Динимиз таълимоти бўйича, Аллоҳ таоло инсонни азизу-мукаррам қилиб яратгандир. Қуръони каримда Аллоҳ таоло: “Батаҳқиқ биз одам болаларини мукаррам қилдик. Уларни қуруқликда ва сувда кўтардик, ҳам уларга пок нарсаларни ризқ қилиб бердик. Ва уларни Ўзимиз яратганларнинг кўпидан устун қилиб қўйдик”, деб марҳамат қилади. (Исро, 70)

    Агар эътибор берадиган бўлсак, Аллоҳ таоло: “ Oдам болаларини мукаррам қилдик”,- демоқда, мўмин-мусулмонларни ёки зоҳиду тақводорларни дегани йўқ. Бундан номики одам боласи бўлса, Аллоҳ уни азизу-мукаррам қилиб яратгани тушунилади. Чунки, Аллоҳ одамларнинг ҳаммасини бир аслдан яратган, уларни бир хил хусусиятларга эга қилган, ақл берган, нутқ қобилияти берган ва бошқа одамга хос қобилиятларни берган. Бу маънода барча инсонлар баробар, инсоний қадр-қийматлари бир хилдир. Инсон зотининг улуғлиги ҳам унинг инсоний қадр-қийматидадир. Инсоний қадр-қиймат уни дунёда бошқа жонзотлардан ва барча мавжудотдан устун қилиб туради.

    Инсон дегани турли аъзо, малекула, қон, гўшт, суяк, пайлардангина иборат эмас, балки унинг сири илоҳий руҳ билан яратилгани ва инсон қадр-қиммати ҳам шунга боғлиқ экани маълум.

   Аллоҳ таоло инсонга осмонлар ва ер юзидаги барча нарсаларни бўйсундириб қўйди. Унга ботиний ва зоҳирий неъматларнинг ҳаммасини берди. Коинот инсон хизматига қоим, куёш унга нур ва иссиқлик беради, юлдузлар унга йўл кўрсатади, денгизу дарёлар унинг хизматида.

   Аммо инсоннинг ўзи кимга бўйсундирилган? Кимга хизмат қилиши лозим? У ўзини яратган Парвардигорига тоат ва ибодат қилиши учун яратилган. Коинотдаги барча нарса инсон учун яратилган, инсоннинг ўзи эса Парвардигор хизмати учун халқ этилган.

   Агар коинотга ва Ер юзига ибрат билан қарасак, барча мавжудот ўзидан юқорисига хизмат қилишини кўрамиз. Жонсиз тупроқ, сув наботот оламига, набобот олами эса ҳайвонот дунёсига, ҳайвонот ва жонсиз олам инсонга хизмат қилишини биламиз.

    Илм ва фан соҳасида Нобел мукофоти соҳиби Алексес Карл ўзининг “Мана шу номаълум инсон” номли машҳур китобида бундай деб ёзади:”Биз атрофимиздаги кўплаб нарсалар моҳиятини яхши билдик, аммо ўзимиз ҳақимизда жуда оз нарса биламиз”.

   Аллоҳ таоло бизларни Ўзини билишимиз учун яратган.  Агар Уни билсак ва танисак, ҳақиқий ибодат қиламиз. Ўзимизни англасак, Парвардигоримизни англаймиз. Аллоҳ яратган мавжудотларни танисак, уларнинг Яратувчисини таниймиз ва Унинг ҳақини тўла адо этган бўламиз. 

Андижон тумани “Обод” жоме масжиди имом хатиби

Мансурбек Азимов