НЕЪМАТГА ШУКР БАЛОГА САБР

795

Албатта инсон ҳаёти турли хил имтихонлардан иборатдир. Инсонга умри давомида Аллоҳ томонидан турли хил неъматлар ва синовлар юборилади. Инсоннинг вазифаси эса неъмат келганда унинг шукрини адо қилиш ва синов келганда гўзал сабр қилишдир. Ва бу иши билан инсон саодатга эришади. Бунга Рaсулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қуйидаги ҳадислари ёрқин далилдир.
Суҳайб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
“Мўминнинг иши ажойиб. Унинг барча иши ўзига яхшиликдир. Бу фақат мўминлардагина бўлади. Агар унга ҳурсандчилик етса, шукр қилади, бас, унга яхши бўлади. Агар унга ҳафачилик етса, сабр қилади, бас, унга яна яхши бўлади” – дедилар.
Лекин биз кўп ҳолларда буни унутиб қўямиз ва бизга берилган неъматларга ношукрлик қилиб қўямиз. Гоҳида эса буни неъмат эканлигини билмаймиз, гоҳида эса билиб туриб ҳам шукр қилмаймиз. Ҳолбуки бизга берилган неъматларга шукр қилсак Аллоҳ таоло бизга уни кўпайтириб беради. Лекин буни аксини қилиб ношукрлик қилсак азоби муқаррардир. Бунга Аллоҳ таолонинг сўзи далилдир:
“Ва Роббингиз сизга: «Қасамки, агар шукр қилсангиз, албатта, сизга зиёда қилурман. Агар куфр келтирсангиз, албатта, азобим шиддатлидир», деб билдирганини эсланг. (Иброҳим сураси 7-оят)
Неъматга шукр қилиш Аллоҳга ҳамд айтиш ва берилган неъматларни Унинг йўлида холис Ўзининг розилиги учун сарфлаш билан бўлади. Бу эса инсоннинг тўғри йўлда эканлигини билдиради. Ношукрлик эса неъматлар учун Аллоҳга ҳамд айтмаслик ва ушбуларни Аллоҳ берганини тан олмасдан буларнинг барига ўзи эришганига ишониш билан бўлади. Бундай инсонлар неъматни менга Аллоҳ берган демайди. Улар буларни барчасига ўз меҳнатим, билимим, тиришқоқлигим, сай ҳаракатим билан эришганман дейди. Бу эса очиқ ойдин Аллоҳга куфрдир. Бундай неъматлар узоққа бормайди, Аллоҳ уни улардан тезда олиб қўяди. Ҳар бир инсон ҳарбир нарса Аллоҳ томонидангина берилишини билиши ва тан олиши лозим. Шукроналик банданинг ўзигагина фойда , куфр эса унинг зараригагинадир. Аллоҳ таоло ҳеч кимнинг шукрига муҳтож эмас.
Оятнинг давомида Мусо алайҳиссалом ўз қавмига шундай дегани зикр қилинади:
Мусо: «Агар сиз ва ер юзидаги кимсалар ҳаммангиз куфр келтирсангизлар ҳам, албатта, Аллоҳ беҳожат ва мақталган зотдир. (Иброҳим сураси 8-оят)
Имом Муслим Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан ушбу оят маъносидаги ҳадиси қудсийни ривоят қилади: Аллоҳ таоло қуйидагиларни айтади: «Эй бандаларим, агар аввалингиз ҳам, охирингиз ҳам, инсингиз ҳам, жинингиз ҳам ораларингизда энг тақводор шахснинг қалбига эга бўлсангиз, Менинг мулкимда бирон нарсани зиёда қилмайди. Эй бандаларим, агар аввалингиз ҳам, охирингиз ҳам, инсингиз ҳам, жинингиз ҳам ораларингизда энг фожир шахснинг қалбига эга бўлсангиз, Менинг мулкимдан бирон нарса кам бўлмайди». Демак бундан яққол кўриниб турибдики инсон шукр қилса ҳам ўзига, куфр келтирса ҳам ўзига. Яъни шукр келтирса ўзига фойда, куфр келтирса ўзига зарар бўлади.
Бундан ташқари бандага бирор ташвиш ёки қийинчилик келиши унинг гуноҳларига каффорат ҳам бўлиши мумкин. Бунга қуйидаги Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадислари далил бўлади:
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудандан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
“Мўмин ва мўминага жонида, боласида ва молида бало етиши бардавом бўлади. Токи у Роббига рўпара бўлганда бирор гуноҳи қолмасин”, дедилар”.
Бундан кўриниб турибдики бизга келган бало ҳам аслида неъмат бўлар экан. Чунки ҳар бир инсонга гуноҳлари ювилиши ва жаннатга киришданда зиёдароқ неъмат бўлмаса керак. Бунинг шарти эса инсонга синов келганда уни Аллоҳ таолонинг ҳукми деб билиб, ушбу синовга гўзал сабр қилиши лозим бўлади.

А. Ибайдуллаев

Олтинкўл туман

“Уйшин”

жоме масжиди имом-хатиби .