Мусулмон олами учун улуғ кунлар бошланди. Яъни Зулҳижжа ойининг аввалги ўн кунлиги барча кунлардан улуғроқдир. Бу кунларда мусулмонлар нафл рўза тутадилар.

Ибн Аббос разияллоҳу анҳу Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилади:

“Аллоҳ Одам алайҳис саломнинг гуноҳларини кечирган кун Зулҳижжанинг аввалги кунидир. Ким шу кунда рўза тутса, Аллоҳ унинг барча гуноҳини мағфират қилур.

Иккинчи кунида Аллоҳ Юнус алайҳис саломнинг дуосини ижобат қилиб, балиқнинг қорнидан чиқарган. Ким бу кунда рўза тутса, гўё кўз очиб юмгунчалик лаҳза ҳам Аллоҳга осийлик қилмасдан ибодат қилган каби бўлур.

Учинчи кунида Аллоҳ Закарийё алайҳис саломнинг дуосини ижобат  қилган. Ким бу кунда рўза тутса, Аллоҳ унинг дуоларини ижобат қилур.

Туртинчи кунида Исо алайҳис салом туғилган. Ким бу кунда рўза тутса, Аллоҳ ундан ташвиш ва фақирликни кетказур ва у  банда қиёмат кунида мукаррам фаришталар зумрасида бўлур.

Бешинчи кунда Мусо алайҳис салом туғилган. Ким бу кунда рўза тутса, нифоқдан узоқ бўлур ва қабр азобидан омонда бўлур.

Олтинчи кунида пайғамбари (Муҳаммад мустафо саллаллоҳу алайҳи васаллам) га Хайбарни фатҳ қилиб берди. Ким бу кунда рўза тутса, Аллоҳ унга Ўз раҳмати ила назар қилур шундан сўнг абадул абад азобламас.

Еттинчи кунида жаҳаннамнинг дарвозалари беркилур ва токи ўнинчи кун келмагунча очилмас. Ким бу кунда рўза тутса, унга машаққатнинг ўттиз дарвозаси беркилур ва енгилликнинг ўттиз дарозаси очилур.

Саккизинчи куни ”тарвия куни” деб номланур. Ким бу кунда рўза тутса, унга шунча ажр берилурки, унинг ҳисобини Аллоҳдан бошқаси билмас.

Тўққизинчи куни арафа кунидир. Ким бу кунда рўза тутса, аввалги ва кейинги йили учун каффорат бўлур”.

Мусулмонлар учун энг улуғ байрам – Қурбон ҳайити ҳам айнан шу ойдадир.

Пандемия шароитида карантин қоидаларига риоя қилган ҳолда бу йилги Қурбон ҳайити намози ўқиш учун шароит йўқлиги ҳақида Ўзбекистон мусулмонлари идораси Уламолар Кенгашининг Қурбон ҳайитини нишонлаш тўғрисидаги баёноти эълон қилинди. Шунга кўра:

“2020 йилги Қурбон ҳайити (Ийдул адҳо) намозини пандемия даврида жамоат бўлиб ўқиш имконияти мавжуд эмаслиги, мўмин-мусулмонларнинг зиммасидан ушбу ибодатни соқит қилади.

Уламолар Кенгашининг коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олиш бўйича фатвосида қайд этилганидек, эпидемиологик вазиятни инобатга олган ҳолдаги хулосалари айни Қурбон ҳайити намозига ҳам тегишлидир.

Бундай вазиятда оят, ҳадис ва шаръий қоидаларда кўрсатилган тавсияларга амал қилишга буюрилади. Шариат инсонга зарар етиш эҳтимоли кучайган пайтда ибодатларни енгил тарзда бажаришга рухсат беради ёки бутунлай зиммадан соқит қилади. Ийд намози вожиб амал бўлгани боис бугунгидай узрли ҳолатларда ҳайит намозини адо этиш соқит бўлади”.

Ислом дини мукаммал диндир. Унда қиёматга қадар келадиган авлод учун ҳар қандай шароит эътиборга олинган. Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло бандаларга бундай вазиятларда енгиллик ато қилган экан, уни биз имон тақозоси билан қабул қиламиз.

Шуни ҳам унутмаслигимиз керакки, агарчи ҳайит намози ўқилмаса-да, ҳайит кунининг ва Зулҳижа ойининг фазилати бардавомдир. Демак биз – мусулмонлар яхшиликда, саховатда ва меҳр-оқибатда бардавом бўлажакмиз.

Кириб келаётган Қурбон ҳайити барчамизга муборак бўлсин!

Умаралиев Ҳасанбой. Марҳамат туманидаги “Ҳакимхўжа эшонбува” жоме масжиди имом-хатиби