Тавба эшиклари доимо очиқ

1025

Тавба луғатда “қайтишлик” деган маънони англатади. Истилоҳда эса, “гуноҳлардан пушаймон бўлиш, уни гуноҳ бўлгани учун тарк қилиш, келажакда ўша гуноҳни қайта қилмасликка азму-қарор қилиш, солиҳ амалларга киришиш, агар гуноҳ банданинг ҳаққига тегишли бўлса, уни рози қилишдир”.
Уламоларимиз гуноҳ уч ҳил бўлади, деганлар.
1) Аллоҳ таоло кечирмайдиган гуноҳ
2) Аллоҳ таоло кечирадиган гуноҳ
3) Аллоҳ таолога боғлиқ бўлмаган гуноҳ
Аллоҳ таоло кечирмайдиган гуноҳ-У зотга ширк келтиришдир. Аллоҳ таоло Қуръони каримда ҳамма гуноҳларни кечиришини, фақат Унга ширк келтирганни кечирмаслигини айтиб ўтган. Шундай экан, банда Аллоҳга ширк келтириб қўйса, ҳар қанча тавба қилсин, ҳар қанча пушаймон бўлсин, Аллоҳ уни кечирмайди.
Аллоҳ таоло кечирадиган гуноҳ-ширк келтиришдан бошқа ҳар қандай гуноҳ бўлиб, у катта гуноҳ бўладими, кичикми, ошкорами, маҳфийми, модомики ширк бўлмас экан, банда чин дилдан тавба қилса Аллоҳ гуноҳини кечиради.
Аллоҳ таолога боғлиқ бўлмаган гуноҳ-бандани ҳаққига таъаллуқли бўлган гуноҳдир. Банда бир инсоннинг ҳаққига тажовуз қилиб қўйса, қачонки аша шу ҳақ эгасидан розилик олсагина гуноҳи кечирилади. Ривоятларда келадики: “Одам алайҳиссалом Аллоҳ таолога муножот қилди: “Эй Роббим! Мени яратибсан ва мени устимдан шайтонни ҳоким қилиб қўйибсан, агар Ўзинг ёрдам бермасанг, мени қўлимдан ҳеч нарса келмайди, деди. Шунда Аллоҳ таолодан нидо келди: Эй Одам! Сени устингдан шайтонни ҳоким қилиб яратган бўлсам ҳам, сени шайтондан сақлайдиган фаришталарниям яратганман. Одам алайҳиссалом яна муножот қилди: Эй Роббим! Менга неъматларингни яна зиёда қилгин, деди. Аллоҳ таолодан яна нидо келди: Эй Одам! Сен гуноҳ қилсанг, унга пушаймон бўлиб, тавба қилар экансан, мени тавба эшикларим доимо очиқ туради, тавбангни қабул қиламан”.
Шундай экан, инсон қилган гуноҳларига доимо пушаймон бўлиб тавба қилиб, гуноҳларини кечиришини Аллоҳдан сўрар экан Аллоҳ таоло гуноҳларини албатта кечириб, тавбасини қабул қилади.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Одам болаларининг ҳаммаси хатокор, буларнинг ичида энг яхшилари тавба қилувчиларидир, деб марҳамат қилганлар”.
Аллоҳ таоло ҳаммамизни ўша тавба қилувчи бандалар қаторида қилсин!

Нодирбек Кенжаев

Андижон шахар

“Боботаваккул ота”

жоме масжиди имом хатиби