عَنْ أَنَس بْنِ مَالِكٍ قَالَ قَال النَّبِيُّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ:» لَا يُؤْمِنُ أَحَدُكُمْ حَتَّى أَكُونَ أَحَبَّ إِلَيْهِ مِنْ وَالِدِهِ وَوَلَدِهِ وَالنَّاسِ أَجْمَعِينَ» رَوَاهُ البخاري

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Сиздан бирортангиз мен унга ота-онасидан, боласидан ва одамларнинг ҳаммасидан маҳбуброқ бўлмагунимча, (комил) мўмин бўла олмайди», дедилар». 

(Имом Бухорий ривоят қилган)

Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга бўлган муҳаббат у зотнинг тириклик пайтларида шахсларига нисбатан бўлса, энди ҳам шахсларига, ҳам динларига, ҳам суннатларига нисбатан бўлиши керак.

Иймонимизнинг комиллиги У зотга бўлган муҳаббатимизга тааллуқли бўлар экан,  уламолар киши қалбида Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам севгиси бор-йўқлигининг белгиси сифатида қуйидаги ўлчовни қўллашган:

1) Расуллуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг зиёратлари муяссар бўлганида уни бой бериш дунёдаги бор нарсани бой беришдан оғир бўлиши;

2) Расуллуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам амрларига итоат этиб, ман қилган нарсаларидан сақланиш;

3) Расуллуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам суннатларига амал қилиш ва шариатларини ҳимоя қилиш.

Шунингдек Расуллуллоҳ алайҳиссаломга бўлган муҳаббат У зотга эргашиш билан бўлар экан, бу нарса Аллоҳ таолонинг бизларга бўлган муҳаббати ва мағфиратини вожиб қилади. Зеро, Аллоҳ таоло:

قُلْ إِنْ كُنْتُمْ تُحِبُّونَ اللَّهَ فَاتَّبِعُونِي يُحْبِبْكُمُ اللَّهُ وَيَغْفِرْ لَكُمْ ذُنُوبَكُمْ وَاللَّهُ غَفُورٌ رَحِيمٌ

«Айтинг (Эй, Муҳаммад!): «Агар Аллоҳни севсангиз, менга эргашингиз. Шунда Аллоҳ сизларни севади ва гуноҳларингизни мағфират этади. Аллоҳ кечирувчи ва раҳмлидир» деб марҳамат қилади.

Тарихда бундай муҳаббатли зотлар кўп бўлган. Шак-шубҳасиз авваламбор саҳобаи киромлар бу борада биринчи бўлишган ва бизга ибрат кўрсатишган. Саҳобаларнинг бу муҳаббатини Расуллуллоҳ алайҳис саломнинг ҳар бир сўзини ҳеч бир тараддудсиз ишонч билан қабул қилишида, уларнинг Ислом динини ҳимоя қилишида, бу йўлда мол-дунёларини, жонлари ва қонларини тикишида ва уларнинг ҳатто Расуллуллоҳ алайҳиссаломдан тушган бир дона мўйни, таҳорат қилган сув томчиларини, туфлаган тупукларини талашиб, бир-бирлари билан уришиб кетай дейишларида кўришимиз мумкин. Ёки Расуллуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам саҳобаларнинг кўзларидан озроқ вақт ғойиб бўлиб қолсалар улар ўзларини қўярга жой тополмай қолар эдилар.

Жумладан, Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам вафотларидан кейин Абдуллоҳ ибн Умар саҳрода кетаётиб, бир жойга етганда туясидан тушар ва энгашиб ўтар экан. Бунинг сабабини сўраганларга “Шу ерда бир дарахт бор эди, Ҳазрати Расуллуллоҳ соллаллоху алайҳи васаллам унинг тагидан худди шундай энгашиб ўтардилар”, деб жавоб берган эди.

Саҳобалардан кейинги авлодлар ҳам бу борада катта ибрат бўлишган ва У зотга ҳақиқий муҳаббатларини кўрсатишган.

Имом Моликдай зот ҳам дунё ишларида Набий соллаллоху алайҳи васалламга тақлид қилишда машҳур эди: Мадинаи мунавварада бирор марта уловга миниб юрмади, Равзада имомлик қилганида доимо паст овозда гапирди.

Машҳур салжуқий подшоҳлардан Маҳмуд Ғазнавий таҳорати йўқ пайтда Муҳаммад исмли ходимини исми билан чақирмай, “Ҳой ходим” деб чорларди.

Увайс Қараний эса Уҳуд жангида Пайғамбар алайҳиссаломнинг бир тишлари сингани хабаридан сўнг сингани қай бири эканини билолмай барча тишларини ўзидан бегона қилди ва Аллоҳнинг Росулига садоқат завқидан масрур бўлди.

Уҳуд жангида бир аёлнинг эри, укаси ва отаси шаҳид бўлди. Уччовининг шаҳид бўлганини эшитган аёл “Менга Расуллуллоҳни кўрсатинглар, у зотни бир кўрай”, деди. У зотни кўрганидан кейин “Эй Аллоҳнинг Расули, сиз соғ-саломат экансиз, менга қолган мусибатлар ҳечдир”, деди.      

  Аллоҳ таоло барчаларимизни Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламга ҳақиқий муҳаббатли ва у зотнинг йўлларига эргашувчи бандалардан қилсин!

Анваржон домла Ибайдуллаев

Олтинкўл тумани «Уйшин»

жоме масжиди имом-хатиби