Оловни сув ўчиргандек, садақа хатони ўчиради

41

Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримиз Муҳаммад мустафо солаллоҳу алайҳи ва салламга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аллоҳ таолодан берилган барча нарсалар бизларга омонат бўлганидек, молу давлатимиз ҳам омонатдир. Аллоҳ берган бу молу давлатни Ўзи буюрган ва рози бўладиган жойларга сарфлашимиз даркор.

Сен иймон келтирган бандаларимга айтгин, намозни тўла-тўкис адо этсинлар. Савдо-сотиқ, оғайнигарчилик йўқ бўлган Кун келмасидан олдин уларга ризқ қилиб берган нарсаларимиздан махфий ва ошкор инфоқ қилсинлар” (Иброҳим сураси, 31-оят).

Садақанинг Аллоҳ таолога нақадар маҳбуб амал эканлиги ҳақида Қуръони каримнинг жуда кўплаб оятларида марҳамат қилинган. Хусусан, Бақара сурасининг 271-оятида: 

Садақаларни ошкор қилсангиз, бу қандай ҳам яхши! Агар уларни махфий қилсангиз ва фақирларга берсангиз, бу сиз учун яхшидир. Сиздан ёмонликларингизни кетказадир. Аллоҳ қилаётган амалларингиздан ўта хабардордир.

Ушбу ояти каримада садақани ошкора қилиш ҳам, махфий қилиш ҳам мақталмоқда. Бу ҳақдаги бошқа оят ва шаръий далилларни жамлаб, ўрганиб чиққан уламоларимиз хулоса қилиб айтадиларки, «Садақа фарз бўлса, уни ошкора қилиш яхши, чунки бу ҳолда Аллоҳнинг амрига итоат ошкора кўринади ва мазкур садақадан унга ҳақдор бўлмаган кишиларга ҳам тушиб қолиши мумкинлигининг олди олинади.

Агар садақа ихтиёрий бўлса, у махфий қилингани яхши. Риёдан ва манманликдан узоқда бўлинади». Ояти каримада:

«Садақаларни ошкора қилсангиз, бу қандай ҳам яхши!» – дейилганида фарз садақалар кўзда тутилган.

«Агар уларни махфий қилсангиз…» – дейилганида ихтиёрий садақалар кўзда тутилган.

«… ва фақирларга берсангиз, бу сиз учун яхшидир».

Яъни садақанинг энг ҳақдори камбағал-фақир кишилардир. Исломда садақанинг жорий қилиниши ҳам ўша тоифанинг ҳимояси ва ёрдами учун бўлган.

Садақа қилиш хоҳ ошкора бўлсин, хоҳ махфий бўлсин, доимо ўз эгасига фойда келтиради, унинг гуноҳлари ювилишига сабаб бўлади:

«Сиздан ёмонликларингизни кетказадир».

Бу ваъда ўз навбатида кишиларнинг қалбини ларзага солади, улардаги тақво ҳиссини орттиради.

«Аллоҳ қилаётган амалларингиздан ўта хабардордир».

Ҳар бир амалингизга ўзига яраша мукофот ёки жазо беради.

Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ушбу ояти кариманинг тафсирида қилинган ривоятда у киши айтадиларки:

«Аллоҳ таоло ихтиёрий садақада махфийликни жорий қилган. Бу борада махфийси ошкорасидан етмиш марта кўп савобга эга бўлади. Фарз садақанинг ошкорасини махфийсидан йигирма беш марта афзал қилган».

«Садақа» сўзи луғатда бировни икром қилиш нияти ила эмас Аллоҳ таолога қурбат нияти ила бериладиган нарсадир. Бу мано закот ва ихтиёрий садақани ўзи ичига олади. «Садақа» уламолар истилоҳида Аллоҳ таолога қурбат ҳосил қилиш нияти ила тириклик чоғида эвазсиз мулк қилиб беришдир.

Роғиб Асфиҳоний айтади: «Садақа инсон ўз молидан қурбат нияти ила чиқарган нарсадир.

Садақа хатони ўчиради. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Оловни сув ўчиргандек, садақа хатони ўчиради”, дедилар.

Садақа кишини дўзахга тушишдан асраб қолади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Дўзохдан агарчи яримта хурмо бериб бўлса ҳам ўзингизни эҳтиёт қилинглар”, деганлар.

Садақа қилувчи одам қиёмат кунида садақасининг соясида бўлади. Уқба бин Омир розияллоҳу анҳу айтади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бундай деганларини эшитдим: “Ҳар бир киши инсонлар ўртасида ҳукм чиққунча қилган садақасининг соясида туради”, дедилар.

Садақа инсон баданидаги касалликларга даво бўлади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Касалликларингизни садақа бериш билан даволанглар”, деганлар. Ибн Шақиқ дедилар: Бир киши ибн Муборакнинг олдига келиб, тиззасида бир яра борлигини, етти йилдирки муолажа қилсада ва табиблардан сўрасада фойда бермаётганини айтди.

Шунда ибн Муборак (Имом Бухорийнинг устозларидан) унга сен сув эҳтиёжи бўлган бир жойни топгинда, у ердан бир қудуқ ковла. Умид қиламанки, у ердан бир булоқ чиқадида ва сенинг ярангдаги қон тўхтаса дедилар. Ҳалиги одам шу ишни қилган эканки, шундан сўнг шифо топибди.

Садақа шунингдек қалб касаллигига ҳам даво бўлади. Бир киши Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга қалбини шафқатсизлигидан шикоят қилди. Шунда у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Агар қалбингни мулойим бўлишини истасанг, мискинни таомлантир ва етимнинг бошини сила”, дедилар.

Садақа балоларни даф қилади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Садақа балони даф қилади ва умрни узайтиради”, деганлар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Садақа қилишга шошилинг, чунки балолар (офатлар) садақа томонга қадам қўя олмайди ва яна садақа қилишга шошилинг, чунки садақа балони қайтаради ва балонинг (ерга) тушишини тўхтатади”, деганлар(Имом Байҳақий ривояти).

Садақа қилиш билан киши ҳақиқий яхшиликка эришади. Зотан Аллоҳ таоло Қуръони каримда: “Ўзингиз суйган нарсадан нафақа қилмагунингизча, ҳаргиз яхшиликка эриша олмассиз” (Оли Имрон сураси, 92-оят) деб марҳамат қилган.

Садақа соҳибини ҳар куни бир фаришта унинг берган нарсасини тўлдиришини сўраб дуо қилади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:

Ҳар куни банда тонг оттирар экан, икки фаришта тушиб, уларнинг бири шундай дейди: “Эй Аллоҳим инфоқ қилган кишини инфоқининг ўрнини бергин”, деганлар.

Садақа молга барака киритади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Садақа молдан ҳеч бир нарсани камайтирмайди”, дедилар. 

Уламолар садақани инсоннинг имони борлигини тасдиқловчи амал дейишган. Чунки хайр-эҳсон қилувчи киши ўзига бегона бўлган ва ҳеч ҳам ундан манфаъат умид қилмайдиган одамга имкониятидан келиб чиқиб бир нарсани беради. Бу ҳақда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар:

“Садақа ҳужжат ва далилдир (яъни, имони борлигига)” (Имом Термизий ривояти). Демак, хайри эҳсон қилиш орқали киши яна бир бор имонини мустаҳкамлигини тасдиқловчи ҳужжатни қўлга киритган бўлади.

Аллоҳ таоло барчамизни эҳсон қилгувчи, сахий ва кўпчиликка ёрдами тегадиган кимсалар қаторидан қилиб, уларга ваъда қилинган савоб ва фазилатларидан барчамизни баҳраманд айласин!

Аллоҳ таоло барчаларимизни оқибатларимизни хайрли қилсин, кетар чоғимизда иймонимизни ўзимизга ҳамроҳ айласин.  Устиимздаги бу улкан синовдан (касалликдан) барчаларимиз гўзал сабр, ибрат ва бардавом дуолар билан, сўнгида эса савоб, ажр ва мукофот билан чиқмоқликни насиб қилсин.

Юртимиз тинч, осмонимиз мусаффо барчамиз самимият билан истиқомат қилмоқдамиз, Аллох таоло бу неъматини устимизда бардавом қилсин.

Биз фуқароларга кечасию кундузи жон куюктириб ҳизмат қилаётган Юртбошимиз ва барча диний ва дунёвий раҳбарларимизни қилаётган хайрли ишларида Аллоҳ таоло Ўзи ёрдамчи бўлишини сўраб дуо қилиб қоламиз…

 Хўжаобод туман “Етти чинор” жоме масжиди имом  ноиби Мухаммадкуддус Абдулманнон тайёрлади.