Оилада муроса керак

462

Оила – инсоният тарихининг ҳамма даврларида жамиятнинг негизи ҳисобланган. Оила мустаҳкам, тинч, ҳалол ва пок бўлса, жамият ҳам осойишта ва фаровон бўлади. Бахтли оилалар туфайли бахтли жамият вужудга келади. Никоҳ − бу фақатгина табиий эҳтиёж ёки жамият муаммоси ёҳуд тараққиёт омили ҳам эмас. Балки ҳаммасини ўз қамровига олган илоҳий фармон. Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло “Нур” сурасида марҳамат қилади:

وَأَنكِحُوا الْأَيَامَى مِنكُمْ

Яъни: “Ораларингиздаги никоҳсизларни никоҳлаб қўйинг”

Шунингдек никоҳга тарғиб қилгувчи бир қанча ҳадислар ҳам ривоят қилинган.

عن عبد الله بن مسعود رضي الله عـنه، أن رسول الله صلى الله عليه و سلم قال: يا معشر الشباب، من استطاع منكم الباءة فليتزوج، فإنه أغض للبصر، وأحصن للفرج، ومن لم يستطع فعليه بالصوم فإنه له وجاء”. أخرجاه من حديث ابن مسعود.   رواه البخاري و مسلم

Абдуллоҳ ибн Масъуд разияллоҳу анҳудан  ривоят қилинади:

Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Эй, йигитлар жамоаси! Сизлардан кимки никоҳга имкон қила олса уйлансин. Чунки, у нарса ҳақиқатан кўзни тўсгувчи ва фаржни сақлагувчироқдир. Ва кимки имкон қила олмаса унга рўза лозим, зеро у нарса унинг учун бичгувчироқдир”. (Бухорий ва Муслим ривоятлари)

Оилани ушлаб қолишнинг асосий шартларидан бири муроса қилишдир. Бу эрга ҳам хотинга ҳам тегишли гап. Вақти келиб хотиннинг феъли келиб қолса,эркик кечиримли бўлиши керак. Шунингдек, эрнинг жаҳли чиқиб қолганда хотин ҳам теппа-тенг олишмасдан бир гапдан қолса эди, жуда ҳам кўплаб оилалар ислоҳ бўлиб кетар эди.

Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло “Нисо” сурасининг 19-оятида эркакларга хитоб қилади:

وَعَاشِرُوهُنَّ بِالْمَعْرُوفِ فَإِنْ كَرِهْتُمُوهُنَّ فَعَسَى أَنْ تَكْرَهُوا شَيْئًا وَيَجْعَلَ اللَّهُ فِيهِ خَيْرًا كَثِيرًا (19)

Яъни: “Улар билан яхши яшанглар. Агар сизлар уларни ёмон кўрсаларингиз, шоядки бир нарсани ёмон кўрсангиз  ҳам Аллоҳ ўша нарсада кўпгина яхшиликларни қилиб қўйса”.

Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам насиҳат қилганлар:

عَنْ أَبِى هُرَيْرَةَ عَنِ النَّبِىِّ -صلى الله عليه وسلم- قَالَ « مَنْ كَانَ يُؤْمِنُ بِاللَّهِ وَالْيَوْمِ الآخِرِ فَإِذَا شَهِدَ أَمْرًا فَلْيَتَكَلَّمْ بِخَيْرٍ أَوْ لِيَسْكُتْ وَاسْتَوْصُوا بِالنِّسَاءِ فَإِنَّ الْمَرْأَةَ خُلِقَتْ مِنْ ضِلَعٍ وَإِنَّ أَعْوَجَ شَىْءٍ فِى الضِّلَعِ أَعْلاَهُ إِنْ ذَهَبْتَ تُقِيمُهُ كَسَرْتَهُ وَإِنْ تَرَكْتَهُ لَمْ يَزَلْ أَعْوَجَ اسْتَوْصُوا بِالنِّسَاءِ خَيْرًا ».  (صحيح المسلم)

“Сизларга хотинлар ҳақида васият қиламан. Хотин киши қобирғадан яралгандир. Қобирғанинг қийшиқроғ жойи юқорисидур. Уни тўғрилайман деб уринсанг синдириб қўясан. Агар тек қўйиб қўйсанг қийшиқликдан қолмайди. Хотинларга яхшиликни васият қиламан”. (Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан Бухорий ва Муслим ривоятлари)

Имом Бухорий Анас разияллоҳу анҳудан ривоят қилади:

“Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам хотинларидан бириникида эдилар. Мўъминларнинг оналаридан бирлари бир идишда таом юбордилар. Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам уйларида турганлари хизматчининг қўлига урдилар. Бас, идиш тушиб бўлиниб кетди. Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам идиш бўлакларини жамлаб:

“Оналарингиз рашк қилиб қолдилар-да!” – дея ўша идишдаги таомни йиғдилар.

Сўнг ўша уйдагисидан (бошқа) идишни олиб чиққунларига қадар хизматчини ушлаб турдилар. Бутун идишни идиши синганга юбориб, синиғини синдириб юборганнинг уйида олиб қолдилар”.

Яна бошқа ривоятларда келишича, ўша пайтда уйда меҳмонлар ҳам бўлган ва меҳмонлар ўша тўкилиб кетган таомни тановул қилгунларига қадар овқат олиб келган хизматчи кутиб турган.

Анваржон Холиқов

Асака тумани

“Пастки Қурама”

жоме масжиди имом хатиби