“Умра – 2019-2020” мавсумида 45 мингга яқин юртдошимиз умра қилишди

908

Ўтган куни “Умра – 2019-2020” мавсуми доирасида зиёрат учун охирги бўлиб Саудия Арабистонига жўнаб кетган бир гуруҳ зиёратчиларимиз умра ибодатларини тўла адо этиб, юртимизга қайтиб келишди.

Жорий йил 27 февраль куни Саудия Арабистони Подшоҳлиги дунё бўйича тарқалаётган янги турдаги коронавируснинг мамлакатга кириб келишининг олдини олиш мақсадида хорижлик умра зиёратчилар киришини вақтинча тўхтатган эди. Шу боис мамлакатимизда ҳам “Умра – 2019-2020” мавсумида режалаштирилган умра зиёратлари маълум вақтгача тўхтатиб турилади.

Маълумот учун, бугунги кунгача “Умра – 2019-2020” мавсуми давомида 185 та авиарейс амалга оширилди. Уларда жами 44 574 нафар юртдошимиз Саудия Арабистонига бориб тўла адо этишди.

2019 йилнинг 14 ноябрь куни “Умра-2019-2020” мавсуми бошланиб, “Тошкент – Жидда – Тошкент” йўналиши бўйича ҳар куни биттадан авиарейс йўлга қўйилди. 2019 йилнинг 10 декабрдан бошлаб авиарейслар сони кунига иккитагача, 2020 йилнинг 1 февралдан бошлаб эса авиарейслар “Тошкент – Жидда – Тошкент” ва “Тошкент – Мадина – Тошкент” йўналишларида биттадан авиарейслар йўлга қўйилди.

“Умра – 2019-2020” мавсуми қачондан давом этиши ҳақида сайтимиз орқали расмий хабар эълон қиламиз.


Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати