Яхшилик қилишга шошилайли

Муборак Ислом дини сизу-бизни улуғ амаллардан бири бўлмиш, яхшилик қилишга буюрган. Динимизда яхшилик қилишнинг фазилати жуда улуғ ҳисобланади. Айниқса, ҳозирги синовли кунларда мухтожларга, фақирларга, қийналганларга яхшилик қилиш айни савобли амалдир.

Мусулмон киши Аллоҳга ибодат қилиш, инсонларга яхшилик қилишлик уни икки дунё саодатига олиб келишини яхши англайди. Унга омонат қилиб берилган ягона фурсати бўлмиш дунё ҳаётида, ҳам дунёсини, ҳам охиратини обод қилади. Ҳаж сурасининг 77-оятида Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади:

“Эй, иймон келтирганлар! Рукуъ қилинглар, сажда қилинглар ва Роббингизга ибодат қилинглар ҳамда яхшилик қилинглар – шоядки, нажот топсангиз!”

Мусулмон киши ушбу ояти карима мазмунидан келиб чиқиб намоз ўқиб, Роббисига ибодат қилиб, ўзгаларга яхшилик қилишга астойдил ҳаракат қилади. Чунки, у яхшилик йўлида қўйилган ҳар-бир қадам учун Аллоҳдан улуғ ажрлар бўлишига қатъий ишонади.

Инсониятни жоҳилият залолатидан Ислом нури сари юзланишга сабаб бўлган улуғ зот Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилиб айтганлар: «Қуёш балқиган ҳар бир кунда икки киши ўртасини адолат билан ислоҳ этишинг – эҳсондир.

Бир кишини уловига минишида ёрдам беришинг ва юкини уловига кўтариб юклаб беришинг эҳсондир. Бир кишига табассум билан яхши сўз айтишинг — эҳсондир. Намоз сари босган ҳар бир қадаминг баробарида сен учун эҳсон бор, одамларга азият берадиган нарсани йўлдан бартараф этишинг ҳам сенга эҳсондир».

Инсонлар хизматида бўлиш, уларга имкон қадар ёрдам қўлини чўзиш ва хожатларини равон қилишда доимо саъй-ҳаракатда бўлиш — улкан саодат.

Дунёда савобга, яхшиликка олиб борадиган ишлар жуда кўп. Жумладан, ота-онасига яхшилик қилиш, қўни-қўшнисига, ака-укасига, қавму-қариндошларига, маҳалла-кўйдаги ёрдамга муҳтожларга, қаровсизларга кўмак бериш сингари хайрли ишларни ўз бурчи, деб қабул қилиш юксак инсоний фазилатлардир.

Онгли мусулмон тасаввурида инсоннинг барча амаллари, модомики ниятида Аллоҳ таоло розилигини топиш бўлса, шубҳасиз ибодат бўлади.

Шунинг учун ҳам мусулмон кишига яхшилик эшиклари доимо очиқ, у Аллоҳнинг кенг раҳмати, беқиёс савоблари ва раҳмати соясида бу эшиклардан хоҳлаган вақтида кираверади.

Абу Мусо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси муборакда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилиб айтдилар:»Ҳар бир мусулмон киши садақа-эҳсон қилмоғи лозим. Саҳобайи киром савол қилиб сўрашди: Эй Аллоҳнинг Расули! Агар садақа қилишга бирор нарса топа олмаса нима қилади? Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: Қўли билан меҳнат қилади, ўзига ҳам фойда келтиради ва садақа ҳам қилади. Улар сўрашди: Эй Аллоҳнинг Расули! Агар бунга қодир бўлмаса, нечора қилади? Ул зоти шариф дедилар: Қийналган, муҳтож кишига ёрдам қилади. Асҳоблар савол қилишди: Эй Расулуллоҳ! Агар буни ҳам қила олмаса нима қилади? Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам жавоб бериб айтдилар: «Яхшиликка ёки хайриятга йўллайди». Саҳобалар сўрашди: Буни ҳам қила олмаса-чи,? Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилиб айтдилар: «Ўзини ёмонликдан тияди, шу нарса ундан садақа бўлади».

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам муборак ҳадисларини (Ҳар бир мусулмон кишиси садақа-эҳсон қилмоғи лозим, деган сўз билан бошладилар, сўнгра турли хайрли, маъруф ва яхшиликларни санаб ўтдилар. Мусулмон киши бу амалларни қилиши орқали улуғ савобларга эришиши мумкин. Демак, мусулмон киши садақа-эҳсон қилмоғи, яъни ўзи яшаётган жамият фаровонлиги ва саодати йўлида хайрли амалларни адо этмоғи лозим. Агар бундан ожиз бўлса ёки бирор-бир сабаб юзасидан қила олмаса, у вақтда тили ва қўл-оёқларини ёмонликдан тийса, шубҳасиз ажру-савобга сазовор бўлар экан.

Мусулмон кишининг барча саъю ҳаракатлари инсон манфаати хизматида бўлиш зарур. Зеро, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилиб айтдилар:»Ҳақиқий мусулмон бу — мусулмонлар унинг тили ва қўлидан омонда бўлишликларидир».

Дарҳақиқат, мусулмон киши жамият учун фақат яхшиликни раво кўрмоғи, ёмонликлардан тийилмоғи ва бошқаларга азият беришдан узоқда бўлмоғи керак. Ҳақиқий мусулмон яхши амалларни қилишда бардавом бўлади, у ҳар вақт Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ушбу ҳадисларига амал қилиб бормоғи лозимдир:

«Сизлардан ҳеч бирингиз ўзига яхши кўрган нарсани, биродарига ҳам раво кўрмагунига қадар чин имонли бўлмайди».

Демак, мусулмон киши ўзига севимли бўлган нарсани бошқа биродарларига ҳам бўлишини яхши кўриши, яъни уларга фойда келтириш ва улардан ҳар қандай зарарни даф қилиши лозимдир.Эзгуликни фақат моддий кўмак бериш ёхуд бирор жисмоний ёрдам кўрсатиш деб тушуниш бирёқлама тасаввур бўлиб қолади.

Зеро, яхшиликнинг чегараси йўқ. Меҳрга, мурувватга муштоқ кўнгилларни зиёрат этиш ҳам — бир яхшиликдир.

Азизлар бир биримизга яхшилик қилишга шошилайлик, зеро, яхшиликнинг мукофоти фақат яхшилик – Жаннатдир.

Аллоҳ таоло барчаларимизни ихлос муҳаббат билан қилаётган яхшиликларимиз сабаб оқибатларимизни хайрли қилсин, кетар чоғимизда иймонимизни ўзимизга ҳамроҳ айласин.  

Устиимздаги бу улкан синовдан (касалликдан) барчаларимиз гўзал сабр, ибрат ва бардавом дуолар билан, сўнгида савоб, ажр ва мукофот билан чиқмоқликни насиб қилсин. 

Юртимиз тинч, осмонимиз мусаффо барчамиз самимият билан истиқомат қилмоқдамиз алҳамдулиллаҳ, Аллох таоло бу неъматини бизларга бардавом қилсин.

Биз фуқароларга кечасию кундузи жон куюктириб ҳизмат қилаётган Юртбошимиз ва барча диний ва дунёвий раҳбарларимизни қилаётган хайрли ишларида Аллоҳ таоло Ўзи ёрдамчи бўлишини сўраб дуо қилиб қоламиз…

 

Манбалар асосида Хўжаобод туман  “Етти чинор” жоме масжиди имом ноиби Мухаммадкуддус Абдулманнон тайёрлади.