Коррупция тараққиётга ғов

1036

Коррупция, порахўрлик жамиятни тубанлик сари тортиб, инсонларни демократик ҳуқуқларидан маҳрум қилувчи иллат. Шунинг учун барча жамиятларда бу иллатларга қарши курашилади. Порахўрлик барча мафкураларда қаттиқ қораланади. Хусуан Ислом дини таълимотларида ҳам порахўрликка қарши кескин далиллар бор. шу ўринда пора ҳақида тўхталиб ўтамиз.
Пора араб тилида “ришва” деб аталади, шаръий истилоҳда эса, “Пора-хақни йуққа чиқариш ва ботилни юзага чиқариш учун бериладиган нарсадир”.
Мисол учун бировнинг бир нарсада ҳаққи бор, ўша ҳақни олиш учун ҳокимнинг ҳукмига қараб турибди. Иккинчи бир одам келиб ўзи ҳақдор бўлмаса ҳам ҳокимга пул бериб, ўз фойдасига ўша нарсани беришни сўрайди. Ҳоким ўша ишни қилса, ҳақдорнинг ҳақи поймол бўлиб, ноҳақдан биров фойдасига ҳукм қилган бўлади. Кўриниб турибдики, бу ҳолатда пора берувчи ҳам, пора олувчи ҳам ноҳақ иш қилмоқда, бировнинг ҳаққига хиёнат қилиб ўз фойдасини кўзламоқда.
Абдуллоҳ ибн Амр розияллоху анҳудан ривоят қилинади — Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам:
“Пора берувчига ва пора олувчига Аллоҳнинг лаънати бўлсин”, – дедилар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам икковларини ҳам ушбу ҳаром ишни қилганлари учун лаънатламоқдалар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг лаънатлари жуда оғир жазодир. Чунки лаънат бировни Аллоҳнинг раҳматидан узоқ бўлишини сўрашдир.
Яна бир ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:
“Пора берувчи хам, олувчи хам, ўртада турувчи ҳам жаҳаннамга ташланади”– деганлар.
Одатда пора олувчини қоралаш маъносида кўп гапирамизу, пора берувчи тўғрисида гапирмаймиз. Ҳолбуки, ушбу ҳадиси шарифда пора берувчи олдин зикр қилинмоқда. Чунки пора, деб номланган иқтисодий, ахлоқий, ижтимоий жиноятни бошловчи пора берувчидир.
Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев Олий Мажлисга қилган Мурожаатномасида барча соҳаларни қамраб олувчи фикрлар ва таклифларни олға сурди. Шулар ичида коррупция ҳақида алоҳида тўхталиб, шундай деди:
“жамиятимизда коррупция иллати ўзининг турли кўринишлари билан тараққиётимизга ғов бўлмоқда. Бу ёвуз балонинг олдини олмасак, ҳақиқий ишбилармонлик ва инвестиция муҳитини яратиб бўлмайди, умуман, жамиятнинг бирорта тармоғи ривожланмайди. Тадбиркорлар ҳанузгача ер ажратиш, кадастр, қурилиш, лицензия, божхона, банк, давлат харидлари каби соҳаларда коррупцияга дуч келаётганини Президент номига келиб тушаётган кўплаб мурожаатлар ҳам, матбуот ва ижтимоий тармоқлардаги чиқишлар ҳам яққол кўрсатиб турибди. Коррупцияга қарши курашишда аҳолининг барча қатламлари, энг яхши мутахассислар жалб қилинмас экан, жамиятимизнинг барча аъзолари, таъбир жоиз бўлса, “ҳалоллик вакцинаси” билан эмланмас экан, ўз олдимизга қўйган юксак марраларга эриша олмаймиз”.
Жамиятда коррупция бўлар экан, бу жамиятнинг равнақига доимо тўсқинлик бўлаверади. Бу иллат барҳам топсагина ҳар соҳада ривожланиш ва тараққиёт даражалари кўтарилиши мумкин. Юртбошимиз мазкур Мурожаатномада айтганидек, траққиётимизнинг асосий ғови ҳам шу иллатдир. Бу балони даволашдан кўра олдини олиш энг тўғри йўлдир:
“Тараққиётимизга ғов бўлмоқда. Бу ёвуз балонинг олдини олмасак, ҳақиқий ишбилармонлик ва инвестиция муҳитини яратиб бўлмайди, умуман, жамиятнинг бирорта тармоғи ривожланмайди. Тадбиркорлар ҳанузгача ер ажратиш, кадастр, қурилиш, лицензия, божхона, банк, давлат харидлари каби соҳаларда коррупцияга дуч келаётганини Президент номига келиб тушаётган кўплаб мурожаатлар ҳам, матбуот ва ижтимоий тармоқлардаги чиқишлар ҳам яққол кўрсатиб турибди. Коррупцияга қарши курашишда аҳолининг барча қатламлари, энг яхши мутахассислар жалб қилинмас экан, жамиятимизнинг барча аъзолари, таъбир жоиз бўлса, “ҳалоллик вакцинаси” билан эмланмас экан, ўз олдимизга қўйган юксак марраларга эриша олмаймиз. Биз коррупциянинг оқибатлари билан курашишдан унинг барвақт олдини олишга ўтишимиз керак”.

Шарофуддинов Мухторжон

Марҳамат туман бош имом хатиби