Ражаб ойининг фазилати

774

 Аллоҳ таоло инсонларнинг тўлақонли ҳаёт кечиришлари, сафар қилишлари, намоз, рўза, ҳаж каби ибодатларни вақтида адо этишларига қулайлик яратиш мақсадида кун, ой, йил ҳисобини ҳам жорий этган. Тарих воқеаларини белгилаш, тинмай ўтаётган вақт ҳисобини аниқлаб ёзиш ва кейинги авлодга қолдириш мақсадида йил, ой, кунларнинг ҳисобини тақвим шаклида қадимдан кенг истеъмол қилиб келинади.

Қуръони каримда ойларнинг сони ўн иккита қилиб яратилгани, булар биргаликда йил ҳисобини ташкил этиши баён этилган. Аллоҳ таоло ана шу ойларнинг тўрттасини, яъни Муҳаррам, Ражаб, Зулқаъда, Зулҳижжа ойларини “ҳаром”, яъни уруш ва қон тўкишлар ҳаром қилинган ойлар деб эълон этди. Бу ойларда уруш қилишни Аллоҳ таоло ҳаром қилган. Мазкур тўрт ойда агар уруш қилинса, Аллоҳнинг ҳукмини ўзгартириб, ҳаром нарсани ҳалол ҳисоблаш бўлади. Бинобарин, бу катта гуноҳдир. Ҳижрий – қамарий тақвимнинг еттинчи ойи Ражаб бўлиб, у ҳаром ойларнинг биридир. Бу муборак ойга боғлиқ бир неча маълумотлар бор. Уларнинг баъзилари мазкур ойнинг ҳаром ойлардан бири эканини баён этади.

 Уруш ҳаром қилинган ойлар – Зулқаъда, Зулҳижжа, Муҳаррам ва Ражаб ойлари яхшилик асоси қилиб қўйилгани, бу ойлар ҳурматланиши зарурлиги одатий ҳол эди. Бу ойларда жоҳилият вақтида ҳам урушлар таққа-тақ тўхтаган.

Абу Бакр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда баён этилишича, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз ҳажларида хутба қилиб: “Албатта, замон Аллоҳ осмонлару Ерни халқ қилган кунидаги ҳайъатига қайтди. Бир йил ўн икки ойдир. Улардан тўрттаси ҳаром ойлардир. Учтаси бирин-кетин: Зул қаъда, Зул ҳижжа ва Муҳаррам ва Жумади ва Шаъбон орасидаги Музарнинг Ражаби», дедилар” (Имом Бухорий, Муслим ва Абу Довуд ривояти).

Ражаб ойи ҳам муҳаррам ойлардан бўлгани учун унда нафл рўза тутиш кўп савобга эга бўлишнинг йўлларидан бири ҳисобланади. Усмон ибн Ҳакимдан ривоят қилинади: “Ражаб ойида турганимизда Саъид ибн Жубайрдан Ражаб рўзаси ҳақида сўрадим. У: «Ибн Аббоснинг: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам рўза тутар эдилар, ҳатто оғизларини очмасалар керак, дер эдик. Оғизлари очиқ бўларди, ҳатто рўза тутмасалар керак, дер эдик», деяётганини эшитганман», деди”.

Усмон ибн Ҳаким Саъид ибн Жубайрдан Ражаб ойи рўзаси ҳақида сўраса ҳам, у киши Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг доимий одатлари ҳақида жавоб берганлар. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам гоҳида сурункасига рўза тутар эдилар, ҳатто кишилар у киши оғизларини очмасалар керак, деб ўйлаб қолишарди. Гоҳида эса, сурункали оғизлари очиқ юрганларидан кишилар энди рўза тутмасалар керак, деб ўйлаб қолишар эди. У зот Ражаб ойида ҳам шундай қилган эканлар.

Мужийба ал-Боҳилийя розийаллоҳу анҳодан, у киши ўз оталари ёки амакиларидан ривоят қилади: “Унинг (отаси ёки амакиси) Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига борибди. Сўнгра эса бир йилдан кейин яна ҳолати ва кўриниши ўзгарган ҳолда келибди ва: «Эй Аллоҳнинг Расули, мени танимаяпсизми?», дебди. «Сени нима ўзгартирди, олдин чиройли кўринишда эдинг?», дедилар. «Сиздан ажраганимдан сўнг фақат кечасигина таом едим», деди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Нима учун ўзингни азобга солдинг?», дедилар-да, сўнгра: «Сабр ойи рўзасини тут ва ҳар ойдан бир кун тут», дедилар. «Бир оз қўшинг, менинг етарли қувватим бор», деди. «Икки кундан рўза тут», дедилар. «Бир оз зиёда қилинг», деди. «Уч кундан рўза тут», дедилар. «Бир оз зиёда қилинг», деди. «Ҳаром (ой)ларида рўза тут, сўнгра тарк қил, ҳаром (ой)ларида рўза тут, сўнгра тарк қил, ҳаром (ой)ларида рўза тут, сўнгра тарк қил, деб уч бармоқларини буклаб-ёзиб кўрсатдилар” (Абу Довуд, Аҳмад ва Насаий ривоят қилган).

Демак, Ражаб ойида нафл рўза тутиш савобли иш ҳисобланади. Машҳур «Саҳиҳ» китобларидан бошқа ҳадис китобларида келтирилган ривоятларда Ражаб ойида рўза тутганларга улкан савоблар ваъда қилинган. Аммо саҳиҳ бўлмаган ривоятларда ҳаддан ташқари тарғибот борлиги ҳам унутилмаслиги лозим.

 “Ким дунё савоби (ўлжа)ни ирода қилса, унга ўшандан берурмиз. Ким охират савобини ирода қилса, унга (ҳам) ўшандан берурмиз. Шукр қилувчиларни эса, албатта, мукофотлаймиз”.

Шояд, бу билан азиз умримизни ғанимат билиб, хайрли ва солиҳ амалларни қилиб боришга саъй-ҳаракатларимизни янада зиёда қилсак, Аллоҳ таоло буюрганидай ҳаёт кечирган бўлур эдик. Айниқса, ушбу ойнинг маъносида мужассам бўлган тинчликнинг қадрига етиш, уни асраш ва барқарорлигига ўз хиссамизни  қўшиш энг савобли амаллардандир.

Имом Ҳасан Басрий айтади: “Одам боласи, бир куни ўтса, бу ҳақда фикр қилсин. Агар бугунги куни яхшилик келтирган бўлса, бунга муваффақ қилгани учун Аллоҳга  шукрлар айласин. Агар бунинг акси  бўлса, тавба қилсин, кундузги нуқсон ва камчиликларини тунда бартараф этишга азму-қарор айласин. Зеро, яхшиликлар ёмонликларни ювиб кетказади. У соғ-саломат бўлгани учун Аллоҳга шукроналар айтсин! Қолган умрида камчиликларни тўлдириш мумкин бўлади”.

Аллоҳ таоло “ҳурматланган, уруш ҳаром этилган муҳаррам”, ойлардан бўлмиш Ражаб ойини барчаларимизга муборак айласин. Жаннатмонанд юртимиз осмонини мусаффо, халқларини тинч ва фаровон айлаб, ватанимиз тинчлиги ва осойишталигини барқарор қилсин. Азиз умримизнинг ҳар бир йили ва ойини солиҳ амаллар, яхшиликлар ва эзгуликлар билан безашимизни насиб этсин, ҳаммаларимизга икки дунё саодатини ато қилсин, омин!

Нурулло Бойматов

Андижон тумани

“Файзибой хожи”

жоме масжиди имом-хатиби