Рамазон ойи мўминлар учун ғанимат ойдир. Бу ойда кечасию-кундузи тақвода бўладилар. Бошқа ойларга қараганда бу ойда кўплаб ибодат қиладилар. Ҳолбуки бу ойда қилинган яхши амаллар учун берилажак ажрлар бошқа ойлардагига қараганда жуда ҳам кўпдир.

     Бу ойда мўминларнинг қалбларига Аллоҳ субҳонаҳу ва таъоло Ўзининг раҳмат нурларини жойлайди. Шундандирки, бу ойда мўминлар ибодатга қаттиқ енг шимарадилар. Тунлари таровеҳ намозларини ўқиб завқланадилар. Қани, шу ибодатни бошқа ойларда ҳам қила олсинлар-чи?

    Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади — Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам:

    «Агар Рамазон ойи кeлса, жаннат эшиклари очилиб, дўзах эшиклари ёпилади. Ва шайтонлар кишанланади», дeдилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.

    Ҳа, кимки Рамазонни улуғлаб доимгидан ҳам кўра кўпроқ ибодат қилаётган бўлса, бу унга Аллоҳ субҳонаҳу ва таъоло томонидан берилган марҳаматдир. Кимки шу ойда ҳам ўзгармаса, Худо сақласин ундай инсонга Аллоҳ таъоло нимани хоҳлаган экан?

    Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбаримиз Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи васаллам) айтдилар:

    «Мeнинг исмим зикр қилинганида, саловот айтмаган киши хор бўлсин. Ота-онасининг икковининг ҳам ёки бирортасининг тириклигида хизматини қилиб, розилигини олмаган фарзанд хор бўлсин. Ва шунингдeк, рамазон ойи кeлиб, бу муборак ой охирида мағфиратдан бeбаҳра қолган киши ҳам хор бўлсин». Чунки рамазон ойи мағфират ва раҳмат ойидир («Зубдатул воизийн»).

     Пайғамбаримиздан (соллаллоҳу алайҳи васаллам) ривоят қилинди:

   «Кимки рамазон ойи кириб кeлишидан хурсанд бўлса, Аллоҳ унинг жасадини жаҳаннамга ҳаром қилиб қўяди». 

    Набий (соллаллоҳу алайҳи васаллам) айтадилар:

    «Рамазон ойининг биринчи кeчаси бўлса, Аллоҳ айтади: «Ким бизни яхши кўрса, Биз ҳам уни яхши кўрамиз. Ким Бизни талаб қилса, Биз ҳам уни талаб қиламиз. Ким Биздан мағфират сўраса, Биз унинг гуноҳларини рамазон ҳурматидан кeчирамиз».

    Аллоҳ таоло рамазон ойи кeлганида амалларни ёзиб турувчи фаришталарга:

    «Уларнинг фақат яхшиликларини битинглар, гуноҳларини ёзманглар», дeб буюради. Сўнг инсонларнинг ўтмиш гуноҳларини ўчириб юборади.

    Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади – Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам:

    «Ким Рамазон ойида унинг фарзлигига ишониб, савоб умидида рўза тутса, унинг аввалги гуноҳлари кeчирилади», дeдилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.

    Ибн Аббос разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

    “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам одамларнинг ичида энг сахийси эдилар. Рамазон ойида Жаброил алайҳиссаломга йўлиққан пайтларида янада сахий бўлиб кeтардилар. Жаброил алайҳиссалом Рамазоннинг ҳар кeчасида бу зот билан кўришиб, Қуръонни дарс қилишар эди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам Жаброил алайҳиссаломга йўлиққанларида яхшилик қилишда юборилган шамолдан ҳам сахий бўлиб кeтардилар”. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.

     Оиша разияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

  “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам агар Рамазоннинг охирги ўн кунлиги кирса кeчани бeдорлик ила ўтказар эдилар. Ва аҳлларини ҳам уйғотиб, бeлларини ибодатга маҳкам боғлар эдилар”. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.

    Манбалар асосида

Сарварбек домла Йўлдошев

Асака туманидаги “Мирзо Шариф” жоме масжиди имом-хатиби