Шаҳрихон тумани “Ҳазрати Билол” жоме масжиди

952

Шаҳрихон тумани “Ҳазрати Билол” жоме масжиди жойлашган ҳудуд Шаҳрихон — Асака йулидаги кадимий Дурмон кишлоғидир.

1860 — 1870 йилларда Қўқон хонининг буйруғи билан Дурмон кишлоғи атрофидаги барча экиладиган ерлар Андижонлик Арслонқул ҳожининг тўрт ўғли — Хайдарали, Бойтоғич, Сотволди ва Мерганалиларга бўлиб берилади. Бу ишларда Ҳўжа додхоҳ асосий ўрин тутади. Қишлоқ марказидаги маҳалла ҳудуди Хайдарали тасарруфига тегади. Хайдаралининг ўғли Турсунқул улғайиб, мадрасаларда тахсил олиб, ўқимишли, илмли, мураттаб қори, иймон-эътиқодли, халқпарвар инсон бўлиб етишади. У тадбиркор, саховатли бўлганлиги учун мингбоши даражасига кўтарилади. Аллоҳ дилига бир масжид қуриш ниятини солади. 1886 йилда қишлоқ марказидаги мўъжазгина Хўжамбой масжиди ўрнига катта мухташам масжид қуришга киришади. Чунки ҳудуд мингбошиси атрофдаги Сегаза, Хужаобод, Ортиш ва бошка қишлоқларга бориладиган асосий йўл Дурмон орқали ўтганлиги туфайли қишлоққа катта масжид зарурлигини билар эди. Масжид ҳеч кимнинг ёрдамисиз Турсункул мингбоши маблағига бунёд этилади. Масжид атрофидаги пастлик ва нотекис жойлар тупроқ билан тўлдирилиб, қишлоқнинг асосий ариқ ўзани туғриланди, тартибга келтирилиб ободонлаштирилди.

Масжид қурилишига Фарғонанинг Олтиариғидан дурадгор усталар таклиф килинган. 1907 йилда қуриб битказилган бу диний маскан Дўрмон масжиди деб юритилади. Дўрмон масжиди намозгоҳ сифатида 1907 — 1943 йиллар давомида фаолият юритган. Иккинчи жаҳон уруши йилларида колхоз идораси ва омборхонаси, 1953 — 1965 йиллар 7 йиллик мактаб, сўнгра 1990 йилларгача бошланғич мактаб ва қишлоқ врачлик амбулаторияси, кутубхона ва инкубатория сифатида маҳаллий аҳоли учун хизмат кўрсатган. Сунгра масжид диний жамоа ихтиёрига берилди.

1990 — 1992 йиллар давомида умумий ҳашар ва хомийлар ҳисобидан тўлиқ таъмирланди, янги қўшимча қурилиш ишлари амалга оширилди. Ушбу ишларга Хўжаобод қишлоғидан усталар таклиф килинди. Масжиддаги янги килинган нақошлик, ганчкорлик санъати безаклари, дарвозахона, гумбазлар, ёзги намозгоҳ уста Абдуманноб Тиллакулов чизмалари асосида амалга оширилади. 1992 йилда Дурмон масжиди маҳалла оқсоқоллари ва намозхонларнинг таклифига асосан “Ҳазрати Билол” жоме масжиди номи билан давлат руйхатидан ўтказилади. 2011 йилда хонақоҳ ёнидаги эски бинолар ўрнига ёзги намозгоҳ, қурилди.

Масжид ҳудуди номутаносиб туртбурчак шаклга эга булиб, мўъжазгина ховли атрофи турли ўлчамдаги хоналар билан ўралган, уч томони кўча, ғарб томонида эса тураржой, хонадон мавжуд.

Масжид ховлисига шаркий томондан “П” шаклидаги пешток оркали кирилади. Икки қанотли кириш дарвозаси ёғоч ўймакорлиги билан сайқалланган ва уста Қурбонали ижодига мансуб. Нақшлари ўсимликсимон, ўртача мураккабликда. Эшик тепасидаги меҳробсимон юза ўртасида квадрат  шаклдаги ганчли панжара, “Аллоҳ” ёзуви (арабий), тепада ва пештоқнинг икки ёнида хошиясимон (фриз) кўринишдаги мовий ва пушти рангли геометрик олтибурчакли нақш ва масжиднинг номи битилган ёзув бор. Пешток ва гумбаз тепасида 5 та капасак — мезанасимон шакл бор. Гумбаз ости мовий тусдаги ўсимликсимон “мадоҳил — турунж” сир наққошлиги ва осма панжарали ганч қандил билан безатилган.

Масжиднинг ҳар бир ховузаккига ганч ўймакорлиги услубида 9 та кандил осилган. Аррои-сарроб ва тусинларга умумий тилласимон зарҳал тус берувчи пушти, қизгиш, сарик, яшил ва оч кўк ранглар уйғунлигидаги ўсимликсимон накшлар билан сайқал берилган. Нақш билан безатилган меҳроб, меҳробнинг икки ёнида хутба ўқиш учун токчасимон мехроблар бор. Деворлари оч сарғич — пушти тусда, панелига енгил нақш берилган (ранги карам барги тусда). Хонақоҳ олди ойнаванд ромли айвон. Шифти фанерали лампа, 2 та ганчли қандил осилган.

“Ҳазрати Билол масжиди” меъморий ёдгорлиги XX аср бошларига оид ўзига хос ўзбек мусулмон диний меъморчилигининг намунаси сифатида, иккинчи жаҳон уруши йилларидаги жамоа ҳўжаликлари ва 1950 — 1990 йиллари халқ таълими тизими фаолияти билан боғлик тарихий, маданий — маърифий бино сифатида аҳамиятли бўлган.

Масжиднинг манзили: Андижон вилояти, Шаҳрихон тумани, Дурмон маҳалласи.

Хозирда масжид имом-хатиби Абдулҳамид домла Толипов ҳисобланади.