Мазҳабларни инкор қилишнинг ҳукми қандай? (давоми)

53

Ҳадис китобларига эргашиш даъвосига келадиган бўлсак, агар даъвогар саҳиҳни ҳасандан, ҳасанни заифдан, носихни мансухдан ажрата оладиган бўлса, ўтган муҳаддисларнинг даражасида оят ҳамда ҳадис ва асорларнинг маънолари шарҳидан хабардор бўлса, ундан ташқари, ҳадис ва бошқа китобларга тааллуқли бўладиган жами зарурий фанлардан билими етарли бўлса, ундай киши мақтовга сазовордир. Лекин, аниқки, бизнинг замонамизда бундай кимсанинг топилиши анқонинг уруғини топган кабидир. Ҳижрийнинг саккизинчи юз йиллигигача бу сифатлар билан тавсифанадиган зотлар кўпчиликни ташкил қиларди. Шундан сўнг, тўққизинчи юз йилликда Аллома Жалолиддин Суютий хотимат ал-ҳуффоз (ҳофиз ҳадисшуносларнинг охиргиси) бўлдилар. Ўнинчи юз йилликда ҳам айрим олимлар – Али ал-қори, Шайх Абдулҳақ Деҳлавий кабилар изма-из муҳаддис бўла олдилар, лекин улар ҳам ана ўшаларнинг мартабасига ета олмаганлар. Ана шундан бери то ҳозиргача ҳадисни кама ҳаққуҳу (аниқ, ҳақиқий, том маънода ) саҳиҳидан заифини ажрата оладиган моҳир олимлар ҳам бу ёқда турсин, бирорта кимса учрамади. Худо ҳоҳласагина бизнинг замонамизда бўлиши мумкин.

Муҳаддис деб шундай кимсани айтиладики, «Сиҳоҳи ситта»ни дарс қила олсин, умумий маънодаги ҳадиснинг мақсадларини тушунтира олсин.

Инна лиллаҳи ва инна илайҳи рожеъун! «Кашф аз-зунун» соҳиби Аллома Тожиддин ас-Субкийдан бундай деб нақл қилган:

«Билгинки, замонамиздаги ҳадис илмида назари қосирлар «Машориқ ал-анвор»ни бирров қараб чиқиб ёки ал-Бағавийнинг «Масобеҳ»ини кўриб, муҳаддислар даражасига етиб қолдим, деб ўйлайдилар. Буни улар ҳадисга жоҳилликлари сабабли қиладилар. Агар биров бу икки китобни зоҳир қалбидан тўла ёд олса, бу икковига бир қанча ҳадис матнларини қўшган бўлса ҳам у игнанинг тешигидан туя ўтгунгача ҳадисшунос бўлиб қолмайди. Замона аҳли «ан-Ниҳоя»гача ўқиганни ўзларича муҳаддислар муҳаддиси, Ибн Асирнинг «Жомеъ ал-усул»и билан шуғулланган кимсани эса Бухорий ал-аср дейдилар. Агар бунга қўшимча равишда у Ибн ас-Салоҳнинг «Улум ал-ҳадис» асарини, ан-Нававийнинг «ат-Тақриб»ини ёд олган бўлса ҳам у муҳаддислар мартабасига етиб борган бўлмайди. Муҳаддис дегани муснадларни, «Илал» китобларини, асмо ар-рижол фанини, олий ва нозил ҳадисларни, таниши, шу билан бирга жуда кўп ҳадис матн тўпламларини ёд олиши, олтита саҳиҳ ҳадислар тўпламини ўқиб эшитган, «Муснади Аҳмад, «Сунан л-Байҳақий», «Мўъжам ат-Табароний»ларни тўла ўқиб чиққан, бунга қўшимча равишда ҳадис жузларидан мингта миқдордаги жузларни қўшган кимса бўлади. Бу ҳам муҳаддисликнинг энг паст даражасидир». Тамом.

Ҳижрий ўнинчи юз йилликдан олдин яшаган ас-Субкийнинг давридаги ҳолат шундай бўлса, бизнинг замонамизнинг ҳолига нима дейиш мумкин?!

Бизнинг давримиздаги ўзларини мазҳабларни янгиловчи деб билиб, ҳақ мазҳабларни бекорга чиқарадиган «муҳаддис»лар барчани гумроҳ қилувчидирлар. Масалан, улар ҳанафийликдаги ёки шофиъийликдаги қайсидир масалани «Сиҳоҳи ситта»дан топмаса, «Имом Абу Ҳанифа ёки Имом Шофиъий бу масалани ҳадисга хилоф равишда айтган», дейдилар. Ҳадис фани «Сиҳоҳи ситта» билан чегараланиб қолмаганини тушунишни истамайдилар. Ҳолбуки, ҳадис китоблари беҳисоб ва беададдир. «Сиҳоҳи ситта»га суянилмаган бўлса, унинг асли жами китобларда йўқлигини билдирмайди.

Валлоҳу аълам би-с-савоб ва индаҳу илм ал-Китоб!

Олтинкўл туман «Муҳаммадраҳим хожи»масжиди имом хатиби И.Мадумаров.