Терроризм-аср вабоси

745

Ислом сўзининг луғавий маъноси итоат, тинчлик демакдир. Аллоҳ таоло Ислом динини пайдо қилиш билан инсониятга тинчлик,  осойишталик, фароғат, хотиржамлик неъматларини ато этган. Ислом  дини   тинчлик   тушунчасини ўзининг  бош ғоясига  айлантиргани  хам  бежиз  эмас.  Бу  борада  Қуръони  каримда  шундай  баён  қилинади: ”Эй имон  келтирган  бандалар! Барчангиз  тамомила  тинчлик  ва  тоат  йўлига  киринглар.” (Бақара , 208).

    Бу  эзгу  даъват  инсонларга  энг азиз  ва  зарур  бўлган  тинчликни   сақлаш  ишида  кишиларни  бирлаштиради. Қуръони  каримнинг  “ Моида ”   сурасидаги  2 –  оятда  “Эзгулик  ва  тақво  ( йўли ) да хамкорлик  қилингиз,  гунох  ва  адоват  ( йўли ) да  хамкорлик  қилмангиз! ” дейилади. Бу  ояти  каримадан  маълумки,  эзгу  ният  йўлида  ҳамкорлик  қилиш  ер  юзида  тинчлик    барқарор  бўлишига  бош  омилдир.  Хадиси  шарифларда  хам  тинчлик  мавзуси  алоҳида  ўрин  эгаллаган. Унда  айтиладики:  “Тинчлик  ва  хотиржамлик  икки  улуғ  неъматдирки,  бундан  кўп  одамлар  маҳрумдирлар  ” ( Имом  Бухорий  ривояти ).

    Афсуски, бу  икки  улуғ  неъматдан  хамма  хам   баробар  баҳраманд  эмас. Чунки,  дунёнинг  турли  бурчакларида    террорчилар  томонидан  ноҳақ  қон    тўкилишлар  содир  этилмоқда. Маълумки,  бугунги  кунда  терроризм  балоси  бутун  дунё  ҳамжамиятига  солаётган  таҳдиди  нуқтаи  назаридан  инсониятни  қийнаётган  асосий  муаммога  айланиб  қолди.  Шунинг учун  хам  барча  эзгу  ниятли   кишилар  бу  хавфнинг  олдини  олишни,  таҳдид  солаётган  унсурларга  қаши  курашни  ўзларининг  олий  мақсадлари  деб  билмоқдалар. 

    Табиийки,  терроризм  хавфининг  чуқурлашуви  унга  қарши   курашишнинг  кучайишига  олиб  келди. Мазкур  муаммонинг  ечимига йўл  очадиган  аниқ  тавсиялар,  чора  тадбирлар  ишлаб  чиқиш  долзарб  масалага  айланди.  Шу  ўринда  Президентимизнинг  қуйидаги  сўзларини  айтиб  ўтиш  жоиз:  “ Агар  биз  бугун  дину  диёнатимизни  уни  бузиб  талқин  этаёган  кимсалардан  ҳимоя  қилмасак – шундай  хатарни  яқин  тарихимизда  ва  бугуннинг  ўзида  хам  бошимиздан  кечирмоқдамиз –  одамлар,  айниқса,  ҳаёт  тажрибаси,  онгу  тафаккури  хали  етарли  бўлмаган  ёшларимиз  эртага  ана  шу  кучларнинг  машъум  таъсирига  тушиб  қолиши  мумкин ”.  Чиндан  ҳам  террорчилик  ҳаракатларини  содир  этаётган  кимсалар   кимлар ?  Кўпни  кўрган  турмушнинг  аччиқ – чучуғини  татиган  кишиларми ?  Йўқ,  албатта ?  Ҳаётнинг  маъно – мазмунини  ҳали  англаб  етмаган,  ғўр  ёшлардир  улар  жиноятчи,  қаллоб, адоват   ва низо  уруғини  сочаётган  қабиҳ  кимсалар қўлида  қурол – ўйинчоқ  бўлиб  қолаётганлари  учун  ҳам  шундай  бўлмоқда.  Эл  тинчлигини  бузган,  инсон  ҳаётига  тажовуз  қилган,  ноҳақ  қон  тўкилишига  сабабчи  бўлган  кишилар  Қуръони  каримда  ҳам  қораланган. Бу  борада  ”Моида” сурасининг  32 –  оятида  шундай  дейилади: “ Бирон  жонни  ўлдирмаган  ёки  Ерда (бузғунчилик  ва  қароқчилик  каби ) фасод  ишларини   қилмаган  инсонни  ўлдирган одам  ҳудди хама  одамларни  ўлдирган  кабидир ”.

   Ҳозирги  кунда  терроризмнинг  асл  башараси  барчага  яхши  аён  бўлиб  қолди.  Террорчи,  бузғунчи  деганда  онги  заҳарланган,  қилаётган  ишига  жавоб  бера  олмайдиган,  кимнингдир ёвуз  ниятини  амалга  оширадиган манқурт,  кимсалар  тушунилмоқда.  Кези   келганда  шуни  алоҳида  таъкидлаш  керакки,  жиноий  ишни  амалга  оширган  террорчининг  насроний,  мусулмон  ёхуд  яҳудий  бўлиши  жамият  аъзоларига  ўша  дин  тўғрисида  ноўрин  фикр  ва  хулосалар  чиқариш  ҳуқуқини  бермайди.  Ҳатто  бу  разил  кимсаларнинг  қайси  динда  экани  тўғрисидаги  саволнома  бандида  “Мусулмон” , деб  ёзиб  қўйилган  бўлса  ҳам,  улар  қилган  жиноятга “ Ислом террорчилиги ”, деб  ёрлиқ  ёпиштирилиши мутлақо  мумкин  эмас. Зотан  бирорта  ҳам  чин  иймонли  киши,  қайси  диндалигидан  қатьий   назар,  ўз  ақидаси  йўлида  бегуноҳ  одамларни  ўлдирмайди.  Террорчилар   динга  қаттиқ  эътиқод  қўйганлари  хақида  қанчалик  лоф  урмасинлар,  ўзларини  дин  ҳомийси  қилиб   кўрсатмасинлар, аслида  бу  ишларни  одамлар қалбидан  дину  имонни  чиқариш  учун  қиладилар.  Ана  шундан  ҳам  маълумки,  уларнинг  мақсади  одамларни  диндан  четлаштириш  ва  қалбларида  имонли  кишиларга  нисбатан  нафрат,  ғазаб  ўтини  ёқишдан  иборатдир. Аллоҳ  таоло  имонли  кишиларга  раҳм  –  шафқат,  меҳр – оқибат  ва тинчлик  осойишталикни   буюради.  Террор  эса  бунинг  ғирт  аксидир.  У  ўз  олдига  бераҳмлик,  шавфқатсизлик,  жабр – зулм ,  қотиллик  ва  азоб  уқубатларни  мақсад  қилиб  қўяди.  Шунинг  учун  барча,  террорчилик  ҳаракатларининг  манбаини  имонсизликдан  деб  билиши  керак.  Бундай  кимсаларнинг  ягона  мақсади   қон  тўкиш  ва  одамларга  кулфат  – алам  келтиришдир. Бир йилда дунё бўйича 320 тадан 660 тагача террорчилик ҳаракатлари содир этилади. Аксарият ҳолларда минглаб бегуноҳ аҳоли террорчилик ҳаракатлари қурбонлари бўлаётганлиги ғоятда ачинарли ҳолдир.  Шундай  экан,  бугунги  кунда  аср  вабоси  бўлмиш  терроризм  балосига  қарши  барча  хамжиҳат  бўлиб,  астойдил  курашмоғи,  уни  так – томири  билан  йўқ  қилиб  ташлаш  учун  ҳаракат  қилмоғи  давр  талаби  бўлиб  қолди. Чунки,  ҳар  бир  инсон  ер  юзида  тинчлик,  осойишталик  ва  адолат   барқарор  бўлиши  учун  Аллоҳ  таоло  олдида  масъулдир. Ана  шу  масъулиятни  тўла  ҳис  этган  ҳолда  тинчлик  ишишга  барча  ўз  ҳиссасини  қўшмоғи  керак.  

Санатбек Турсунов

Андижон туман

“Усмони Зиннурайн”

жоме масжиди имом-хатиби