Ватан учун жон фидо қилганлар

1111

Дарҳақиқат, Яқин ўтмишга назар  солсак  Улуғ  Ватан уруши йиллари жуда  кўп инсонлар бизнинг Ўзбекистондан ҳам  Ватан  ҳимояси  учун жонларини тикиб жанг қилганлар. Улуғ  Ватан  Уруши йиллари Ислом  динидаги мусулмонларга  жуда кўп қийинчиликлар  бўлган. Кекса отахонларимиздан бири ҳикоя қилиб айтиб  бердилар. Уруш пайтида  ҳам Қуръон ўқиб юрган қорилар бўлган экан. Шундай қорилардан бири душман қўлига  асирга тушуб  қолибди. Қўлида  Қуръон билан қироат қилаётган пайтда душман офицери кўриб қолибди.

– Мусулмонмисан?  деб сўраб қолибди.

– Ҳа алҳамдулиллаҳ, – дебди.

-Қайси шаҳарда яшайсан? дебди.

-Андижонданман дебди қори ака.

Душман офицери хизмат юзасидан Андижонда бўлган экан. Андижонда қорилар кўплигини, жуда меҳмондўст эканлигини эслаб, айтиб берибди. Асли душман офицери бўлса ҳам, қорини  Қуръон ўқиб юргани Қуръонни ҳурматидан, шериклари билан бирга асирликдан озод қилиб юборган экан. Уруш тугаб ўша Қуръон қориси урушдан соғ-саломат ўз юртига келибди. У кишига шунча ўқ ёмғирларида ҳам бирорта ўқ тегмаган экан. Бу иш албатта Аллоҳнинг ўзига осон.

Ватанга муҳаббат  юксак инсоний фазилатлардан экани кўп зикр этилади. Бу ҳақда  ”Ватанни  севмоқ  иймондандир” дейилган  ҳикматни  эсга  олишнинг ўзи кифоя.

“Ватан”  атамаси  аслида  арабча  сўз  бўлиб, она  юрт  маъносини англатади.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Макка шаҳридан Мадина шаҳрига ҳижрат  қила туриб, Макка  чегарасига  етганларида  орқаларига  қараб: “Эй, Мен туғилган она  юртим, агар ўз қавмим мажбур қилмаганида, сени тарк  этмас эдим”,-дея ноиложликдан   кўчиб  кетаётганларини изҳор қилганлар.

Буюк  аллома  Алихонтўра Соғунийнинг қуйидаги мисралари мисол бўла олади:

Ватанни сақламабдур қайси инсон,

Кўрар турли балоларни у ҳайвон.

Ота меросимиздур  Ўзбекистон,

Етгандур  бизга эмди бу гулистон.

Ватандин ажради, ўлди  демакдур,

Боқиб  душманга  телмурди демакдур.

Буюк шоир ва саркарда, давлат арбоби Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг ҳаёти ҳам  Ватанни қадрини англашга ёрқин мисол бўла олади. Ўз даврининг йирик ва қудратли  давлатлардан бири  Ҳиндистондек  мамлакат ҳукмдори бўла туриб, бир умр Андижонни, сўлим Фарғонани, бобокалонларидан мерос Самарқандни қўмсаб ўтади, ижодининг  салмоқли  қисмида Ватан соғинчи иси уфуриб  туради.

“Йилларнинг йиғини умр саналмас, Ватанга наф теккан кунинг умрдир”,  деган мақол бекорга айтилмаган. Донолар Ватан йўлидаги хизмати билан шухрат топишини “Иккинчи   умр”,  деганлар. Ватанга хиёнат — энг оғир гуноҳ.

Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу: ”Ўзингизга душманлик қилган кишини афв  этингиз, лекин ватанингизга, миллатингизга, динингизга душманлик  қилган  кишини кечирмангиз”, деган.

Барча Улуғ Ватан уруши қатнашчилари бажарган савобли ва масъулиятли ишларини Аллоҳ  Ўзи қабул қилсин.

“Файзибой  ҳожи” жомеъ

масжиди имом–хатиби:                         

Нурилло домла Бойматов