Мавлидун набий муборак 16.11.2018 й

846

بسم الله الرحمن الرحيم

Мавлидун набий муборак!

الحَمْدُ للهِ الَّذِي أَرْسَلَ رَسُولَهُ رَحْمَةً لِلْعَالَمِينَ وَجَعَلَهُ أُسْوَةً حَسَنَةً لِلْمُؤْمِنِيْنَ، وَالصَّلاَةُ وَالسَّلاَمُ عَلَى نَبِيِّنَا الرَّؤُوفِ بِالْمُؤْمِنِيْنَ،

وَعَلَى آلِهِ وَصَحْبِهِ وَمَنْ تَبَعَهُ بِإِحْسَانٍ إِلَى يَوْمِ الدِّيْنِ

Муҳтарам жамоат! Ҳар йили рабиъул-аввал ойида дунё мусулмонлари қатори мамлакатимизда истиқомат қилаётган юртдошларимиз ҳам муҳим бир санани кенг нишонлайдилар. У ҳам бўлса “Мавлидун-Набий”, яъни Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломнинг туғилган саналарини шарафлаш, байрам қилиш ойидир. Бу ойда барчаларимиз оламлар сарвари, бутун инсониятга охирзамон пайғамбари этиб юборилган суюкли Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломнинг сийратларини, ҳаётларини янада кенгроқ ўрганиш, ҳар ишда, ҳар кунимизда, ҳар бир амалимизда у зотга эргашиш, суннатларига мувофиқ ҳаёт кечиришни бир-биримизга янада кўпроқ тарғиб қилишимиз керак бўлади.

Дарҳақиқат, Муҳаммад алайҳиссалом Аллоҳ таолонинг сўнгги пайғамбари, пайғамбарларнинг энг улуғи ва хотималовчиси, Парвардигор бутун оламга раҳмат қилиб юборган элчиси, инсоният фахри, одамларнинг энг яхши хулқлиси ва комили эдилар. Аллоҳ азза ва жалла Ўз расулига бевосита хитоб қилиб, Уни бутун дунёга раҳмат элчиси эканликларини тасдиқлаб, бундай дейди:

وَمَا أَرْسَلْنَاكَ إِلَّا رَحْمَةً لِلْعَالَمِينَ

(سورة الأنبياء/107)

яъни: (Эй, Муҳаммад!) Биз Сизни (бутун) оламларга айни раҳмат қилиб юборганмиз” (Анбиё сураси, 107-оят). Ояти каримадаги “Раҳмат” жуда кенг маънони англатади. Уларни билиш ва англаш учун Ҳазрати Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг гўзал одоб-ахлоқлари, сийрат ва шамоиллари, шариатларининг ниҳоятда бағрикенглиги, ҳатто, куфр ва ширк аҳлига ҳам зулмни раво кўрмаслиги, меҳр-оқибат, эзгулик каби фазилатлар манбаи эканидан хабардор бўлиш зарур. Оиша онамиздан Пайғамбаримиз  саллаллоҳу алайҳи васалламнинг хулқлари ҳақида сўралганда:

كَانَ خُلقُهُ القُرآن

(رَوَاهُ الإِمَامُ مُسْلِمٌ)

яъни: “Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг хулқлари Қуръон эди”, – дедилар  (Имом Муслим ривояти).

Қуръони карим оятлари Ҳазрати Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламни шарафлаб, номларини юқори даражага кўтариб зикр қилади. Ул зотни барча ҳалойиқдан ҳам яхши ва Парвардигорга энг яқин зот деб улуғлайди:

لَقَدْ جَاءَكُمْ رَسُولٌ مِنْ أَنْفُسِكُمْ عَزِيزٌ عَلَيْهِ مَا عَنِتُّمْ حَرِيصٌ عَلَيْكُمْ بِالْمُؤْمِنِينَ رَءُوفٌ رَحِيمٌ

(سورة التّوبة/128)

яъни: “(Эй, Макка аҳли!) Ҳақиқатан, сизларга ўзларингиздан (чиққан),қийинчиликларингиздан алам чекадиган, сизлар билан (ҳидоят топишингиз билан) қизиқувчи, мўминларга мушфиқ ва раҳмдил Расул келди” (Тавба сураси, 128-оят).

Муҳтарам жамоат! Мавлидун-набавийни нишонлашдан кўзланган асосий мақсад мўмин-мусулмонларни Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламга бўлган муҳаббатларини пайдо қилиш ва уни янада зиёда қилиш, қалбларига ўз пайғамбарларига муҳаббат руҳини улашиш, дилларида шу туйғуни уйғотиш, кучайтириш ва сайқаллашдир.

Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг кўплаб ояти карималарида Расули Акрам  саллаллоҳу алайҳи васалламга муҳаббат барча муҳаббатдан олдин туришлиги кераклигига даъват қилган:

النَّبِيُّ أَوْلَى بِالْمُؤْمِنِينَ مِنْ أَنْفُسِهِمْ

(سورة الأحزاب/6 الأية)

яъни: “Пайғамбар мўминларга ўзларидан ҳам ҳақлироқдир…” (Аҳзоб сураси, 6-оят). Бунинг маъноси, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламга бўлган муҳаббатлари бошқа барча нарсаларга қўйган муҳаббатдан кўра устунроқ бўлмагунча, имонлари комил бўлмагай, деганидир.

Ҳадиси шарифда эса Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам:

“لَا يُؤْمِنُ أَحَدُكُمْ حَتَّى أَكُونَ أَحَبَّ إِلَيْهِ مِنْ وَلَدِهِ وَوَالِدِهِ وَالنَّاسِ أَجْمَعِينَ”

(رَوَاهُ الإِمَامُ البُخَارِيُّ وَالإِمَامُ مُسْلِمٌ)

яъни:“Сизлардан бирортангиз мен унга боласидан, ота-онасидан ва одамларнинг ҳаммасидан маҳбуброқ бўлмагунимча, мўмини комил бўла олмайди”, – дедилар (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).

Ушбу ҳадис мусулмон кишига Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламга муҳаббат қўйиш вожиб эканлигига далолат қилади. Шундагина ҳақиқий имон эгаси, нажот топувчи кишига айланар экан. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламни яхши кўриш имон аҳлларининг сармояси ва Ислом аҳкомларининг татбиқидир. Зеро, яхши кўришдан мақсад қуруқ эҳтирос ва ҳиссиётнинг ўзи эмас, балки у зотдан келган ҳар бир кўрсатмани қабул қилиш, бажариш ва лозим тутишдир.

Аллоҳ таоло Ўзининг каломида шундай марҳамат қилади:

 وَمَنْ يُطِعِ اللَّهَ وَالرَّسُولَ فَأُولَئِكَ مَعَ الَّذِينَ أَنْعَمَ اللَّهُ عَلَيْهِمْ مِنَ النَّبِيِّينَ وَالصِّدِّيقِينَ وَالشُّهَدَاءِ وَالصَّالِحِينَ وَحَسُنَ أُولَئِكَ رَفِيقًا

 (سورة النساء/69 الأية)

яъни: “Кимда-ким Аллоҳ ва Пайғамбарга итоат этса, айнан ўшалар Аллоҳнинг инъомига эришган зотлар, яъни пайғамбарлар, сиддиқлар, шаҳидлар ва солиҳ кишилар билан биргадирлар. Улар ҳамроҳ сифатида нақадар гўзалдир!” (Нисо сураси, 69-оят). Бу оятда пайғамбарлар билан биргаликда бошқаларнинг зикр қилинишида солиҳликда мукаммал бўлмаганлар солиҳликда мукаммал бўлганларни яхши кўриши билан улар қаторидан жой олишларига ишора қилинган. Бошқа оятда:

وَمَنْ يُطِعِ اللَّهَ وَرَسُولَهُ وَيَخْشَ اللَّهَ وَيَتَّقْهِ فَأُولَئِكَ هُمُ الْفَائِزُونَ

(سورة النور/52 الأية)

яъни: “Кимки Аллоҳ ва Унинг пайғамбарига итоат этса ва Аллоҳдан қўрқиб, тақво қилса, бас, айнан ўшаларгина ютуқ эгаларидирлар”– деган (Нур сураси, 52-оят).

Қалби Расулуллоҳга муҳаббат билан лиммо-лим тўлган, у зотнинг айтганларига итоат этишни ҳамма нарсадан афзал деб билган мўмин албатта Аллоҳнинг розилиги ва фазлу марҳаматига сазовор бўлади ва жаннатда у зотга қўшни бўлиш бахтини қўлга киритади. Бунга қуйидаги ҳадис далилдир. Анас разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Бир киши Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига келиб: “Эй, Аллоҳнинг расули! Қиёмат қачон бўлади?” – деб савол берди. “Сен қиёматга нимани ҳозирлаб қўйдинг?” – дедилар Пайғамбар алайҳиссалом. Савол берган киши: “Мен Аллоҳ ва унинг Расулининг муҳаббатидан бошқа арзигулик ҳеч нарса тайёрламадим”,– деб  жавоб қилди. Шунда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Албатта, сен ўзинг яхши кўрганлар билан биргасан, ҳар ким ўзи яхши кўрганлар билан бирга бўлади”, – деб марҳамат қилдилар. Анас разияллоҳу анҳу: “Биз Ислом келгандан кейин Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг ушбу сўзларини эшитганчалик хурсанд бўлмаганмиз”,– деганлар.

Уламоларимиз кишини Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламга бўлган муҳаббатининг қанчалик чин эканлигига куйидаги ишлар далолат қилади, деганлар:

  • У зотнинг буйруқларига сўзсиз бўйсуниш ва суннатларига амал қилиш;
  • У зотнинг суннати санийяларига бошқа инсонларни ҳам тарғиб этиш;
  • У зотга кўп салавот ва саломлар йўллаш;
  • Саҳобалар ва аҳли байтларини яхши кўриш;
  • У зотнинг хулқлари билан зийнатланиш;
  • Бидъат хурофотлардан ўзини олиб қочиш;
  • У зотнинг суннатларига амал этмаслик, муҳаббат қилмаслик ила гуноҳкор бўлиб қолишдан эхтиёт бўлиш;
  • У зотнинг суҳбатларига ошиқиш, ҳеч бўлмаса тушда кўришни орзу қилиш.

Муҳтарам жамоат! Мавлид ойи Пайғамбар алайҳиссаломнинг ҳаётларини, муборак сийратлари ва суннати санийяларини янада чуқурроқ ўрганиш ойидир. Бу ойда ҳам, бундан кейин ҳам биз, мўмин-мусулмонлар, ҳар бир ишда, ҳар бир амалда у зотнинг суннатларига мувофиқ йўлда юришимиз, У зотга эргашишимиз зарур. Шундай экан, биз, ёши катталар, ота-оналар яна бир карра зиммамиздаги масъулиятни чуқур ҳис этиб, етишиб келаётган ёш авлодни, фарзандларимизни Ўз роббиси ва Расулини танийдиган, уларга муҳаббат қиладиган, садоқатли ва ахлоқ-одобли, билим ва салоҳиятли қилиб тарбияламоғимиз лозим бўлади.

Шуни айтиб ўтиш жоизки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг таваллудларини нишонлаш ва бунда хурсандчилик қилишни ўзига яраша шаръий далиллари, асослари ҳамда манфаатлари бор. Мусулмон уммати тақрибан минг йилдан буён уни нишонлаб келмоқда. Ислом умматининг таянчи бўлган бир қатор уламолар уни яхши амал санашган.

Уламоларимиз: “Абдуллоҳ ибн Масъуд разияллоҳу анҳунинг “Мусулмонлар яхши санаган нарса Аллоҳ наздида ҳам яхшидир”,– деган  сўзлари айнан мавлидга мос тушади”, – дейдилар. Биз кўпчилик уламоларнинг, шу жумладан, юртимиз уламоларининг фикрларини ушлашимиз ва ихтилофга ўрин бермаслигимиз лозим бўлади. Зеро, мавлиддан кўзланган мақсадларга эришишга мусулмонлар бугун ҳар доимгидан кўра кўпроқ муҳтождирлар.

Муҳтарам жамоат! Маърузамиз давомида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мўжизаларидан баъзиларини эслаб ўтамиз:

  • Қуръони карим.

Арабларда балоғат, фасоҳат ҳамда шеърият ривожланган бир пайтда Аллоҳ таоло Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга Қуръони каримни буюк мўжиза ўлароқ нозил қилди. Унинг мўжизавийлиги шундаки, Расулуллоҳ салалллоҳу алайҳи васаллам араблардан Қуръонга ўхшаш китобни келтиришни талаб қилганларида арабларнинг энг балоғат ва фасоҳатли шоирлари ҳамда моҳир воизлари ҳам Қуръон оятларига ўхшаш бир оят келтиришга ҳам чорасиз қолишган.

  • Ойнинг иккига бўлиниши.

Аллоҳ таоло Қамар сурасида айтади: “Соат (Қиёмат) яқинлашди ва ой бўлинди. Агар бир оят мўъжизани кўрсалар, юз ўгирарлар, бу ўткинчи сеҳр, дерлар.” Ушбу воқеанинг Маккада содир бўлгани борасида келган ҳадислар мутавотир – яъни инкор этиб бўлмас даражада кўп ворид бўлган.

  • Оз таомнинг кўпчиликка етиши.

Мадинада ҳандақ қазиш ишлари бўлаётган пайтда озгина таом бир неча минг саҳобийларга етиб, яна ўз ҳолича қолган. Мазкур воқеага доир келган хадислар ҳам мутавотир даражасига етган.

  • Расулуллоҳнинг муборак бармоқлари орасидан сув чиқиши.

Жангларнинг бирида саҳобалар жуда ҳам ташна бўлиб, таҳоратга ҳам сув топилмай қолганда, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ичида сув бўлган идишга қўлларини тиққанлар. Шунда бармоқларининг орасидан сув отилиб чиққан. Бу сувдан саҳобалар чанқоқларини қондириб, барча таҳорат ҳам олган.

  • Исро ва меърож воқеаси.

Исро кечаси ҳақида Қуръонда очиқчасига баён қилинган. Меърож воқеаси ҳақида эса Нажм сурасининг бошида ишора келган.

  • Ғойиб нарсалар ҳақида хабар беришлари.

Хусусан, Аммор ибн Ёсирни боғий – ҳаддидан ошган тоифа қатл қилиши, Усмон разияллоҳу анҳуга мусибат етказилиши, Аллоҳ таоло Ҳазрати Ҳасан воситаларида мусулмонлардан бўлган икки тоифа орасини ислоҳ қилиши, дунёнинг йирик подшоҳлари Кисро ва Қайсарнинг ҳукмронлиги тугатилиши ҳамда бошқа кўплаб ғайбий ишлар ҳақида олдиндан хабар берганлар.

  • Дарахт танасининг Расулуллоҳдан ажралгани учун йиғлаши.

Мадинаи мунавварада Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга минбар ясалишидан олдин бир дарахтнинг танасига суяниб хутба қилар эдилар. Минбар ясалгандан кейин, унда хутба қилиш учун кўтарилганларида, ҳалиги дарахт танаси у кишига бўлган меҳридан худди ёш боладек ҳўнграб йиғлаган. Саҳобаларнинг барчаси бунга гувоҳ бўлишган. Расулуллоҳ минбардан тушиб, дараҳт танасини қучганларида, ҳалиги овоз тинчланган.

  • Гўштнинг ўзининг заҳарлангани ҳақида хабар бериши.

Бир аёл душманлик қилиб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга заҳарланган қўй гўштини ҳадя қилади. Набий алайҳиссалом энди қўлларини гўштга узатганларида гўшт у Зотга ўзининг заҳарли экани хабарини беради. Ундан бир неча саҳобалар ҳам тановул қилган бўладилар ва бироздан сўнг вафот этадилар.

  • Ер юзининг машриқдан мағрибигача бўлган жойларнинг у зотга кўрсатилиши ҳамда умматлари етиб борадиган ҳудудларнинг билдирилиши.

Аллоҳ таоло барчаларимизнинг қалбимизга Расулининг муҳаббатини жо қилсин! Қиёматда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг “ҳамд” байроқлари остида туриш ва У зотнинг муборак шафоатларига эришиш ҳамда жаннатда Расулига қўшни бўлиш бахтини насиб этсин!Омин!

 Муҳтарам имом домла! Рабиъул аввал ойи кириб келганлиги муносабати билан имкониятингизга қараб бирор жумада Имом Барзанжийнинг “Мавлидун Набий” китобидан ўқиб беришингиз мақсадга мувофиқ бўлади.

 Муҳтарам имом домла! Масжидларда намоз вақтига қатъи риоя этиб, хусусан жума намозини белгиланган вақтдан ўтказмаган ҳолда адо этишингизни ва жума иш куни бўлганлиги учун намозхонларни кўп ушланиб қолишларига йўл қўймаслигингиз тавсия этилади!

 

Mavlidun nabiy muborak juma tezisini pdf форматда юклаб олиш

Манба: muslim.uz