Инсонни хорликка етакловчи офатдир

859

Динимизнинг асосий таълимоти бўлмиш Қуръони каримда Аллоҳ таоло Пайғамбаримиз алайҳис саломни бутун башариятга Ўзи тарафидан элчи қилиб юборишининг қатор сабабларидан бири сифатида тоза-пок нарсаларнинг ҳалол эканлигини ва нопок нарсаларнинг ҳаромлигини уларга билдириш вазифаси деб кўрсатган. Аллоҳ таоло Аъроф сурасининг-157-оятида:
يَأْمُرُهُمْ بِالْمَعْرُوفِ وَيَنْهَاهُمْ عَنِ الْمُنْكَرِ وَيُحِلُّ لَهُمُ الطَّيِّبَاتِ وَيُحَرِّمُ عَلَيْهِمُ الْخَبَائِثَ
“ У(пайғамбар) уларни (инсонларни) яхшиликка буюради, ёмонликдан қайтаради ва пок нарсаларни ҳалол қилиб, нопок нарсаларни уларга харом қилади…”, дея мархамат қилади.
Шариатимизда нимаики нарсалар ҳалол қилинган бўлса демак у нарсада инсонга фойда, нимаики нарсалар ҳаром қилинган бўлса демак у нарсада инсонга битмас туганмас зарарлар мавжуддир.
Ислом дини аҳкомлари инсонни дини, жони, ақли, насли ва саломатлигини сақлашга қаратилган. Инсонни соғлиги, оиласи, иқтисоди, одоб-ахлоқи, умуман, инсон ҳаётининг барча соҳаларига таҳдид солиб турган иллатлардан бири гиёҳвандликдир.
Оят ва ҳадисларда гиёҳванд моддаларнинг номи келтирилмаган-ку, деган савол туғилиши мумкин. Тўғри, Пайғамбаримиз с.а.в даврларида ҳам, ундан кейин ҳам гиёҳвандликнинг ўзи ҳам, номлари ҳам ислом оламида номаълум эди. Лекин Пайғамбарлик мўжизаларидан бири деб айтиш мумкинки, ўзларидан кейинги даврларда инсониятга ҳам моддий, ҳам маънавий зарар келтирувчи нопок нарсаларнинг турлари ва номлари кўпайиб кетишини олдиндан билиб, ўз умматларини огоҳлантириб кетдилар.
Ҳақиқатан ҳам шундай баданни бўшаштирувчи, заифлаштирувчи заҳри қотил моддаларнинг турлари ҳозирги кунда ҳам кўпайиб бормоқда. Шунинг учун Расул Акрам с.а.в ҳаммасига умумий қилиб:
وفـي الـحديث: أَنه، نهى عن كل مُسْكر و مُفَتِّر
“Ҳар қандай маст қилувчи ва баданни бўшаштирувчи нарсалар ҳаром’’ деб асосий қоидалардан бирин баён қилиб бердилар.
Бу ҳадис билан истеъмол қилганда танани, аъзоларни, асабни ва бошқа жойларни бўшаштирувчи ҳар қандай нарса ҳаром бўлади. Худди шу ҳадиси шарифда айтилаётган “бўшаштирувчи” лик сифати ажнабий тилларда “наркотик” деб номланаётган гиёҳвандлик моддаларининг алоҳида васфидир. Шундай қилиб хамр, жумладан, гиёҳвандлик нима эканлиги очиқ-ойдин бўлди. Пайғамбаримиз с.а.в. ўзларининг имом Муслим ривоят қилагн бошқа бир ҳадисларида :
قوله عليه السلام: كُلُّ مُسْكِرٍ خَمْرٌ، وَكُلُّ خَمْرٍ حَرَامٌ
Барча мазҳабларнинг фуқаҳолари гиёҳвандлик моддаларининг ҳаром эканлигига, уларни ҳалол сановчи кишини диндан чиқиб қолишига иттифоқ қилганлар. Шунингдек, уларни ейиш, ичиш, ҳидлаш ва игна орқали қабул қилиш мутлақо мумкин эмаслигини қаттиқ таъкидлаганлар.
Гиёҳванд моддалар ҳаром бўлгач, уни сотиш ҳам, тижорати ҳам, олинган фойдаси ҳам ҳаром ҳисобланади.
Гиёҳвандлик инсонни ўта ялқов ва кам ғайрат, оилага бепарво қилиб қўяди. Кўзини хиралаштиради, тишларини сарғайтиради ва вақтидан олдин тўкилиб кетишига олиб келади.Ҳаммага маълумки, инсонни бахт-саодати унинг ақл-идроки билан боғлиқдир. Ақл жасадда руҳ кабидир. Инсон ақл воситаси билан зарарли нарсаларни фойдали нарсадан ажратади. Гиёҳвандликка берилган киши эса яхшини ёмондан зарарни фойдадан ажрата олмай қолади. Аллоҳ инсонни унинг ақли сабабли бошқа махлуқлардан афзал қилиб яратди. Шунинг учун ақлига путур етказувчи ҳамма нарсани ҳаром қилди, ман этди. Аллоҳ таоло инсонларнинг ўз жонига қасд қилмасликка, шунингдек ўзгаларнинг ҳам қонларини ноҳақ тўкмасликка буюради. Гиёҳванд эса охири ўлимга олиб келадиган нарсаларни истеъмол қилиш билан ўз жонига қасд қилган бўлади. Қуръони “Бақара” сураси, 195-оятида Аллоҳ таоло
… وَلَا تُلْقُوا بِأَيْدِيكُمْ إِلَى التَّهْلُكَةِ … (سورة البقرة/195(
Яъни, “ Ўз қўлларингиз билан ўзларингизни ҳалокатга ташламангиз”
Гиёҳванд кишилар қавми-қариндошидан, гулдай фарзандларидан, умр йўлдошидан ажралиб қолаётгани, улардан аксар ҳолларда маюб- мажрух фарзандлар туғилаётгани хаётда кўринаётган хақиқатдир.
Гиёҳвандликнинг ёш авлод тарбиясига етказадиган зарарлари жуда аянчлидир. Тажрибалар шуни кўрсатадики, гиёҳвандликка илк бор қадам қўйиш ёшларда кўпроқ 11 ёш билан 17 ёш ўртасида кузатилади. Шу ёшда уларни жиловлаб олинса, фожеанинг олди олинган бўлади. Фарзандларимизни ким билан юргани, дўсти кимлигига назар солишимиз керак бўлади.
عن أبي هريرة قال: قال رسول الله صلى الله عليه وسلّم «من رأى منكم منكرأً فيلغيره بيده، فإن لم يستطع فبلسانه، فإن لم يستطع فبقلبه وذلك أضعف الإيمان» وفي رواية: وليس وراء ذلك من الإيمان حبة خردل».
“Сиздан ким ёмон-мункар ишни кўрса, уни қўли билан ўзгартирсин, агар бунга қодир бўлмаса, тили билан ўзгартирсин, агар унга ҳам қодир бўлмаса, дили билан, ана ўша иймоннинг заифлигидандир”-деганлар.
“Мункар иш ” дегани, “ёмон иш” деганидир. Бугунги кунимизда гиёҳвандлик ёмон ишларнинг ҳам энг ёмонидир.
Ҳузайфа ибни Ямон р.а. дан ривоят қилинади, Пайғамбаримиз с.а.в. : “жоним қўлида бўлган зот билан қасам ичиб айтаманки, агар, сизлар бир-бирларингизни яхшиликка буюриб, ёмонликдан қайтариб туришликни тарк этсаларингиз, бошингизга шундай бир бало ва офат келадики, у яхши ёмонга баробар фожеа бўлади.”
Бугунги кунда гиёҳванлик катта таҳдид солиб, келажак авлодларимизни ҳам ўз домига тортиш хавфи туғилиб турган бир пайтда ҳаммамиз бу офатга қарши курашимиз жуда зарурдир. Жамиятнинг ҳар бир аъзоси, каттаю кичик, эркагу аёл, ёшу қари, амалдору оддий фуқаро-ҳамма-ҳамма гиёҳванликка қарши курашда иштирок этмоғи кечиктириб бўлмас заруратдир. Зеро гиёҳвандлик инсонни хорликка етакловчи офатдир.

Олтинкўл тумани бош имом-хатиби Муҳаммад Юсуф домла Тўрақулов