Оғизни озода тутиш

1544

Расулуллоҳ (с.а.в) айтадилар: “Мисвокни лозим тутинглар, чунки унда ўнта хислат бордир:
1-оғизни поклайди.
2-Рабб рози бўлади.
3-Шайтон ғазабланади.
4-Раҳмон ва фаришталар уни яхши кўради.
5-Милкни мустаҳкамлайди.
6-Балғамни кесади.
7-Оғиздаги ҳидни хушбўй қилади.
8-Оғиздаги аччиқни кетказади.
9-Кўзни равшанлантиради.
10-Турли ёқимсиз сассиқ ҳидларни йўқ қилади.”
Сўнгра яна Расулуллоҳ (с.а.в): “Мисвак билан ўқилган намоз мисваксиз ўқилган намоздан етмиш марта афзалдир”, деб айтдилар.
Мисвак суннат амаллардандир. Ҳасан Басрий (р.а): “Сўз амал билан дуруст бўлади. Амал билан сўз ният билан дуруст бўлади. Сўз,амал ва ният суннат билан дуруст бўлади” деганлар.
Пайғамбаримиз(с.а.в) айтадилар: “Оғизларингизни пок тутинг, зеро у Қуръон йўлидир”.
Оғиз бу Аллоҳни зикр қиладиган, Қуръон ўқийдиган, одамлар билан мулоқот қиладиган ўриндир. Улуғлар айтадиларки: Аллоҳнинг фаришталари қуръон ўқувчи кишиларни тилларига қуръон оятларини ҳарфма-ҳарф етказиб турар экан. Шундай экан оғизни пок тутиш билан бир қаторда, оғиздан бемаъни, беҳуда, беҳаё, ёлғон, фаҳш, ғийбат ва шунга ўхшаш нарсаларни чиқишидан ҳам тийилмоқ лозимдир.

“Муҳаммад Розиқбой”
масжиди имоми О.Каримов