Табиатни асрайлик

568

Аллоҳ таоло инсонни улуғлаб, уни ер юзига ҳалифа қилди. Ўз навбатида У ерда инсон ҳаёт кечириши учун барча шароитларни муяссар қилди: “Албатта, сизларни ерда қарор топтирдик ва унда сизлар учун маиший воситаларни (пайдо) қилдик. (лекин сизлар) жуда оз шукр қилурсиз.” (Аъроф сураси 10 – ояти). Яна бир ояти каримада: “Аллоҳ сизлар учун ерни қароргоҳ, осмонни том қилиб қўйган ва сизларга сурат (шакл) бериб, суратларингизни гўзал қилган ҳамда сизларни пок нарсалардан ризқлантирган зотдир. Мана шу Аллоҳ – Парвардигорингиздир. Бас, (барча) оламларнинг Парвардигори бўлмиш Аллоҳ баракот соҳибидир” (Ғофир сураси 64 – ояти). Бир қараганда ер инсон учун гўё гўдакнинг бешиги каби қароргоҳ бўлса, иккинчи томондан у оёқларимиз остига тўшалган гиламга ўхшайди: “У сизлар учун ерни “пойандоз”, осмонни “бино” қилиб қўйди ва осмондан сув тушуриб, у сабабли сизларга ризқ сифатида мевалар (мевали дарахтлар) ни ундирди. Бас, билиб туриб, Аллоҳга (ибодатда) бошқа (сохта маъбуд) ларни тенглаштирмангиз!” (Бақара сураси 22-ояти). Бундан ташқари курраи заминни боғ – роғлар, гиёҳлару гуллар билан зийнатлаб қўйганлиги ҳам фақат инсоннинг манфаати учундир. Зеро, ер юзига ҳалифа бўлган инсон, унинг гўзаллигини нафақат авайлаб асраши, балки унинг янада гуллаб яшнаши учун ўз ҳиссасини қўшмоғи лозим. Ўсимликлар ва дарахтларнинг униб чиқиши, яшаши ва гуллаб мева бериши Аллоҳ таолонинг қудрати билан бўлади. Шунинг учун Қуръони каримнинг кўплаб оятларида одамларга экаётган зироатларига бир назар ташлаб қўйишлари ва уни Ким ундираётгани ҳақида ўйлаб кўришларига буюрилада: “Сизлар экаётган зироатларингиз ҳақида ўйлаб кўрдингизми?! Уни сизлар ундирурмисиз ёки Биз ундирувчимизми?!” (Воқеа сураси 63-64-оятлари).

Динимиз таълимотларида табиатга катта эътибор қилинади. Шунинг учун ҳар бир киши она заминни, табиатни, атроф муҳитни озода тутиб, кўз қорачиғидай асраши ва Аллоҳ таоло берган неъматларини қадрига етиб, ундан оқилона фойдаланмоғи ва бу неъматларни доимо шукрини қилиб бориши лозимдир.

О.Каримов

“Муҳаммад Розиқбой” масжиди имоми