Оилалар нега дарз кетмоқда?

1147

Оила – жамиятнинг бир бўлаги. Жамият равнақи оила равнақи билан чамбарчарс боғлиқ. Демак, оилалар мустахкамлигига давлат сиёсати даражасида қаралаётгани бежиз эмас. Турмушимиз тобора фаровонлашаётган пайтда оилалар мўртлашаётгани ташвишланарли холат.

   Бугун давр ўзгарган. Оналик ва болалик давлат мухофазасига олинган. Эндиликда буни ҳар бир ота-она, оила соҳиби англаб етиши ва унга риоя қилиши талаб қилинади.

   Айрим оилаларда моддий фаровонликка эришиш асосий мақсад сифатида белгилангани, нафақат ёшлар, балки катталар орасида ҳам молпарастликнинг авж олгани маьнавий қадриятларнинг емирилишига сабаб бўлмоқда. Баьзилар орзу-ҳавас деганда фақат чиройли тўй қилиб, қимматбаҳо кийимлар кийиб, тансиқ таомлар ейишни тушунади. Бугун хар бир хонадонда икки учтадан телевизор, музлатгич ва бошқа маиший жихозлар бор. Қимматбаҳо мебеллар, машина ва бошқа буюмларни кўз-кўз қилишни яхши кўрамиз. Бироқ ҳамма хонадон ҳам китоб жавонига эга эмас. Маьнавиятсизлик оилада носоғлом муҳитни юзага келтиради. Қиз бола дунёга келса, болалигидан бошлаб уни келинликка тайёрлаймиз. Аммо бу тайёргарлигимиз одатда қизга сеп йиғиш, уй юмушларини бажаришни ўргатишдан иборат бўлади. Афсуски, қиз боланинг маьнавий, ахлоқий, жисмоний саломатлигига камдан-кам эьтибор қаратамиз.

   Айрим йигитларимиз ҳақида ҳам худди шундай фикр билдириш мумкин. Бирор касбнинг этагини тутмаган, интернет тармоқларида турли беҳаё видеолавҳалар томоша қилиб вақтини ўтказиб келган, ота-онасининг ҳисобига турмуш кечирувчи йигит оиланинг қадрига етармиди?

   Муқаддас динимизда оила ниҳоятда қадрланади. Оила бузилса арш титрайди дейишади. Қурони каримда эр-хотин ҳақида   “… Улар сизлар учун либос, сизлар улар учун либосдирсиз…”, дейилган (Бақара сураси, 187-оят).  Эр-хотин бир-бировини тўлдтриб туради, бир-бирини тарбиялайди. Турли ёмон иллатлардан асрайди. Бир-бирини тушуниб, қўллаб-қувватлаб яшовчи оила соҳиблари узоқ умр кечирадилар. Никоҳнинг улуғ неьмат экани ҳақида Пайғамбаримиз Муҳаммад (С.А.В.) шундай деганлар: “Киши оила қурса, динининг ярмини мукаммал қилган бўлади, қолган ярмининг мукаммал бўлмоғи учун тақво-тазарру қилсин”.

   Оилавий ажримлардан энг кўп жабр чекадиганлар фарзандлардир. Руҳий изтироблар боланинг соғлом вояга етишига салбий таьсир қилади.

   Кўриб турганимиздек, оилавий ажримлар жамият учун фақат зарар келтиради. Шу боис ушбу муаммонинг олдини олишга эьтибор кучайтирилмоқда.

Андижон шахар “Хонақо” жоме масжиди имом-хатиби: Салимжон Шокиров