Муҳаммад Сиддиқ Миншавий

1125

Миср юрти дунёга Қуръони каримнинг кўплаб машҳур ҳофизлари ва билимдонларини етиштириб берган. Улар орасида машҳур қори Муҳаммад Сиддиқ Миншавийнинг алоҳида номи ва эътибори бор.

Муҳаммад Сиддиқ Миншавий 1920 йили Мисрнинг Миншоҳ шаҳрида дунёга келди. Аллоҳ таоло бу саодатманд болага ғайриоддий бир истеъдод, қувваи ҳофиза, ҳавас қилгулик зеҳну идрок ато этган эди. Буни сезган отаси унга тили чиқиши биланоқ илоҳий ваҳий каломларини ўргата бошлади. У Қуръони Каримни жуда эрта хатм қилди. Тўққиз ёшидан бошлаб ҳар йили минглаб намозхонлар ҳузурида Қуръони мажидни хатм қилар, бошқа пайтларида тенгдошларига қироат ва тажвиддан сабоқ берар эди.

Муҳаммад Сиддиқ ўсмирлигидаёқ Қуръон илмларининг билимдони сифатида ном чиқарди. Унинг вужудларни титратиб юборадиган майин ва ёқимли овози бор эди. Талаффузи хатосиз, нуқсонсиз эди. Оятларни ўқиш ва тингловчига етказишда ўз услуби шаклланди. Аллоҳнинг Қуръондаги амр-фармонлари ва ваъидлари, қиёмат, дўзах, бандаларга бериладиган азоб зикр этилган ўринларни қироат қилаётганида унинг овози ҳар қачонгидан баланд бўлар, гулдурос, жаранг кучаяр эди. Аксинча, Аллоҳ таоло ваъда қилган мукофотлар, жаннат, иймон эгаларининг охират дунёсидаги мақом-мартабалари васфи келганида овози майинлашар, қалбларга таскин ва ором берувчи оҳанглар сизиб кирар эди. У бир неча танловларда иштирок этиб, пешқадамлардан бўлди.

Атоқли қори тез орада нафақат Мисрда, балки бутун дунёда бетакрор овоз соҳиби, қироатда янги йўналиш, янги услубни бошлаб берган ҳофиз сифатида машҳур бўлди. У Сурия, Қувайт, Форс кўрфази мамлакатларида бўлиб, минглаб мусулмонларга Қуръон  тиловат қилиш тажрибаларини намойиш этди. Унинг янги услуби туфайли қориларнинг қироат ва талаффуз имкониятлари сезиларли даражада кенгайди.

Муҳаммад Сиддиқ Миншавий 1969 йили қирқ ёшида саратон хасталигидан вафот этди. Аммо унинг Қуръон тиловатидаги услуби, у тарқатган қуръоний илмлар жаҳон қориларининг бебаҳо мулкига айланди. Юзлаб шогирдлари устознинг маҳорат ва билимларини авлодларга етказишмокда.