Кексаларни эъзозланг

779

Динимизда ҳам кексаларни эъзозлашга кенг тарғиб этилади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам:
قال رسول الله صلى الله عليه و سلم: «ليس منا من لم يوقِّر كببيرنا
و يرحم صغيرنا» رواه احمد.
«Каттамизни улуғламаган, кичкинамизга раҳм қилмаган биздан эмасдир», дедилар. (Имом Аҳмад ривояти). Пайғамбаримизнинг ушбу ҳадисларидан кексаларни улуғлаш, уларга эҳтиром кўрсатиш нечоғли савобли иш эканлиги, аксинча, беэътибор бўлиш, ҳолларидан хабар олмаслик Аллоҳ ва унинг росулини кўрсатмаларига зидлиги англашилади. Кексаларни эъзозлаш дейилганда, ҳар ишда улардан маслаҳат сўраш, йиғинларда юқорироқ жойга ўтқазиш, таомга улардан кейин қўл узатиш кабилар тушунилади.
Расулулллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилдилар: «Аллоҳ таборака ва таоло: «Мен соч-соқоли Исломда оқарган бандам ва чўримни – зеро, бандамнинг соқоли, чўримнинг сочи Исломда оқаради – шундан кейин азоблашдан уяламан», дейди. (Абу Яъло ривояти) Ушбу ҳадисда зикр қилинган мақом мўмин ва мўмина бандалар учун энг олий даражадаги мақомлардан десак, муболаға қилмаган бўламиз. Аллоҳ таоло сочи ва соқоли Исломда оқарган отахону онахонларни оқарган толалари сабабли азоблашдан уялиши ниҳоятда катта ишдир. Ёшларимизнинг ҳар томонлама комил, гўзал хулқли, мустақил фикр ва дунёқарашга эга, турли салбий одат, иллат ва таъсирлардан холи равишда вояга етказишда, жамоат ташкилотлари, ота-она, маҳалла ва, албатта, кексаларнинг ўрни беқиёсдир.
Абу Ғассон аз-Забий дейди: «Отам билан иссиқда пиёда кетаётган эдик, олдимиздан Абу Ҳурайра чиқиб қолди. Абу Ҳурайра: «Ёнингдаги ким?» деди. Мен унга: «Отам», деб жавоб бердим. У: «Отангдан олдин юрма, орқасида ёки ёнида юргин, юрганда ораларингдан киши ўтадиган бўлмасин. Отанг ётган уйнинг томида юрма. Отангнинг назари тушган гўштни ема, отангнинг егиси келган бўлиши мумкин», деди.
Кексаларга иззат-икром, меҳр-оқибат кўрсатиш халқимизнинг азалий ибратли қадриятларидан саналади. Доно халқимизда «Қариялар хонадонимиз файзи ва фариштаси», деган ҳикматли мақоллар бежизга айтилмаган. Улар замирида чуқур маъно бор. Биз ёш авлод вакиллари турмуш синовларида тобланиб, катта ҳаётий тажрибага эга бўлган ёши улуғ инсонлар кўмагига, маслаҳатига доимо ўзимизда эҳтиёж сезамиз. Келажакда оқил, пок, диёнатли меҳнатсевар ва фидойи инсон бўлишни истаган ҳар бир ёш ўғил-қиз кексаларнинг ҳаётий тажрибаларидан албатта фойдаланишлари лозим. Зеро, қариялар оқиб турган дарё. Қаерда кексалар бўлса ва улар эътиборда бўлса, ўша жойга доимо файзу-барака ёғилиб туради.
Олтинкўл туман бош имом-хатиби: М.Тўрақулов