир. Қуйида ҳаёнинг фойдаларидан баъзиларини эслаб ўтамиз.

Ҳаё иймон хислатидандир.

Иймон эса ўз ўрнида Аллоҳ таоло инсон зотига берган энг улуғ неъматдир. Иймон инсонни улуғлайдиган, уни ҳайвонлик даражасидан кўтариб, фариштадан ҳам юқори бўла оладиган имконга эга қиладиган буюк неъматдир. Иймони бор банданинг ҳаёси бўлади.

Ҳаё Ислом гўзаллигидандир.

Исломининг гўзаллигига қараб кишининг бу дунё ва охиратдаги мақоми белгиланади.

Ибн Муфлиҳ Ҳанбалий: «Ҳаёнинг ҳақиқати шуки, у бир хулқ бўлиб, гўзал нарсани қилишга, ёмон нарсани тарк этишга боисдир», деган.

Уламоларимиз ҳаёни шундай таърифлайдилар:

«Ҳаё хулқи қалбнинг тириклигига қараб бўлади. Қалбнинг ҳаёти даражасига мувофиқ ҳаё ҳам бўлади. Ҳаё барча малоҳатли нарсаларни қилишга ва барча кароҳатли нарсалардан четланишга боисдир. Ҳаё нафснинг мақталган сифатларидандир. Ҳаё карамли ахлоқларнинг бошидир, иймоннинг зийнатидир, Исломнинг шиоридир. Ҳаё яхшиликнинг далилидир. Ҳаё ёмонликнинг душманидир.

Ҳаё иймондандир, чунки иймон ва ҳаё одамни яхшиликка чақиради ва ёмонликдан қайтаради».

Ҳаё динимизнинг гўзал хулқидир. Ибн Аббос (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ҳар бир диннинг ҳулқи бўлади. Исломнинг хулқи эса ҳаёдир”, дедилар (Ибн Можа ривояти).

Ҳаё барча яхши хислатларни ўзида жам қилган, гўзал фазилатларнинг асосидир. Инсон ҳаёсига қараб яхшиликлар ҳосил бўлади. Унинг заифлигига қараб ёмон иллатлар ҳосил бўлади. Ваъдага вафо қилиш, ибодатларни вақтида адо этиш, сабрли бўлиш, рост сўзлаш каби барча яхшиликларга ҳаё ундаб туради.

Унинг акси бўлган ёлғончилик, чақимчилик, ғийбат, туҳмат, ношукрлик, кибру ҳавога берилиш каби гуноҳларнинг замирида ҳаёсизлик ётади. Агар инсонда ҳаё бўлса мана шу салбий хислатлардан узоқ бўлади. Ҳаё бу ҳаёт сўзидан олинган бўлиб маъноси бир-бирига яқин. Яъни, ҳаёт, тириклик дегани, ҳаё уялиш дегани икковининг ўзаги бирдир. Бироқ маъноси айтилишига қараганда бир-бирига узоққа ўхшайди, тириклик билан ҳаёни бир-бирига қандай алоқаси бўлиши мумкин, деяётгандирсиз?! Аммо бироз тафаккур қилинса, улар ўртасидаги боғлиқликни фаҳмлаш мумкин. Ҳаё инсондаги сезги ҳиссиёт туйғуларининг қувватидан пайдо бўлиб, тирикликни билдиради. Инсондаги нозик ҳиссиёт, сезгиларнинг мажмуаси ҳаётни ташкил этади. Тирик одам сезади, ўлик одам эса ҳеч нарсани сезмайди. Чунки унинг сезги туйғулари кесилган бўлади. Бу билан унинг ҳаёти ҳам тўхтайди. Демак, ҳиссиёт, сезги, туйғу, англаш бу ҳаёт аломатидир. Ҳаё сўзи тирикликдан олинганининг маъноси шунда.
Ҳаё шундай ноёб нарса, туйғулари бор одамда бўлади. Туйғуси йўқ одам ҳаёт бўлиши мумкин, лекин ҳаёси, уяти бўлмайди, унча-мунча нарсага аҳамият бермайди, сезмайди, ҳатто, хижолат ҳам бўлмайди.

Пайғамбаримиз алайҳиссалом: “Инсонларга аввалги пайғамбарлардан етиб келган бир гап бор: “Уялмасанг билганингни қил”, деганлар (Имом Бухорий ривояти).

Ҳаёли инсон кўнглига нима келса шу нарсани қилиб кетаверишдан ўзини тияди.

Ҳазрат Навоий бундай деганлар:

Олдига келганин емок хайвоннинг иши,
Оғзига келганини демок нодоннинг иши.

Ҳайвон олдига келганини қайтармайди, ҳаёсиз инсон эса оғзига келганини қайтармайди. Эшитган гапини уйламайди, бироз таҳлил қилиб кўрмайди.
Аллоҳу Таъоло бизларни ҳаёлилардан инсофлилардан, гўзал хулқлилардан қилсин! Амийн.

“Уйшин” жоме масжиди имом хатиби Анваржон Ибайдуллаев.