Ҳар бир мусулмон бевосита Аллоҳга дуо қилиб, ўз надоматини изҳор қилиб, гуноҳидан ўтишини сўраш имконига эга. Қуръони Каримда шундай дейлган: «Ким ёмонлик қилса ёки ўзига зулм этса, сўнгра Аллоҳга истиғфор айтса, Аллоҳни мағфиратли ва раҳмли зот топади» («Нисо» сураси, 110-оят).
Аллоҳ таоло истиғфорни гуноҳларнинг заҳрини кесувчи малҳам қилди. Истиғфорнинг маъноси Аллоҳ таолодан мағфират сўраш.
Истиғфор – барча яхшиликларнинг боши, десак муболаға қилмаган бўламиз. Чунки истиғфор барча дардларга даво. У мушкулларни осон қилади, ҳожатларни раво этади. Истиғфор бандани Аллоҳга бандачилигини изҳор қилгувчи ибодат сифатида гавдаланади. Истиғфор банданинг ожиз эканлигини, Роббил оламинга ниҳоятда муҳтож эканлигини англатади.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ўзлари, гуноҳлардан мутлақо холи зот бир кунда 100 маротаба тавба қилиб, Аллоҳга истиғфор айтишларини ўзлари бизларга ҳадиси шарифларида баёнини берганлар. Шундоқ экан барчамиз истиғфорга муҳтожмиз.
Истиғфорнинг ўзи нима? У – тавба дегани. Тавба эса бандани Аллоҳга қайтиши дегани. Бир гуноҳдан, ёмон ишдан, ёвузликдан қўлини тортиш, тийилиш ва иккинчи бор бу ишга қайтмаслик деганидир.
Истиғфор нафақат инсоннинг бу дунёдаги ҳаётини, балки охират диёридаги ҳаётини ҳам сақлайдиган, унинг хафсизлигининг кафолатидир. Зеро, Аллоҳ таоло Қуръони каримда:
“Уларнинг ичида Сиз бўла туриб, Аллоҳ уларни азобловчи эмас. Улар истиғфор айтиб (кечирим сўраб) турган ҳолларида ҳам Аллоҳ уларни азобловчи эмас”. (Анфол сураси, 33-оят).
Ибн Аббос розияллоҳу анҳу ушбу оятнинг тафсири борасида қуйидагиларни айтадилар: “Мусулмонларни орасида иккита омонлик кафолати бор:

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ва истиғфор. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам вафот этдилар. Истиғфор эса, мусулмонлар хавфсизлигининг кафолати сифатида қиёматгача боқийдир”.
Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади: “Кимда-ким кўп истиғфор айтса, Аллоҳ ўша (банда) учун ҳар қандай ғам-ташвишдан қутулиш, тангликдан чиқиш йўлини (пайдо) қилади, уни ўзи ўйламаган томондан ризқлантиради” (Абу Довуд, Аҳмад, Табароний, Ҳоким ривоят қилган ).
Ҳар бир банда истиғфор айтишга муҳтож. Чунки унинг айблари, нуқсон-камчиликлари кўп.
Тирикчилик масаласида қандайдир муаммога дуч келганда ҳам истиғфор айтилади. Жаъфар Содиқ шундай деган экан: “Кимнинг ризқи (келиши) кечикса, истиғфор айтишни кўпайтирсин ”.
Ойлик маоши кечикаётган, савдосидан барака кўтарилган одам истиғфор айтса, ишлари юришиб кетади. Аллоҳ кўп истиғфор айтган бандани хаёлига келмаган томондан ризқлантиради.
Қарзга ботган ёки бировга қарз бериб, пулини ололмай юрган одам ҳам истиғфор билан муродига етади.
Агар оилада нотинчлик бўлса, эр-хотин ўртасида келишмовчилик чиқса ёки фарзандлар итоатсизлик қилиб, катталар гапини икки қилса, истиғфор айтилади.
Баъзида инсоннинг моддий ҳолати яхши бўлсаям негадир қалби безовта бўлаверади, пули бор, ошна-оғайнилари, таниш-билишлари бисёр, негадир қалби нотинч. Мана шундай пайтда ҳам истиғфор айтилса, кўнгилдаги ғашлик арийди.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади: “Бир кишининг жаннатдаги мартабаси кўтарилади. Шунда у: “Бунинг боиси нима?” деб сўрайди. Унга: “Фарзандинг айтган истиғфор сабабидан (шундай мақомга эришдинг)”, дейилади” (Ибн Можа, Аҳмад, Табароний ривоят қилган.
Бизда бирон одам вафот этса, эл-юртга ош бериш урф бўлган. Муҳтож кишиларни чақириб таом берилса, муносиб одамларга хайр-эҳсон қилинса, яхши албатта.
Аммо, эҳсондан ташқари ўтганлар ҳақига истиғфор айтилса, беш вақт намоздан кейин дуо қилинса, фойдаси кўпроқ бўлади. Чунки, элга ёзилган дастурхон атрофида марҳум бир-икки марта эсланади. Намозлардан кейин ота-онаси, мўмин-мусулмон аждодлари ҳақига дуо қилса, истиғфор айтса, унинг савоби тўхтовсиз бориб туради.
Ҳасан Басрий раҳматуллоҳи алайҳ айтади: «Уйларингизда, дастурхон устида, йўлларингизда, бозорларингизда ва мажлисларингизда истиғфорни кўпайтиринглар, чунки сизлар қачон мағфират тушишини билмайсизлар.
Азизлар, истиғфоримизда ўзимизни, шахсиятимизни эмас, балки бутун дунё мўмин-мусулмонларини ёдга олайлик. Уларнинг ҳақларига дуо қилайлик. Токи бизда бўлган тинчлик, эмин-эркинлик ва хотиржамлик уларда ҳам бўлсин.
Муборак Ислом динимиз кишиларни тинчликни асраш ва барқарорликни таъминлаш йўлида имон, инсоф, адолат, ҳамжиҳатлик ва бирдамлик билан ҳаракат қилишга, фитна ва ўзаро адоватга барҳам беришга чақиради.
Аллоҳ таоло барчамизга тинчлик ва хотиржамликнинг қадрига етиб, унинг шукрини адо қилишимизни насиб қилсин, тинчлигимизни бардавом қилсин, осойишталигимизни ҳамиша барқарор айласин, осмонимизни мусаффо этсин!

Жонажон Юртимиз равнақига кечасию кундузи жон куюктириб ҳизмат қилаётган Юртбошимиз ва барча диний ва дунёвий раҳбарларимизни қилаётган хайрли ишларида Аллоҳ таоло Ўзи ёрдамчи бўлишини сўраб дуо қилиб қоламиз…
Манбалар асосида Хўжаобод туман “Етти чинор” жоме масжиди имом ноиби Мухаммадкуддус Абдулманнон тайёрлади.