Ўзбекистонда Умрага борувчи зиёратчилар сони бўйича квота бекор қилинди

544

Авваллари фуқароларимиз умра сафарига бориш учун йиллаб навбат кутишар, бошқа йўллар билан бориш имкониятларини қидиришар эди.

Энди юртимиз фуқароларининг муқаддас зиёратга бўлган эҳтиёжларини тўлақонли қондириш мақсадида жамоатчилик кенгаши қарори асосида Умра сафарига борувчи зиёратчиларнинг сонини белгилаш бўйича (квота) чекловлар олиб ташланди. Бу ҳақда Брифингда айтиб ўтилди.

Авваллари узоқ навбат кутиб умра зиёратига борган фуқаролар 13 650 000 сўм миқдорида пул тўлаган.

Энди эса Жамоатчилик кенгаши томонидан Умра сафарига бормоқчи бўлган ҳар-бир фуқаро учун тўланадиган маблағ қиймати 5 804 000 сўм (бориш-келиш авиачиптасидан ташқари) миқдорда арзон бўлишига эришилди. Мазкур маблағга Саудия Арабистони Подшоҳлиги расмий визаси, Макка ва Мадина шаҳарларидаги 5 ва 4 юлдузли меҳмонхона, ўзбек ошпазлари томонидан тайёрланадиган таомлар, 24 соатлик бепул тиббий хизмат, мамлакатимиз рамзлари тушурилган махсус либос, ибодат қўлланмаси, бейжик, замонавий транспорт ҳамда бошқа зиёрат хизматлари киритилган. (Тошкент – Жидда – Тошкент авиачиптаси нархи 5 096 000 сўм).

Шу билан бирга, ҳозирги кунда умра сафарига бориш истагида бўлган фуқароларимизнинг кўп йиллик навбатини бартараф этиш, уларга қулай шарт-шароитлар яратиб бериш ҳамда турли хорижий йўллар (ҳавфсизлик кафолатланмаган тур фирмалар) орқали мамлакатдан чиқиб кетишларини олдини олиш мақсадида Умра мавсумини йил давомида ташкил этиш бўйича Ҳукумат қарори лойиҳаси ишлаб чиқилди.

ЎМИ матбуот хизмати

манба: @muslimuzportal