Уйда қолинг ва сабр қилинг

842

Аллоҳ таоло “Анъом” сурасининг 165-оятида “Ва У ато этган нарсаларида сизларни синаш учун баъзиларингизни баъзиларингиздан (юқори) даражаларга кўтарган зотдир” деб марҳамат қилган.

Ушбу ояти кариманинг маъносидан маълум бўладики, бу дунёда кимдир бой, кимдир камбағал, кимдир соғлом, кимдир бемор бўлиб ва яна бошқа ҳолатларда имтиҳон қилинар экан. Ана шундай имтиҳонлардан бири билан ҳозирда бутун дунё аҳолиси, шу жумладан, халқимиз ҳам оғир синовни бошдан ўтказмоқда. “COVID-19” номли касалликни вабо касаллигининг бир тури десак ҳам бўлаверади. Ушбу вирус бизнинг юртимизни ҳам четлаб ўтмади, балки хасталикка чалинганлар сони кун сайин ўсиб бормоқда. “Daryo.uz” телеграм каналида “Ўзбекистонда коронавирус инфекциясини юқтириб олган шахслар сони 4 апрель соат Тошкент вақти билан 10:00 ҳолатига 241 нафарга етди”, деб хабар берилди.

Вируснинг янада тарқалиб кетмаслиги учун давлатимиз Раҳбарининг бевосита бошчилигида қатъий чоралар кўрилиб, ҳамма жойда карантин эълон қилинди. Аммо ўйлантирадигани, таъбни хира қиладиган томони шундаки, таъқиқларга амал қилмаслик ҳам, афсуски, кузатилмоқда. “Daryo.uz” телеграм каналида хабар қилинишича, “Карантин тадбирлари эълон қилинган кундан 4 апрель соат 09:00 қадар Ўзбекистонда карантин қоидаларига риоя қилмаслик билан боғлик жами 25057 ҳолат аниқланди”. Бу нимага далолат қилмоқда?

Аллоҳ таоло “Раъд” сурасининг 11-оятида “Албатта, то бир қавм ўзларини ўзгартирмагунларича, Аллоҳ уларнинг ҳолини ўзгартирмас”, деб марҳамат қилган.

Яъни банда бир яхшиликка эришмоқчи бўлса, ўша яхшиликка етаклайдиган хислатларни ўзида мужассам этиши ва унга эришиш учун уриниши лозим. Ана шундагина Аллоҳ унинг ишида яхши томонга ўзгариш ҳосил қилади. Шунингдек, банданинг ўзидан ўтмаса, Аллоҳ унга ёмонликни раво кўрмайди.

Арабларда бир масал бор. Унда:

اِرْضَ بِمَا قَسَمَ اللهُ تَكُنْ غَنِيًّا، وَتَوَكَّلْ عَلَى اللهِ تَكُنْ قَوِيًّا

 “Аллоҳ таоло сенга тақсим қилган нарсага рози бўлгин, бой бўласан ва У Зотга таваккал қилгин, кучли бўласан”, дейилган.

Имом Шофеъий раҳматуллоҳи алайҳ: “Вабога энг фойдали нарса тасбеҳ айтиш (“Субҳаналлоҳ” деб айтиш)дир”, дедилар.

Бу карантин ҳам бизнинг тақсимимизда, яъни тақдиримизда бор экан, рози бўлиб, сабр қилиб, уйдан чиқмасдан ибодату итоат, дуою зикрлар, тасбеҳу истиғфорлар билан машғул бўлайлик. Зора, Аллоҳ таоло бу балони даф қилса!

Аллоҳ таолонинг Ўзи бу балони биздан кўтарсин ва лутфу карами билан турли хил касалликлардан сақласин!

Рустамжон Маҳмудов

Андижон “Саййид Муҳйиддин махдум”

ўрта махсус ислом билим юрти ўқув ишлари бўйича мудир ўринбосари