Ортиқ қори дада

1450

Юртимизда Қуръони Каримни кейинги авлодга бекаму кўст етказишда беминнат хизмат қилган ҳофизи Қуръон устозлардан бири андижонлик Ортиқ қори дада бўладилар. У киши ўтган асримизнинг энг оғир даврларида Қуръони Каримга хизмат қилган ҳофизи Қуръонлардан бири эдирлар.

Ортиқ қори дада Оҳун ўғли 1884 йили 4 августь куни Андижон шаҳрида «Бобо Саъдуддин» (халқ тилида «Бувасадин») қабристони яқинидаги «Шовва» маҳалласида, оддий деҳқон хонадонида дунёга келади. Ортиқ қори дада ҳалқ орасида «Аъмо қори», яъни «Кўр қори» номи билан машҳур бўлганлар.
Ортиқ қори дада етти ёшлик вақтида қизамиқ касалига чалинади. Керакли чоралар кўрилишига қарамай, қори дадада касалликнинг асорати қолиб кетади ва шу сабабли кўз нуридан ажраб қолади. Отаси жажжи ўғлининг кўзларини қайтариш илинжида кўп саъй-ҳаракат қилади, аммо фойдаси бўлмайди.
Ўша пайтларда Қашқардан «Мавлавий Табиб» номи билан машҳур бўлган бир киши Андижонга келиб, табобат билан шуғилланаётган ва унинг муолажалари кўп касалларга фойда бераётган эди. Буни эшитган Охун ота етти ёшли аъмо ўғилини олиб, Мавлавий Табиб хузурига боради. Мавлавий моҳир табиб бўлиш билан бирга, Ислом илмларини ҳам мукаммал ўзлаштирган олим, доно киши эди. Ёш беморнинг ҳоли билан танишган табиб Охун отага: «Ўғлингизнинг кўзи тузалади, фақат харажати кўпроқ», дейди. Бу гапни эшитган Охун ота беҳад қувониб кетади ва: «Рост тузаладими? Бунинг учун мен ҳамма нарсага тайёрман. Бор-будим шу ўғлимники, унинг яхши бўлиши учун ҳеч нарсани аямаяман. Тортинмай айтаверинг, нима қилишим керак?» дейди. Шунда Мавлавий Табиб Оҳун отага: «Ўғлингизни қори қиласиз, Қуръонни ёд олдирасиз, ана шундагина унинг кўзи очилади», дейди. Табиб Оҳун отага ҳақиқий маънода эмас, балки мажозий маънода гапирган эди. Яъни у «Илм ва Қуръон билан ўғлингизнинг қалб кўзини очишингиз мумкин, холос», демоқчи эди. Зийрак Охун ота табибнинг гапини дарҳол тушуниб етади ва ўғлининг кўзи ёруғ оламни қайта кўра олмаслигини англайди. Табиб Охун отага жуда тўғри маслаҳат берган эди. Охун ота унинг маслаҳати билан ўғлининг қалб кўзини очиш тараддудига тушади.
Ўша даврда «Бобо Саъдуддин» қабристони яқинида бир масжид-мадраса ҳам бўлган. Қори даданинг яшаш жойи ҳам шу мадраса яқинида эди. (Бу илм даргоҳи то инқилоб даврига қадар фаолият олиб борган. Инқилобдан кейин мадраса большевиклар тарафидан оёқости қилиниб, бинолари бузиб юборилган.) Охун ота ўғли Ортиқ қорини мадраса қорихонасига олиб боради. Қорихонада Соли қори домла номли устоз талабаларга Қуръондан таълим берарди. Кексаларнинг айтишича, бу ерда юздан ортиқ талабалар Қуръон ёдлар эди. Охун ота жажжи ўғли Ортиқ қорини Соли қори домлага топширади. Ортиқ қори устози Соли қоридан Қуръонни 6 йил давомида ёдаки ўрганади ва 13 ёшида Қуръонни тўла ҳифз қилади. Ортиқ қори Қуръон қироатига моҳир ва ботажвид қори бўлиб етишди. Шу туфайли 14 ёшида қорихона талабаларига «Қорибоши» этиб тайинланади. Аъмо қори талабалар дарсини ёдаки текшириб, хато-камчиликларини тузатиб, устозига ёрдамлаша бошлайди. Шу тарзда қори дада то қорихона бузилиб, талабалар тарқатиб юборилгунга қадар қорихонада Қуръон хизматида бўлади.
Қорихона фаолияти тўхтатилганидан кейин ҳам, турли тўсқинликларга қарамай, Ортиқ қори дада Қуръонга ҳизмат қилишни тўхтмади, фаолиятни ўз уйида давом эттирди. Мўмин-мусулмонларнинг фарзандларига қўни-қўшнилар кўмаги ила Қуръондан талим берди ва бу хизматни то охирги нафасларигача давом эттирди. У кишининг шогирдлари жуда ҳам кўп бўлган. Бир шогирдларининг таъкидлашича, устоз бир неча марта: «Қуръондан сабоқ берган талабаларим сони икки мингдан ортиб кетди», деб айтган экан.
Ортиқ қори дада кўзлари ожиз бўлишига қарамай, бировнинг кўмагисиз, ўзлари беш вақт намозга масжидга қатнар эдилар. Асосан уйлари яқинидаги  «Уйғур» масжидида намоз ўқиганлар. Ёши улуғ кишиларнинг гувоҳлик беришларича, ўша даврларда имомлик қилган марҳум Абдураззоқ домла қори даданинг ҳолатларидан ҳайратга тушар экан ва: «Ортиқ қори дада ёмғирли кунларда ҳам жамоатга келардилар. Кўчалар лой,  қори даданинг эса кўзлари ожиз. Шунга қарамай, у кишининг оёқ кийимлари лой бўлмас эди», деб ҳикоя қилар экан.  Ортиқ қори дада жумъа намозидан олдин масжидда Каҳф сурасини тиловат қилиб берар эди.
Қори даданинг марҳаматлик талабаларидан бири Исҳоқжон домланинг айтишича, қори дада одамларни оёқ товушидан танир эканлар. Шогирдларини ҳам оёқ товушларидан ажратар эканлар. Исҳақжон домла яна қуйидагича ҳикоя қилади: «Эллигинчи йиллардан олдин эди. Мен шаҳарда магазинчиликка ўқир эдим. Ётоғим ва истиқоматим эса қори дадамнинг уйларида бўларди. Кечки пайтда қори дадамдан Қуръондан дарс олардим. Зериккан вақтимда кўчани айланиб келиш ниятида, сездирмасдан оёқ учида кўча томонга юра бошласам, Қори дадам мени дарҳол «Хаджаев!» деб чақириб қоларди. Мен рус мактабида ўқиганим учун фамилиямни айтиб чақирардилар».
Қори дада ўз даврларининг аҳли илмлари билан доимо борди-келди қилиб, улар билан тез-тез учрашиб, илмий суҳбатлар қилар эдилар. Вақти-вақти билан ўзлари ҳам уйларида илм мажлислари ташкил қилиб, аҳли илмларни жамлар эдилар. Ҳар йили Рамазоннинг қадр кечасида ўз хонадонларида хатми Қуръон қилиб, хатмонага шаҳардаги аҳли илмларни таклиф қилардилар. Шунингдек, ҳар йили баҳор фаслида ўзлари «Лола базм» деб ном қўйган мажлислари ҳам бор эди. Лола қизғалдоқ гули очилган пайтда Андижоннинг «Султон суффаси» номли дам олиш боғида аҳли илмларни жамлаб, зиёфат қилиб берардилар. Бу зиёфатга қўшни Қирғизистон жумҳуриятидан ҳам аҳли илмлар келиб қатнашар эди. Қори даданинг уйлари «Уйғур» жоме масжиди йўлида жойлашган бўлиб, ҳар жума кунида жума намозидан қайтган аҳли илмларга уйларида шўрва тайёрлаб қўярдилар. Жума намозидан қайтаётиб устозни зиёрат қилмоқчи бўлган зиёратчилар қори даданинг хонадонида шўрва ичмай кетмас эдилар. Чунки шўрвани ичмай кетмоқчи бўлганларни қори дада оёқ товушидан таниб, чақириб олар эдилар. Қори дада то умрларининг охиригача бу одатни тарк этмадилар.
Қори дада уч ёки тўрт марта уйланганлар. Икки аёлидан фарзанд кўрганлар. Ҳозирда фарзандлари ҳаёт бўлмасалар-да, жуда кўп набиралари бор. Ортиқ қори дада 1972 йили 26 ноябрь 88 ёшида вафот қилдилар ва уйлари яқинидаги «Бобо Саъдуддин» қабристонига дафн этилдилар.
Аллоҳ таоло марҳум қори дадамизни Ўз раҳматига олиб, ҳаётлари давомида ошно бўлган Каломуллоҳни ўзларига ҳамроҳ қилсин!
(Мақола Қори даданинг кўзга кўринган шогирдларидан бири устоз Ғофиржон қори тоғанинг хикояси асосида таёрланди.)

 

Манба: quran.uz