Шайтоннинг иши

620

Араб тилида муомала қилувчиларга хатари бор ҳар бир муомалага қимор дейилади. Бошқача қилиб айтганда ғолиб мағлубдан бирор нарса оладиган ҳар бир ўйинга қимор дейилади.Аллоҳ таоло айтади : “ Эй мўминлар, хамр (маст қиладиган ичимлик ичиш), қимор (ўйнаш), бутлар(яьни, уларга сиғиниш) ва чўплар( яьни,чўплар билан фолбинлик қилиш) шайтон амалидан бўлган ҳаром ишдир. Бас, нажот топишингиз учун уларнинг ҳар биридан узоқ бўлингиз!” ( Моида сураси,90-ояти ).“Қимор” аслида арабча сўз, аммо оятда айнан “қимор” сўзи эмас, балки муродифи “майсир” сўзи келтирилган. Бу эса осонлик билан мол топиш маьносини билдиради. Яьни қиморнинг ҳақиқий маьносига далолат қилади.Оятда келтирилган ишларнинг барчаси, гарчи шайтон уларни чиройли қилиб кўрсатса-да, нопок, ҳаром ишлардир.Улуғ савобларга эришишлик учун бу ишлардан узоқ бўлиш керак.
Аллоҳ таоло қиморни нега ҳаром қилганининг сабабини ҳам Ўзи баён қилган:
Албатта, шайтон хамр ва қимор туфайли ораларингизга адоват ва ёмон кўришликни солишни ҳамда сизларни Аллоҳнинг зикридан ва намоздан тўсишни хоҳлайди. Энди тўхтарсизлар?! (Моида сураси 91-ояти) Аллоҳ таоло бу икки нарсани–хамр ва қиморни «ифлослик ва шайтоннинг иши», деб атамоқда. Аллоҳ Ўз бандаларига меҳрибон бўлгани учун уларни ифлослик ва шайтоннинг ишидан қайтаради. Нопок таомларни зарарли бўлгани учун ҳаром қилганидек, ифлос ишларни ҳам бандаларига зарарли бўлгани учун ҳаром қилади.
Абу Ҳайён айтадилар: “Аллоҳ таоло хамр ва қимордаги икки фасодни зикр қилди: бири-дунёвий, иккинчиси-диний”.
Дунёвий фасоди: хамр кўнгилсизлик ва гина-қудрат келтириб чиқаради ҳамда ёр-биродарлар орасида раҳна солади. Қимор ўйнайдиган кимса эса бориб-бориб ҳеч вақоси қолмайди ва охири хотини ва болаларини ҳам қиморга тикиб юборади.
Диний фасоди: Хамр ичган одам сархуш бўлиб, эс-ҳушини йўқотади ва Аллоҳни зикр қилишдан чалғийди. Қимор ўйнайдиган кимса эса, ютса ҳам, ютқазса ҳам Аллоҳни зикр қилишдан чалғийди.Қимор зарари кўп иллатдир. Айниқса, кишилар ўртасидаги адоват ва ёмон кўришлик касалини ўртага солиши ҳаммасидан ўтиб тушади. Ютқизган қиморбоз ўзидан бир дақиқада бир ҳаракат ила катта ёки оз миқдордаги маблағни ютиб олган қиморбозни ҳеч қачон яхши кўрмайди ёки унга ўзини дўст санамайди. Қиморнинг орқасидан чиққан жанжаллар, душманликлар, ёмон кўришлар, қотилликлар ҳақида ҳар доим эшитиб турибмиз.
Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: “ Ким бир биродарига: “ Кел, қимор ўйнаймиз” деса, дарҳол садақа қилсин”, дедилар (Бухорий ривояти). Қимор ўйнашни таклиф қилган киши ҳам ҳали ўйнамаган қимори учун гуноҳкор бўлиб, каффорот бериши вожиб бўлар экан. Шундагина ўша гуноҳи ювилади. Қимор шу даражада оғир гуноҳ эканки, уни ўйнаймиз, деган гапнинг ўзи каффоротни тақозо қиладиган гуноҳ ҳисобланар экан. Бунда қимор ўйнамоқчи бўлган пулни садақа қилиш кўзда тутилган. Зинҳор қимордан ютиб олган пул эмас. Қимордан ютилган пул ҳаромдир. Ҳаромни садақа қилиб бўлмайди.Қимор ўйнаб ўтирган қиморбозларга салом бериш ҳам гуноҳ. Жумҳури аҳли сунна қиморбозларга ўйин чоғида салом беришни макруҳ деган.Ватандошимиз Бурҳонуддин Марғилоний ўртага пул ё бошқа нарсалар тикиб қимор ўйнаган одамнинг адолати соқит бўлади, гувоҳлиги эътиборга олинмайди, деган.

Олтинкўл туман бош имом-хатиби: Муҳаммадюсуф Тўрақулов