Касб-ҳунарга тарғиб

8

Динимиз таълимоти ялқовлик, боқимандалик каби зарарли иллатларни қатъий қоралаб, инсонларни ҳалол ризқ топиш йўлида саъй-ҳаракат қилиш ва чин ихлос билан меҳнат қилган ҳолда ҳаёт кечиришга чақиради.
Барча пайғамбарларнинг ўз касбкорлари бўлган. Масалан: Нуҳ алайҳис салом дурадгорлик, Иброҳим алайҳис салом баззозлик, Довуд алайҳис салом совут ясаш ва темирчилик, хурмо дарахти новдаларидан сават тўқиш, Закариё алайҳис салом дурадгорлик, ҳазрати пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам чўпонлик ва савдогарлик касби билан машғул бўлишган.

Ўз навбатида саҳобаи киромлар ҳам бирон-бир касб-ҳунар билан ризқ-рўз топишга саъй-ҳаракат қилишган. Мисол тариқасида айтиш мумикнки, Салмон Форсий хурмо новдаларидан сават тўқиб сотарди, Абдур Раҳмон ибн Авф, Усмон ибн Аффон ва бошқа бир қатор саҳобийлар тижорат билан шуғулланардилар.

Қадимдаги солиҳ кишиларимиз мазкур нарсаларни яхши англаганлари учун ҳам албатта бирон касб ва ҳунар эгаси бўлишган ёхуд тижорат, тадбиркорлик каби ишлар билан шуғулланишган. Ҳазрати Имом Абу Ҳанифа (р.ҳ) шойи ва ипак газламалар билан савдо қилганлар. Машҳур ватандошимиз ва буюк аллома Имом Қаффол Шоший ҳазратлари қулфсозлик билан шуғулланганлар. Ҳазрат Хожа Аҳрор валий эса тижорат ва чорвачилик ҳамда мулкчиликнинг бошқа турлари билан шуғулланганлар ва ҳоказо…

Имом Термизий орқали ривоят қилинган бир шарафли ҳадисда шундай дейилади: “Ростгўй ва ишончли тижорат соҳиби жаннатда набийлар, сиддиқлар ва шуҳадолар билан бирга бўлади”.

Бу ҳадиснинг маъноси ўз ичига барча олди-сотди билан шуғулланувчилар, тадбиркорлар, касб-ҳунар билан машғул бўлганлар ҳам киради.
Юртимиз тарихида тадбиркорлик алоҳида ўрин тутиб келган. Ота-боболаримизнинг ер-мулк, касб-ҳунарга эга бўлиш, омилкорлик билан иш юритиш, тадбиркор ва ҳалол ишбилармон кишиларни қадрлаш анъаналари мавжуд бўлган. Бунинг ёрқин намунаси сифатида Соҳибқирон Амир Темур бобомизнинг: “Азми қатъий, тадбиркор, ҳушёр, мард ва шижоатли бир киши мингта тадбирсиз ва лоқайд кишидан афзалдир”,— деганлар.

Аллоҳ таоло кеча-ю кундуз Ватан манфаати, халқ фаровонлиги йўлида ўзининг меҳнати, билими ва тажрибаси билан турли соҳаларда тадбиркорлик  ва касб- ҳунар ишларини олиб бораётган имонли, инсофли, мурувватли мулкдорларни, тижоратчиларни, зироатчиларни, ишлаб чиқарувчиларни ҳифзу ҳимоясида сақлаб, ишларига баракотлар ато этсин!.

Акмалжон домла Қурбонов,  

Олтинкул туман «Оқ масжид»

жоме масжиди имом-хатиби