РАМАЗОН САХОВАТ ОЙИ

466

Мана, ойлар султони, файз ва барака, раҳмат ва мағфират ойи бўлган Рамазон ойи кириб келди. Бу йилги Рамазон ойи ўлкамизга синовли кунларда қалбларга сурур бўлиб келди. Ҳалқимиз томонидан Рамазонни ўзгача шукуҳ билан кутиб олинди ва мўмин-мусулмонлар Рамазон рўзасини тутиб, кечалари таровеҳ намозларини оила аъзолари билан хонадонларида қоим қилмоқдалар. Бу ибодатларимизни Аллоҳ қабул айласин. Буларнинг ортида юрт тинчлиги, ҳукумат томонидан олиб борилаётган тинчликпарвар сиёсат ётади. Бугунги синовли кунларда ҳукумат қарори билан «Саховат ва кўмак» жамғармаси ташкил этилди. Унинг маблағлари карантин даврида эҳтиёжманд оилалар, ўз даромадини йўқотган вақтинча ишсиз фуқароларга пул маблағлари, кундалик истеъмол товарлари, дори воситалари ва бошқа маҳсулотлар билан таъминлаш учун ишлатилади.

Рамазон ойида баданий ибодатлар билан бир қаторда ижтимоий соҳада ҳам кўплаб эзгу амаллар бажарилади, молиявий ибодатлар амалга оширилади. Жумладан, бу ойда меҳр-мурувват, хайр-саховат ишлари янада ривож олади. Кишилар бу ойда бошқа ойлардагига қараганда саховатпешаликни кўпроқ намойиш қилиб, бева-бечоралар, мискин ва камбағаллар ҳолидан хабар олиб, жамиятнинг бу тоифасига ҳам алоҳида эътибор берилишини таъминлайдилар. Қайси жамиятда бева-бечоралар, камбағал ва мискинлар, заиф кишилар ҳолидан хабар олинар, уларнинг моддий ва маънавий таъминоти бекаму-кўст қилинар экан, ўша жамиятнинг тинчлиги бардавом бўлади, иқтисоди ва бошқа соҳалари ривож топади. Зеро ўша бечораҳол кишилар яхшилик қилган шахс ёки ташкилот ҳаққига дуо қилади. Бу дуо Аллоҳ даргоҳида қабул қилинади.

Рамазон ойида бошқа ойлардагига нисбатан саховатга алоҳида эътибор берилиши бежиз эмас. Сабаби бу ойда қилинган амалга жуда кўп мукофот берилади. Аллоҳ Ўзининг йўлида қилинган садақа ва инфоқ етти юз баробаргача кўпайтирилиши Каломида баён қилган. Рамазон ойида эса бу миқдор янада оширилиши шубҳасиз. Саховат кўрсатаётган кишининг ихлоси ва қалбидаги эзгу нияти олинажак ажрни янада зиёда қилади.

Рамазондаги хайр-саховат ишлари турли кўринишлари қилиниши мумкин. Масалан, кам таъминланган оилаларга моддий томондан ёрдам қилиш, қаровсиз қолганлар, хусусан боқувчисини йўқотган оилалар, бемор ва қариялар ҳолидан хабар олиш мумкин. Бу ишлар йил бўйи қилиниши яхши. Аммо муборак Рамазон ойида айниқса, мана бундай пандемия даври синовли кунларда эзгу ишларга алоҳида эътибор қаратиш лозим саналади.

Моддий тарафдан қодир бўлган бой-бадавлат, айни пайтда сахий, қўли очиқ кишилар меҳр-саховат кўрсатиш билан қалби ўксик, меҳрга муҳтож кишилар дилига олам-олам қувонч бағишлайдилар. Яхшилик кўрганлар асосан уларга кўрсатилаётган алоҳида эътибордан, меҳр-мурувватдан кўнгиллари шод бўлади. Зеро, моддий нарсалар тезда эсдан чиқиши мумкин, бироқ бир калима ширин сўз ва илиқ табассум хотираларда йиллар давомида сақланиб қолади. Шу маънода моддий жиҳатдан қодир бўлганлар хайр-саховат ишларини ўз ўрнида қилганлари ҳам яхши. Аммо асосийси бу ойда бир-бирига меҳр кўрсатиш, ўксиган кўнгилларга умид бағишлаш, уларни хурсанд қилиш, ноумид қалбларга ишонч ва қувонч олиб киришдир. Зеро Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам ўз ҳадиси шарифларида: “Биродаринг юзига табассум билан боқишинг ҳам садақадир”, деганлар. Биз садақани фақат моддий мол-мулк шаклидагина тушунмаслигимиз керак. Садақа ва саховат ишлар кенг маъноли бўлиб, инсон ҳаётининг ҳамма жабҳаларини қамраб олади. Масалан, ота-онага яхшилик қилиш, аёлига мулойимлик билан муомалада бўлиб, фарзандларига шафқат кўрсатиш ҳам саховатнинг кўринишларидандир. Моҳи Рамазон ойларида мана шу каби ишларга алоҳида эътибор қаратсак, жамият аъзоларининг ўзаро тотувлигини таъминлашга, тинчлик ва хотиржамлик давомли бўлишига ҳисса қўшган бўламиз. Саховат кўрсатган, бир-бирига меҳр-оқибатли бўлган бандалардан Аллоҳ таоло рози бўлади. Тинчлик ҳукм сурган бу мустақил диёрда фаровон ҳаёт кечириб, Аллоҳнинг амрларини бажариш орқали У Зотнинг розилигига эришиш улуғ бахтдир. Бу бахт ҳар биримизга насиб этсин!

Мансурбек Рахимов

Хонобод шаҳар бош имом-хатиби