Жамият ичидаги хатарли жиноят (Рибо-судхўрлик)

398

Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримиз Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аллоҳ таоло айтади:

«Эй мўминлар, (берган қарзларингизни) бир неча баробар қилиб (олиш билан) судхўрлик қилмангиз! Аллоҳдан қўрқингиз! (Шунда) шояд нажот топгайсиз!» (Оли Имрон сураси, 130).

Самура ибн Жундуб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Пайғамбаримиз Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Кечқурун (тушимда) икки кишини кўрдим. Улар келиб мени муқаддас ерга олиб чиқишди. Юриб-юриб қонли дарёга дуч келдик. Дарёда бир киши бор эди. Соҳилда бошқа киши ҳарсанг тош ушлаб турарди. Дарёдаги киши келиб чиқмоқчи бўлган эди, нариги киши тош билан оғзига уриб келган жойига қайтариб юборди. У қачон келиб чиқмоқчи бўлса, тош билан оғзига урар ва у яна олдинги жойига қайтиб кетар эди. «Дарёдаги киши ким?» деб сўраган эдим, «Судхўр», дея жавоб беришди» (Бухорий ривояти).

Судхўр ўлган вақтидан то қиёмат кунигача қонли дарёда сузиб, тош билан «сийланади». Бу азоб барзах-қабрда бўлади. Бундан ташқари, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам судхўрни (фоиз еювчини), олдирувчини, котибни ва гувоҳ бўлувчининг ҳамммаси (гуноҳда) баробар», деганлар (Муслим ривояти).

Пайғамбаримиз Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Қайси қавм орасида зино ва судхўрлик авж олса, улар ўзларига Аллоҳнинг азобини ҳалол қилган бўладилар» (Абу Яъло ривояти).

Абдуллоҳ ибн Ҳанзала розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Кишининг билатуриб судхўрликдан еган бир дирҳами ўттиз олти марта зино қилганидан оғирроқдир» (Имом Аҳмад, Табароний ривояти).

Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу айтган эканларки: «Судхўрликда етмиш иккита гуноҳ бўлиб, уларнинг энг кичиги мусулмоннинг ўз онасига яқинлик қилиши билан баробар. Судхўрликдан топилган бир дирҳам ўттиздан ортиқ зино қилишдан оғирроқдир».

Яна айтган эканлар: «Аллоҳ қиёмат кунида яхши-ю ёмонга туриш учун изн беради. Судхўрлар эса бундан мустасно. Чунки улар: мажнун каби турадилар» (Ибн Абу Дунё, Бағавий ривояти).

Яъни, улар Аллоҳ ҳаром қилган иш – судхўрликни ҳалол билдилар. Шу сабабли қиёмат қоим бўлиб, Аллоҳ одамларни қайта тирилтирган вақтда судхўрлардан ташқари барча одамлар қабрларидан тезда туриб кетадилар.

Судхўрлар худди тутқаноғи бор одамдек ўринларидан туришлари билан йиқиладилар. Уларнинг дунёда судхўрлик орқали еган ҳаром нарсаларини Аллоҳ қиёмат кунида қоринларида кўпайтириб қўяди ва бу уларга оғирлик қилади. Улар турмоқчи бўладилар-у, бироқ йиқилиб тушаверадилар.

Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу айтадилар: «Сендан қарздор киши бирон нарса ҳадя қилса, олма. Чунки бу иш судхўрликдир».

Ҳасан розияллоҳу анҳу айтганларки: «Агар бир киши сендан қарздор бўлса, унинг хонадонидан еган нарсаларинг сенга ҳаром бўлади».

Аллоҳ таоло Бақара сурасидаги  бир оятда:

«Эй иймон келтирганлар! Агар мўмин бўлсангиз, Аллоҳга тақво қилинг ва рибонинг сарқитини ҳам ташланг», деган (278-оят).

Ушбу оятдан кўриниб турибдики, Аллоҳ таоло рибодек нохуш, ҳаром нарсани йўқ қилишда бош­қа ҳолатлардаги каби, аввало мусулмонларнинг руҳий-маънавий тарбиясига алоҳида эътибор берган.

Яна ушбу оят мусулмонлар учун маҳбуб бўлган

«Эй иймон келтирганлар!» деган хитоб билан бошланмоқда. Давомида эса:

«Агар мўмин бўлсангиз», деб яна иймонни орага солмоқда ва ниҳоят:

«Аллоҳга тақво қилинг», деб бандаларни тақводор бўлишга чақирмоқда. Охири келиб, рибонинг сарқитини ҳам тарк қилишга амр этмоқда.

Аллоҳ таоло ушбу ояти каримада мусулмонларни рибонинг ўзи у ёқда турсин, сарқитидан, қолдиғидан ҳам қайтармоқда.

Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам рибохўрни, унинг едирувчисини, котибини ҳамда икки шоҳидини лаънатладилар ва «Улар баробардирлар», дедилар».

Муслим, Абу Довуд ва Термизий ривоят қилишган.

Шарҳ: Ушбу ҳадисдан рибонинг қанчалар ёмон нарса эканини яна ҳам аниқроқ тушуниб оламиз. Унга аралашган ҳар бир киши Аллоҳнинг лаънатига қолиши турган гап. Улар:

  1. «Рибохўр»;

Аллоҳ таоло ҳаром қилган нарсани еган одам албатта, У Зотнинг лаънатига қолиши табиий бир ҳол.

  1. «Унинг едирувчиси»;

Рибо берувчи ҳам Аллоҳнинг лаънатига қолади. Чунки у молиявий муомалани ҳаром қилинган йўл билан амалга оширди. Ҳолбуки, ҳалол йўл билан тасарруф қилиши керак эди.

  1. «Котиби»;

Яъни рибо муомаласини ёзиб, ҳужжатлаштирган киши. Чунки у Аллоҳ ҳаром қилган ишга хизмат қилди ва ҳаром ишнинг юришига ҳисса қўшди.

  1. «Икки шоҳидни».

Рибо муомаласига шоҳид бўлиб турган одам ҳам гуноҳкордир. Чунки у ҳам ҳаром иш учун хизмат қилди, унинг ривожига ҳисса қўшди. Бу ишга гувоҳ бўлишга рози бўлгани ана шу ҳаром ишни тан олганининг аломатидир.

«Бас, кимки Роббидан мавъиза келганда тўхтаса, аввал ўтгани ўзига ва унинг иши Аллоҳга ҳаволадир».

Яъни, Аллоҳ рибонинг ҳукмини баён қилгандан кейин рибовий муомалалардан тўхтаса, эски ишлари ўзига, у муомалаларни қайта кўришга ҳожат йўқ. Ўтган даврдаги муомалалари Аллоҳга ҳавола: хоҳласа кечиб юборади, хоҳласа иқобига олади.

«Кимки яна (рибога) қайтса, ана ўшалар олов соҳибларидир. Улар унда мангу қолувчидирлар».

Аллоҳ таоло томонидан рибонинг ҳаромлиги ҳақида оят келганига ҳам қарамай, кимки яна рибога қайтса, ундай одам албатта дўзахий бўлади, дўзахий бўлганда ҳам, ундан ҳеч қачон қайтиб чиқа олмайдиган, абадий қоладиган дўзахий бўлади, Аллоҳ сақласин.

Аллоҳ таоло Бизларни бу каби икки дунёда хор қиладиган разилликлардан ўз паноҳида асрасин. Адашиб қолганларнинг тўғри йўлга қайтишларига Ўзи тавфиқ берсин!

Аллоҳ таоло барчаларимизни оқибатларимизни хайрли қилсин, кетар чоғимизда иймонимизни ўзимизга ҳамроҳ айласин.  Устиимздаги бу улкан синовдан (касалликдан) барчаларимиз гўзал сабр, ибрат ва бардавом дуолар билан, сўнгида эса савоб, ажр ва мукофот билан чиқмоқликни насиб қилсин.

Юртимиз тинч, осмонимиз мусаффо барчамиз самимият билан истиқомат қилмоқдамиз, Аллох таоло бу неъматини устимизда бардавом қилсин.

Биз фуқароларга кечасию кундузи жон куюктириб ҳизмат қилаётган Юртбошимиз ва барча диний ва дунёвий раҳбарларимизни қилаётган хайрли ишларида Аллоҳ таоло Ўзи ёрдамчи бўлишини сўраб дуо қилиб қоламиз…

Манбалар асосида Хўжаобод туман “Етти чинор” жоме масжиди имом  ноиби Мухаммадкуддус Абдулманнон тайёрлади.