Карантин ваҳима дегани эмас

897

Бутун дунё аҳолисини ларзага солган, оммавий ахборот воситаларининг долзарб мавзусига айланган, дунё ҳамжамиятининг асосий диққат марказида бўлган офат – коронавирус эпидемияси ниҳоят бизнинг юртимизга ҳам кириб келди.
Хўш, ташвишга ҳожат борми?
Албатта, бепарволик қилиш ҳам керак эмас, лекин ортиқча ваҳимага ҳам сира ҳожат йўқ.
Ундай бўлса, нима учун бутун дунё аҳолиси ваҳима билан бонг урмоқда?
Бутун дунё аҳолиси нима учун ваҳима қилишини ўзлари билади, лекин мусулмон киши бу ҳолатда имон-эътиқоди нуқтайи-назаридан ўзини тута олиши керак. Бунга бир қанча омиллар бор.
Энг аввал, мусулмон инсон имон калимасини айтар экан тақдирдаги яхшилик ҳам ёмонлик ҳам Аллоҳдан эканлигига имон келтириб бўлган. Сахрода бўрон турганда ҳам тўзон бўлиб учган ҳар бир қум зарраси Аллоҳнинг амрисиз ўрнида силжимайди. Бас шундай экан, ваҳимага не ҳожат?
Ҳар куни таҳоратини олиб, покиза юриб, беш маҳал намозини ўқиган инсонга у касаллик қайдан яқин келсин? Ахир унинг асосий ҳимояси поклик экан, ибодатли инсонга не ташвиш?
Энди масжидларимиздаги вақтинча карантин ҳолатига келсак, бунда ҳам биз билмаган ҳикматлар бор. Уни Яратганнинг Ўзи билади. Бир кун келиб бизларга ҳам билдирса ажаб эмас.
Қолаверса, биз мўминлик вазифамизни ҳар ҳолда адо қилиш ҳаракатида бўлдик. Масжидларимиз доимгидан ҳам кўра гавжум бўлганига барча шоҳид. Бу ҳолатда эса, ҳазрат Умар разияллоҳу анҳунинг сўзини эслаймиз. Маъноси:
“Аллоҳга қасамки, мен бир мусибат билан синалган бўлсам, бу синовда Аллоҳ таоло тўртта неъмат ато қилди. Аввало мусибат менинг гуноҳим устидан бўлмади”.
Демоқчимизки, агар биз жамоатга қатнашмай қўйганимизда эди, масжидлар ҳуввиллаб хароб бўлганда эди, бу бизга гуноҳимизнинг касофати десак бўлур эди. Лекин, алҳамдулиллоҳки, халқимиз масжидларимизни тобора обод қилишаётган эди. Кундан-кунга ҳам обод, ҳам авжум бўлиб гуллаб-яшнаётган эди. Бу эса бизларга бир неъматдир, иншооллоҳ!
Иншооллоҳ, тез кунларда барча хатарлар даф бўлгай. Масжидларимиз яна намозхонларга тўлгай!

Улуғбек қори Йўлдошев. Асака т. “Холид ибн Валид” жоме масжиди ходими