Юртбошимиз ташвиши – юрт ташвиши эмасми?

499

Ватан – инсоннинг қалбига маҳкам ўрнашган гўзал туйғу. Ватан туйғуси нафақат инсонда, балки тилсиз жонворларда ҳам бор. Ҳатто йиртқич ҳайқонлар ҳам ўз ҳудудига риоя қилишини ўқимаганмисиз? Йиртқич ҳайвонлардаки шунчалар Ватан ҳисси бўлса, инсонда бу туйғу жондан азиз бўлиши авло эмасми?
Бу мўътабар туйғу инсоннинг қалбида гўдаклик чоғидаёқ куртак очади. Ўша куртакни гўзал суратда тарбия қилиш кўп томондан муҳитга боғлиқ. Шунинг учун ҳам кимлардир кимларнингдир таъсирида ўз юртига хиёнат қилади. Аслида уларда ҳам Ватан муҳаббати бор, бироқ қилаётган хиёнатларини, хунрезликларини ўзларича Ватан олдидаги бурчимни оқлаяпман деган гумонда бўладилар.
Мана, муаммо қаерда? Муҳаббатни нотўғри талқин қилиш ва энг муҳими қилмишларининг асли на динга, на инсонийликка тўғри келмаслигини билмаганликларида. Яна ҳам муҳимроғи – бузуқ ғояларнинг уруғлари уларнинг қалбига сочилганда биз ғафлатда қолганлигимиз.
Инсон қалби доимо бирор фалсафий туйғуга муҳтож бўлар экан, бу қалбни ўз вақтида инсоний туйғулар билан суғориш лозим. Инсоннинг қалбида илоҳий кучга майл бўлмай қолмайди, шундай экан, бу қалбларни ўз вақтида Аллоҳнинг ваҳдонияти билан таништириш керак. Инсон қалби модомики ҳаётда пировард мақсад дастурига муҳтож экан, бу қалбга ўз вақтида соф исломий тушунчаларни етказиб бериш керак.
Унутмаслигимиз керакки, бу эҳтиёжлар, айниқса мурғак қалбда юқори бўлади, муолажа ҳам айнан ўша пайтда юқори самара беради. Акс ҳолда кеч бўлади, кеч…
Муҳтарам Президентимиз Ш. Мирзиёев ўз нутқида айнан шу масалани ўртага ташлади. Ҳар бир адашган фарзанд учун ҳар биримиз жавобгар эканлигимизни таъкидлаб шундай деди:
“Бугун қанча ёшлар сохта алдовларга учиб, ўз умрини хазон қилаётганини ўйлаб, тўғриси, тунлари ухламасдан чиқаман. Ўзингиз айтинг, азиз биродарлар, бу аччиқ ҳақиқат юрагимизга ханжар бўлиб санчилиши керак эмасми? Ахир, кечагина шу ёшлар, ўзимизнинг қоракўзлар, биримизнинг маҳалладошимиз, биримизнинг ўғлимиз, биримизнинг қизимиз ёки жиянимиз эди-ку! Улар қачон адашди, қачон нотўғри йўлга кириб кетди? Биз нега ғафлатда қолдик? Қачон, қаерда хатога йўл қўйдик? Фарзандларимиз қачон бегоналарнинг қўлига ўтиб кетди? Нима жин урдию улар ўз ота-онаси, ўз юртининг душманига айланиб қолди? Бугун бу мудҳиш бало-қазонинг олдини олмасак, бор кучимизни шунга сафарбар этмасак, эртага кеч бўлади. Юртимизда яшаётган, оиласини, фарзандларининг эртанги кунини ўйлайдиган ҳеч бир инсон, дин арбоблари, жамоатчилик вакиллари бу ҳаёт-мамот масаласидан четда турмаслиги керак”. (Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг “Ижтимоий барқарорликни таъминлаш, муқаддас динимизнинг софлигини асраш – давр талаби” мавзусидаги анжуманда сўзлаган нутқидан)
Муҳтарам Юртбошимиз ўзлари ташаббус кўрсатиб ёшларга тўғри диний тушунчалар беришини таклиф қилиб турганда дин арбобларининг лоқайд бўлишга ҳаққи борми?

Улуғбек Йўлдошев

Асака тумани

“Холид ибн Валид”

жоме масжиди ходими