Инсоф қилган барака топади.

41

Инсоф қилмаган кимса маълум муддат мол-дунёга эга бўлиши мумкин. Лекин барака дегани бу пул ёки мол эмас. Барака Аллоҳ таоло томонидан ато қилинажак бир неъматки, кимга барака берса, унинг уйида ҳам, кўнглида ҳам ҳаловат бўлади. Топган давлати оз бўлса ҳам, кўп бўлса ҳам унда барака бўлиб, егани ичига тушади.
Ҳомб Лифофий атади:
“Тўрт нарсани тўрт жойдан изладик ва изланиш йўлида хато қилиб, бошқа тўрт нарсани топдик: бойликни молдан изладик, лекин уни қаноатдан топдик. Роҳатни серобчиликдан изладик, аммо уни молнинг озгинасидан топдик. Лаззатни неъматдан изладик, лекин уни соғлом бадандан топдик. Ризқни ердан изладик, лекин уни осмондан топдик”.
Бир қассобнинг узоқ йиллик мижози бор эди. Ҳар хафтада бир кило гўшт олар, қассоб ҳар сафар юз грамм “уриб” қолар, аммо мижоз буни сезмас эди. Уйига бориб гўштни хотинига топширар эди. Хотинининг бир одати бор эди. Ҳар сафар гўштни олиб келиши биланоқ бир хафталик гўшт харажатини кунлик-кунлик қилиб еттига бўлиб қўяр эди.
Кунлардан бир кун ўша мижоз одатига кўра гўшт олгани келганида қассобнинг кўнглига инсоф келди ва ўзига ўзи айтди: “Шу одам ўттиз йилдан ошибдики, фақат мендан гўшт сотиб олади. Шу ўттиз йил ичида бирор марта ҳам тўлиқ бир кило тортиб бермаганман. Кел, энди инсоф қилиб шу сафар камайтирмасдан тўлиқ тортиб берайчи, бу ёғи ёшим ўтиб охиратим ҳам яқинлашиб қолди”.
Шундай қилиб қассоб бу сафар инсоф қилиб тўлиқ бир кило тортиб берди. Ва бу қилган ишидан ўзича мамнун бўлди. Бироқ бир маҳал ҳалиги мижоз гўштни қайтариб олиб келиб жанжал қилиб қолди.
— Шунча йилдан бери фақат сендан гўшт сотиб олсам, кам бергани уятмайсанми?!
— Ҳўв, биродар, тўғрисини айтсам шу сафар тўғри тортиб берган эдим, – деди қассоб.
— Ундай бўлса нега бу сафар кам чиқди? Ҳар сафар хотиним етти кунлик харажатга бўлса етарли бўлар эди. Бу сафар бир кунлигига етмай қолди-ку?!
Қассоб бор гапни айтиб берди. Қассоб ҳам, мижоз ҳам бу ишнинг сирини билмай ҳайрон бўлишиб қолди. Ҳойнаҳой сиз ҳам нега бундай бўлганига ажабланган бўлсангиз керак. Қани, бир тафаккур қилиб кўрингчи, жавобини топа олармикинсиз? (Жавобини Худо хоҳласа сизларнинг фикрларингиздан сўнг тақдим этамиз)
Шарофуддинов Мухторжон ҳожи. Марҳамат туман бош имом-хатиби