МИССИОНЕРЛАРДАН ОГОҲ БЎЛИНГ!

688

Ахборот алмашинуви мисли кўрилмаган даражада тарққий топган бугуни кунда Ер юзининг хоҳлаган гўшасида содир бўлаётган ҳодисалардан хабардор бўлиш имконияти кенгайди. Турли миллат, элат ва дин вакиллари бемалол ҳар қандай ҳолатда бир-бирлари билан мулоқот қилиш ва фикр алмашиниш имконига эга.
Интернетдан олинган маълумотларга қараганда Япония, АҚШ, Англия, Австралия ва бошқа жойларда маҳаллий мусулмонлар келгиндилар сонидан ортиб бормоқда. Ислом дини бутун курраи-Замин бўйлаб таралиб, кундан кунга ривожланиб бормоқда. Шу билан бирга миссионерлик ҳаракатлари ҳам жадал давом этиб бораётганлиги бизларни бефарқ қолдирмаслиги керак. Улар мусулмонлар орасига кириб олиб турли иғво ва асосиз сафсаталарини жамоат оммасига тарқатишга ҳаракат қилмоқдалар.
“Миссионерлик (лотинча: миссия – “юбориш”, “топшириқ”, “вазифа” маъноларида бўлиб) бирор динни ўз юртидаги ёки ўзга юртлардаги ғайридинлар ўртасида тарқатиш бўйича христиан черков ташкилотларининг фаолиятидир. Миссионерлик босқинчилик урушлари даврида ҳам мустамлакачи империяларни барпо этиш ва мустаҳкамлашда идеологик экспанция турларидан бири бўлган. Миссионерлар ошкора ёки махфий равишда Америка, Осиё ва Африка халқларини забт этишда қатнашганлар”. (Энциклопедик луғат)
Шуниси эътиборликки, Ислом динини ўзларига ниқоб қилиб олган оқимлар қандай қораланса, христиан динида ҳам ўз ичидан чиққан миссионерлар шундай қораланади.
Ҳолбуки, биз мусулмонлар Ислом динимиз таълимотидан келиб чиқиб, христиан дини асли илоҳий дин эканига иймон келтирганмиз. Аллоҳ таоло Ийсо алайҳиссомга Инжил китобини нозил этганига ишонамиз. Исо алайҳиссаломнинг номларини тилга олганимизда албатта, у кишининг исмларидан сўнг “алайҳиссалом” (у зотга салом бўлсин) деган жумлани қўшамиз.
Лекин улар ўша диннинг диний китобларида ҳам ягона Аллоҳга ва Унинг охир замон пайғамбари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламга итоат этиш керак эканлиги айтилганини билмайдилар. Биладиганлари ҳам бу гапларни қавмларидан яширадилар.
Аллоҳ таоло китоб аҳли Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламни танишлари ҳақида шундай хабар берган:
الَّذِينَ آتَيْنَاهُمُ الْكِتَابَ يَعْرِفُونَهُ كَمَا يَعْرِفُونَ أَبْنَاءهُمْ وَإِنَّ فَرِيقاً مِّنْهُمْ لَيَكْتُمُونَ الْحَقَّ وَهُمْ يَعْلَمُونَ
Яъни: “Биз китоб берганларимиз (яҳудийлар билан насронийлар) уни ўз ўғилларини танигандек танийдилар. Уларнинг бир фирқаси, шубҳасизки, ҳақиқатни билиб туриб яширадилар”. (Бақара:146)
Ўтмиш пайғамбарларнинг ҳаммаси ўз қавмига охир замон пайғамбари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг башоратларини берганлар
Маълумки ҳозирги мавжуд бўлган Таврот, Забур, Инжил ва бошқа саҳифаларни ўзида мужассамлаштирган Библия деб аталмиш китоб замонлар ўтиши билан ўз аслий нуқтасини йўқотган. Бироқ шунга қарамай Қуръони Каримда зикр қилинган Инжил, Таврот, Забурлардаги охир замон пайғамбари ҳақидаги башоратлар ҳамон бу китобларда мавжуддир. Бу башоратларни асри саодатда яширган роҳиблар ҳали ҳам яшириб, беркитиб келмоқдалар.
Дарҳақиқат бугунги кундаги Библия китобида бир қанча пайғамбарлар алайҳимус саломларнинг башоратлари берилган. Хусусан Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламни шундай таништирганларки, ҳар қандай одам бу башоратларни эшитганларидан кейин дарҳол Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни танир эдилар.
Тарихда Варақа ибн Навфал, Ҳабашистон подшоҳи Нажжоший, Рум салтанатининг подшоҳи Ҳирақл, Шомдаги Бусролик роҳиб Буҳайро ва бошқалар Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламда пайғамбарлик аломатларни кўриб унинг охир замон пайғамбари бўлишидан башорат берганлар ёки улар пайғамбар деб тан олганлар.
Дарҳақиқат Ийсо алайҳис-салом Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламни кўп таъриф қилганлар. У Зоти шарифнинг аломатларини ўз кўзи билан кўргандек баён қилганлар. Ўзларини “агар Унинг чориғининг боғичини боғлашга Аллоҳ мени лойиқ қилса, ўзимни улуғ пайғамбарлардан ҳисоб қилган бўлар эдим”,- деб эътироф қилар эдилар. У нафақат аломатларини, балки исму шарифларини ҳам айтиб берганлар. Бунга Қуръони Карим ояти ва ҳамда библияшунос мусулмонларнинг баҳсларида ҳам гувоҳи бўласиз.
Аммо манманлик, кибру-ҳаво, ўзбошимчалик, ўз динида ғулув кетишлик натижасида уларнинг аксариси адашдилар. Натижада Таврот, Инжилда буюрилган амаллардан юз ўгирдилар, ўзларига юборилган пайғамбарларини Худо қилиб олдилар, Аллоҳ нозил қилган муқаддас китобларни ўз раъйларича бузиб, уни алмаштирдилар. Кейинги авлодлар эса кўр-кўрона мутаассибларча уларга эргашиб, ҳали ҳанузгача ҳақни тан олмай, залолат зулматида сарсон-саргардон бўлиб юришибди.
Илоҳим, халқимизни Исломда собит айлаб, турли оқимлар фитналаридан Ўзинг асрагин.

Шаҳобиддин Парпиев Асака тумани бош имом хатиби