Ватан

555

Ватан атамаси аслида арабча сўз бўлиб, “туғилган жой, она юрт” маъноларини англатади. Бир халқ вакиллари жамул-жам яшаб турган, уларнинг аждодлари азалдан истиқомат қилган ҳудуд назарда тутилса, бу кенг маънодаги тушунчадир. Киши туғилиб ўсган уй, маҳалла, қишлоқ назарда тутилса бу тор маънодаги тушунчадир.
Ватан – инсоннинг туғилган, киндик қони тўкилган жойдир, болалик, ёшлик даври ўтадиган, таълим-тарбия топадиган жойдир, сафар қилса, мудом қўмсайдиган жойдир. Ватанни севиш, унинг равнақи йўлида хизмат қилиш, уни ёмон кўздан, қора кучлардан ҳимоя қилиш, унинг шаънини юқори кўтариш – буларнинг барчаси Аллоҳ субҳанаҳу ва таолога бўлган муҳаббатимизнинг, У Зотнинг ҳабиби, Расули Муҳамамд соллаллоҳу алайҳи васалламга бўлган муҳаббатимизнинг маҳсулидир. Зеро, Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло бу туйғуни инсоннинг фитратига қўшиб яратган. Бу туйғу нафақат инсонда, балки бошқа махлуқотларда ҳам бор.
Кишининг қалбидаги имони ҳам Ватанни севишни тақозо қилади. Муҳтарам Президентимиз шундай деган:
“Мусулмончилик ҳар биримизнинг юрагимизда, виждонимизда бўлиши лозим. Инсон имонэътиқодли бўлса, юртига содиқ бўлиб хизмат қилса, у ҳақиқий ватанпарвар бўлади”. (“Ижтимоий барқарорликни таъминлаш, муқаддас динимизнинг софлигини асраш – давр талаби” мавзусидаги анжуманда сўзлаган нутқидан)
Ватанни яхши кўриш, ватанни қўмсаш туйғуси жониворларда ҳам бор. Балиқ сувга, ҳайвон ўзининг инига, ҳашарот уясига интилади. Ўша ақли йўқ жониворлар ҳам, ҳашаротлар ҳам ўзининг уйини танийди, уни қуради, унда жуфти билан яшаб, наслини давом эттиради, зарур пайтда уни ҳимоя қилади. Шундай экан, ақлу заковат, тафаккур ато этилган, борлиқдаги мавжудотларнинг гултожи бўлган инсонда эса бу туйғу юксак даражада ривожланган бўлиши лозим.
Донолар айтадилар: Инсоннинг инсонийлиги ўз халқига бўлган садоқати, она Ватанни ҳимоя қилиши, Ватанининг тараққий топиб, ҳар томонлама мустахкам ва кудратли бўлишига имкон даражада ҳисса қўшиши билан ўлчанади. Ватан ҳимояси барчамизнинг муқаддас бурчимиз! Албатта, ҳар бир давлатнинг мустақиллиги, хавфсизлиги, чегара худудларининг дахлсизлиги ва осойишталигини, аввало унинг Қуролли Кучлари ҳимоя қилади.
Ватанни ҳимоя қилиш нақадар улуғ савоб ҳисобланса, унга хиёнат қилиш, қурол билан бостириб кириш шу қадар катта гуноҳ, энг олий жазога лойиқ жиноят ҳисобланади.
Ҳар бир инсон ўз ватани, оиласи ва халқини кўз қорачиғидек асраб-авайлаши лозим. Аксинча, ватанига хиёнат қилиш, ота-онаси, фарзандлари ва халқининг қадрига етмаслик, уларни ўйламаслик ёки уларга қарши қурол кўтариш исломдаги энг оғир гуноҳ ва жиноятдир. Бу нарса инсонийлик мезонига ҳам тўғри келмайди. Зеро, инсон ўз Ватанининг равнақи учун фидойилик кўрсатиши, бу йўлда керак бўлса, жонини ҳам бериши лозим бўлади.
Табиийки, инсон фарзанди қаерда, қайси мамлакатда дунёга келса, ана шу ер унинг она-Ватанига айланиб қолади. Киндик қони тўкилган жой инсон учун ҳамма нарсадан ҳам қимматли даргоҳдир. Расули Акрам (саллоллоҳу алайҳи ва саллам) Мадинаи мунавварага ҳижрат қилиб кетаётганларида туғилиб ўсган ватанлари Маккаи мукаррамага юзланиб туриб: “Агар қавмим мени Маккадан чиқиб кетишга мажбур қилмаганида, ҳеч ҳам ўз ихтиёрим билан уни ташлаб кетмаган бўлур эдим”,-деганлари сийрати набавия китобларида баён этилган.

Шаҳобиддин Парпиев. Асака туман бош имом хатиби