ОДАМ САВДОСИ ҚУЛЛИК БАЛОСИ

1169

Аллоҳ таоло инсонни азиз ва мукаррам қилиб, уни кўплаб неъматлар билан зийнатлаган. Инсонни ўз эркига эга бўлиши, тинчлик,  хотиржамликда ҳаёт кечиришири бу неъматларнинг энг улуғларидан биридир. Шунинг учун ҳам, ислом дини инсон қадр – қийматини юқорига кўтаради, эъзозлайди. Исломдан илгари жоҳилият замонига назар солсак, инсонлар табақаларга бўлинар, паст табақадаги инсонлар камситилар, эътибор берилмас, ҳатто, қул бозорлари мавжуд бўлиб уларда инсонларни сотишлик одатий ҳол эди. Ислом дини келганидан кейин инсоннинг ҳуррияти  масаласига алоҳида эътибор берилиб кимики бир инсонни ҳурриятига сабаб бўладиган амални қилса унга ажру ҳасанотлар берилиши ваъда қилинди.

 Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам : “Кимики бир инсонни қулликдан озод қилса, Аллоҳ таоло қиёмат кунида қулликдан озод қилинган инсоннинг  ҳар бир аъзоси баробарига озод қилувчи инсонни ҳар бир аъзосини дўзахдан озод этади ”, деб марҳамат қилдилар.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам дан бу хабарни эшитган саҳобалар ўзларини қулларини озод қилишга шошилишар, ҳатто,  Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу каби мол давлат эгалари бўлган саҳобалар эса пулларини сарфлаб бўлса ҳам қулликда машаққат чекаётган инсонларни  озодликка  чиқарганлари маълум ва машҳурдир.

Шариатимизда савдо деб шаръий қийматга эга бўлган ўз мулкидаги молни шариатда қийматли молга алмаштириш тушунилади, ўзи эгалик қилмайдиган нарса устидаги савдо эса таъқиқланади, савдонинг ушбу асосий шартларига риоя қилмаган инсонлар қиёмат куни азобланадилар.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам дан ривоят қилган ҳадиси қудсийда  Аллоҳ таоло: “Мен қиёмат кунида  уч нафар киши билан хусуматлашаман; мени номим билан қасам ичиб сўнг хиёнат қилган, ҳур одамни сотиб пулини еган, яна бир кишики, бир инсонни ишлатиб ундан тўлиқ фойдаланиб уни ҳаққини бермаган“ , деб  ҳабар беради. Кўриниб турибдики, динимизда инсоннинг ҳурлигига, қадр-қимматига катта эътибор берилади, уни топталишига йўл қўйилмайди.

Исломда инсон қадри шу даражадаки, қасамини устидан чиқмаслик, рўзани қасддан бузишлик каби хатоларни тўғрилаш  қул озод қилишлик орқали амалга оширилади.

Ҳамюртларимиз ичида шариатимизда қаттиқ қайтарилган одам савдоси ва бошқа нопок ишлар билан шуғулланиб шу орқали мўмай даромад топиб, бойиш илинжида бу йўлда ҳеч нарсадан қайтмасдан ўз яқинларини ҳам, эркагу-аёл демасдан, уларни ҳақларини поймол қилиб, ёлғон ваъдалар бериб,  уларга арзимас матоҳ сифатида қараб сотиб юборишлари  чидаб бўлмайдиган ишдир.

Бундай кимсаларни алдовларига учиб ўзга юртларда хору-зорликда, ваъда қилинган “кўплаб маблағлар” уёқда турсин бир бурда нонга зор бўлиб қул сифатида муомала қилинаётган жабрдийдалар, ҳатто қадрлари юксак, она деган улуғ ном соҳибалари бўлган аёлларни  энг жирканч иш бўлмиш  фоҳишаликка мажбур қилинаётганликларини нима деб изоҳлаш мумкин? Ахир улар ҳам кимларнидир азиз фарзанди, кимларнидир меҳрибон отаси, онаси ёки опа-синглиллари  эдиларку.

Улар ўз ҳақ-ҳуқуқларини билиб, тинчлик, тани сиҳҳатлик каби неъматлар қадрига етиб, етиб бўлмас орзу –ҳавасларга берилмасдан оиласи бағрида юрганларида  бундай аянчли кунларга тушмаган бўлар эдилар.

Пайғамбаримиз  соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳадисларининг бирида:

Қайси бирингиз тонгда уйқудан уйғонганда оиласи тинч, тани соғ ва уйида бир кунлик егулиги бўлса, билсинки, унда дунёдаги барча неъматлар мужассам экан”, – деб марҳамат қилганлар. (Имом Термизий ривояти)

Яна бир ҳадиси шарифда  Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Икки неъмат борки, инсон кўп ҳолатларда уларнинг қадрига етмайди; тинчлик ва тани сиҳҳатлик ”, деганлар.

Азизлар! Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам дан “Сиздан ким ёмон-мункар ишни кўрса, уни қўли билан қайтарсин, агар бунга қодир бўлмаса, тили билан қайтарсин, агар унга ҳам қодир бўлмаса, дили билан қайтарсин, ана ўша иймоннинг заифлигидандир”, ҳадиси шариф ворид қилинган.

Мункар” иш дегани ёмон иш деганидир. Бугунги кунимизда одам савдоси ёмон ишларнинг ҳам энг ёмонидир. Ушбу ҳадиси шариф ҳукмига биноан, одам савдосига қарши кураш ҳамманинг бурчидир. Дунёнинг барча ривожланган давлатларида одам савдосини қонун билан тақиқлаб қўйилгани каби кундан кунга тараққий этиб бораётган юртимизда ҳам бу борада салмоқли ишлар олиб бориляпти. Хусусан, Ўзбекистон Республикасининг “Одам савдосига қарши курашиш тўғрисидаги” қонуни ижросини таъминлаш борасида  муҳим ишлар амалга оширилмоқда.

Ушбу хайрли ишлар самараси ўлароқ шояд, бундай қабиҳ ишларни қилаётган кимсалар ўзларининг бу жирканч ишларидан қўлларини тортиб, Аллоҳ таолога чин тавба тазарруъ қилиб, қабиҳ қилмишларини кечирилишини сўрасалар. Зеро,  Аллоҳ тавбаларни қабул қилгувчи зотдир.

Манбалар асосида:

Андижон вилояти Хўжаобод тумани

“Етти чинор” жоме масжиди имом-ноиби

Муҳаммадқуддус Абдуманнон тайёрлади.