Бир ой давомида юртимиз масжидларида Рамазон таровати мўминлар қалбидаги имонга қувват бахш этди. Қуръон хатмларига ташна бўлган қалблар икки йиллик ҳижрондан сўнг қорилар қироатидан завқу-шавққа лиммо-лим бўлди.
Юртимиз тинчлиги, халқимизнинг турмуш фаровонлиги, фермер хўжалик ва томорқаларда етиштирилаётган деҳқончиликлар ҳақида, муҳтарам Президентимиз бошчилигидаги катта кичик раҳбарият ва Ватанимизнинг янада осудалиги йўлида кечаю кундуз бедор бўлиб жонбозлик қилаётган тинчлик посбонларимиз ҳақларига кўплаб дуолар қилинди. Таровеҳ намозлари мўминларга хос гўзал тарзда адо этилди.
Энди олдимизда мусулмонларнинг улуғ байрами – Рамазон ҳайити қалам ташламоқда. Хатмоналар қандай гўзал ҳолатда ўтган бўлса, ҳайит байрамини ҳам шундай чиройли тарзда адо қилишимиз учун ҳайит намози одобларига риоя қилишимиз керак бўлади.
Одобларни шундай баён қилганлар:
Биринчи одоб: яхши ният қилиш
Мусулмон киши барча ишларида бўлгани сингари ҳайит байрамларида бажарадиган барча ишларини ҳам яхши ниятлар билан адо этиши лозим.
Иккинчи одоб: Ғусл қилиш
Учинчи одоб: Хушбўйланиш
Тўртинчи одоб: Яхши кийимлар кийиш
Ҳайит кунида имкони бор киши янги кийим кийиши мустаҳаб бўлади. Чунки бу иш Аллоҳ таолонинг бандасига берган неъматларини изҳор этиш, шоду-хуррамлигини намоён қилиш бўлади. Улуғ зотларнинг ҳайит байрамларида энг яхши кийимларини кийганлари маълум ва машҳурдир.
Бешинчи одоб: Рамазон ҳайитида намоздан олдин “садақаи фитр”ни адо этиш
“Садақаи фитр” рўзадан чиқиш муносабати билан бериладиган садақа ҳисобланади. Бу молиявий ибодат шариатимизда рўзадорнинг рўзаси комил бўлишига халал берадиган турли беҳуда гап-сўз ва ҳатти-ҳаракатлардан поклаш ва мискинларга таом бўлиш маъносида жорий қилинган.
Ҳанафий мазҳабига кўра “ийду фитр” куни тонги отиши билан “садақаи фитр”ни бериш вожиб бўлади. Аммо ундан олдин Рамазоннинг аввалги кунларида бериш ҳам жоиз ҳисобланади.
“Садақаи фитр”ни бериш туфайли камбағалларнинг хонадонларига ҳам хурсандчилик улашилган бўлади.
Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам фитр садақасини инсонлар намозга чиқишларидан олдин адо этилишига амр қилганлар”. Муслим ривоят қилган.
Олтинчи одоб: Рамазон ҳайитида намозга чиқишдан олдин бир нечта хурмо еб олиш
Рамазон ҳайити байрамида намозгоҳга чиқиш олдидан бирор шаринлик тановул қилиш суннат ҳисобланади.
Еттинчи одоб: Қурбон ҳайитида қурбонлик қилишдан олдин ҳеч нарса емаслик
Саккизинчи одоб: Ҳайит намозига эрта бориш
Барро розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг хутба қилаётиб шундай деганларини эшитганман:
“Албатта ушбу кунимизда аввал бошлайдиган нарсамиз намоз ўқишимиздир, сўнгра қайтиб қурбонлик қилишимиздир, кимки шундай қилган бўлса, албатта бизнинг суннатимизни топибди”. Бухорий ривоят қилган.
Тўққизинчи одоб: Масжидга пиёда юриб бориш
Ҳайит куни агар касаллик, узоқлик ва қору-ёмғир сингари бирор узр бўлмаса намозгоҳга пиёда юриб бориш суннат ҳисобланади. Бизнинг ҳанафия мазҳабимизда аёлларнинг ҳайит намозларига чиқишлари макруҳ саналади.
Ўнинчи одоб: Масжидга боргунича овозини чиқариб таҳлил ва такбир айтиб бориш
Ҳайит намозини ўқиш учун уйдан чиқилган пайтдан то намозгоҳга етиб боргунча “Ла илаҳа иллаллоҳ” ва “Аллоҳу акбар” ларни айтиб бориш ҳам суннат ҳисобланади.
Ўн биринчи одоб: Ҳайит намозидан олдин бошқа бирор нафл намоз ўқимаслик
Ўн иккинчи одоб: Бир-бирлари билан кўришиб, ҳайит билан муборакбод этиш
Ўн учинчи одоб: Масжиддан уйига қайтишда бошқа йўлдан қайтиш
Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон ийд куни бўлса йўлни фарқли қилардилар”. Бухорий ривояти.
Ўн тўртинчи одоб: Қавму қариндошларни зиёрат қилиш
Ўн бешинчи одоб: Қўни-қўшниларни байрам билан табриклаш
Ўн олтинчи одоб: Ёш болаларни хурсанд қилиш
Ҳайит байрамида ёш болаларни хурсанд қилишга, бу куннинг бошқа кунлардан фарқли мусулмонларнинг байрами эканини англатишга ҳам алоҳида эътибор қаратиш лозим.
Ўн еттинчи одоб: Турли исрофгарчиликлардан тийилиш.
Одоб мусулмоннинг зийнати экан байрамда ўша зийнат яна-да зиёда бўлишини насиб этсин.
Улуғбек қори Йўлдошев.
Асака тумани “Холид ибн Валид”
жоме масжиди ходими
Фойдаланилган манба: fitrat.uz