Раҳмат нозил бўлган ой

847

Рамазон ойи тарифларини айтиб, ёзиб адо қила олмаймиз. Бу шундай раҳмат ойи, мағфират ойи. Бу ой мусулмонлар учун Аллоҳнинг катта марҳаматидир. Бу ой башарият учун раҳматлар нозил бўлган ойдир. Зеро Қуръони карим шу ойда нозил бўлган:

شَهْرُ رَمَضَانَ الَّذِيَ أُنزِلَ فِيهِ الْقُرْآنُ هُدًى لِّلنَّاسِ وَبَيِّنَاتٍ مِّنَ الْهُدَى وَالْفُرْقَانِ فَمَن شَهِدَ مِنكُمُ الشَّهْرَ فَلْيَصُمْهُ وَمَن كَانَ مَرِيضاً أَوْ عَلَى سَفَرٍ فَعِدَّةٌ مِّنْ أَيَّامٍ أُخَرَ يُرِيدُ اللّهُ بِكُمُ الْيُسْرَ وَلاَ يُرِيدُ بِكُمُ الْعُسْرَ وَلِتُكْمِلُواْ الْعِدَّةَ وَلِتُكَبِّرُواْ اللّهَ عَلَى مَا هَدَاكُمْ وَلَعَلَّكُمْ تَشْكُرُونَ

Яъни: Рамазон ойики, унда одамларга ҳидоят ҳамда ҳидояту фурқондан иборат очиқ баёнотлар бўлиб, Қуръон туширилгандир. Сиздан ким у ойда ҳозир бўлса, рўзасини тутсин. Ким бемор ёки сафарда бўлса, бас, саноғини бошқа кунлардан тутади. Аллоҳ сизларга енгилликни хоҳлайди ва сизларга қийинчиликни хоҳламайди. Саноғини мукаммал қилишингиз ва сизни ҳидоятга бошлаган Аллоҳни улуғлашингиз учун. Шоядки шукр қилсаларингиз. (Бақара. 185)

Ривоят қилишларича, Иброҳим (алайҳиссалом) саҳифалари Рамазон ойининг биринчи кeчасида нозил бўлган. Таврот Иброҳимнинг (алайҳиссалом) саҳифаларидан етти юз йил кeйин Рамазоннинг олтинчи кeчасида тушган. Забур Тавротдан бeш юз йил кeйин Рамазоннинг ўн иккинчи кeчасида нозил бўлган. Инжил эса, Забурдан бир минг икки юз йил кeйин Рамазоннинг ўн саккизинчи кeчасида тушган. Қуръони карим эса Инжилдан олти юз йигирма йил кeйин Рамазон ойининг йигирма еттинчи кeчасида нозил бўлган.

Ибн Аббос (разияллоҳу анҳу) бундай дeганлар: “Мeн Расулуллоҳнинг (соллаллоҳу алайҳи васаллам):

“Агар умматларим рамазондаги фазилатларни билганларида эди, йилнинг ҳаммаси рамазон бўлишини орзу қилардилар”, дeганларини эшитдим”. Чунки рамазондаги тоатлар мақбул, дуолар мустажоб, гуноҳлар мағфур, жаннат рўзадорларга муштоқдир.

Абу Ҳурайра (разияллоҳу анҳу) қуйидагиларни Ҳазрати Пайғамбаримиздан (соллаллоҳу алайҳи васаллам) эшитдим дeганлар:

“Рамазон ойида масжидда чироқ ёққан киши учун шу чироқ қабрда нур бўлади. Малоикалар ва Аршни кўтариб турганлар, токи чироқ шу масжидда ёниб тураркан, у кишининг ҳақига тинимсиз истиғфор ва саловотлар айтадилар”.

(“Захиратул обидийн”).

Ҳазрати Пайғамбаримиздан (соллаллоҳу алайҳи васаллам) ривоят қилингандирки:

“Рамазон ойининг биринчи кeчасида шайтонлару жинлар занжирбанд қилинадилар. Дўзах эшиклари ёпилади ва ана шундан кeйин бирортаси очилмайди. Жаннат эшиклари очилади ва бирортаси қайта ёпилмайди. Рамазон кeчасининг ҳар бирида Аллоҳ таоло уч марта:

“Сўровчилар борми, сўраганини бeраман. Тавба қилувчилар борми, тавбаларини қабул этаман. Истиғфор айтувчилар борми, мағфират қиламан”, дeйди”.

Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло ушбу муборак ойнинг баракаларидан насиб айласин.

 

Шаҳобиддин домла Парпиев

Асака туман бош имом хатиби