Илм талаб қилиш динимиздаги энг муҳим ва аввалги буйруқлардан бўлиб, Қуръондаги биринчи нозил бўлган оят ҳам илмга тарғиб қилиш билан бошланди. Илм ўз соҳибини юқори мартабаларга кўтариб, Роббисини яхшироқ танишга ва У Зотдан қўрқишга олиб боради.

Аллоҳ таолонинг Қуръони каримда келган қуйидаги сўзлари илмнинг фазилатли эканига очиқ далилдир:

«Аллоҳ адолатда (барқарор) туриб, шундай гувоҳлик берди: «Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқдир», фаришталар ва илм эгалари ҳам. (Албатта), Ундан ўзга илоҳ йўқ. У Азиз (қудратли) ва Ҳаким (ҳикматли)дир.» (Оли Имрон, 18).

Бу оятда Аллоҳ таоло аввал ўзини, кейин фаришталарни, сўнгра илм аҳлини зикр этди. Мана шунинг ўзи илмнинг шарафли, фазилатли ва улуғ эканини англашга кифоя қилади.

Аллоҳ таоло яна айтади:

«Аллоҳ сизлардан имон келтирган ва илм ато этилган зотларни (баланд) даража (мартаба)ларга кўтарур» (Мужодала, 11).

Ибн Аббос розийаллоҳу анҳумо айтадилар: «Олимларнинг даражаси илм олмаган мўминларнинг даражасидан етти юз даража юқоридир. Ҳар даражанинг ораси беш юз йиллик йўлга тенг.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизларни кўп ҳадисларида илм олишга тарғиб қилганлар. Шулар жумласидан:

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: «Кимга Аллоҳ яхшиликни ирода қилса, уни динда фақиҳ (теран англовчи) қилиб қўяди ва унга тўғри йўлни кўрсатади».

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам марҳамат қиладилар: «Олимга ердаги ва осмондаги барча нарсалар истиғфор айтади». Ердаги жонзотлар ва осмонлардаги малоикалар истиғфор айтиб турувчи кишиларнинг мансабидан зиёда мансаб борми?!

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам яна марҳамат қиладилар: «Ҳикмат шарафли кишининг шарафини зиёда этади ва қулни подшоҳлар даражасигача кўтаради».Бу ҳадисда илмнинг дунёдаги самараси баён қилиняпти. Аммо охиратдаги меваси ундан-да хайрли ҳамда абадийдир.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: «Қиёмат куни олимлар қаламининг сиёҳи шаҳидлар қони билан ўлчанади».

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: «Умматимдан ким қирқ ҳадисни одамларга таълим бериш учун ёдласа, мен қиёмат куни унга шафоатчи ва гувоҳ бўламан».

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: «Умматимда икки тоифа борки, агар улар яхши бўлса, одамлар яхши бўлади, бузилса, одамлар ҳам бузилади. Улар амирлар ва фақиҳлардир».

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: «Аллоҳ таолога яқинлаштирадиган илмни зиёда этмайдиган куннинг қуёши чиқишида мен учун барака йўқ».

Ибн Аббос розияллоҳу анҳу айтадилар: «Сулаймонга алайҳиссалом ё илмни, ёки мол-дунёни танлаш ихтиёри берилди. Шунда у зот илмни танладилар. Кейин у кишига мол-мулк ҳам ато этилди».

Ибн Муборак олимлардан бошқасини комил инсон демадилар. Чунки инсонни ҳайвонлардан ажратиб турадиган асосий хусусияти ҳам илмдир. Инсон нима билан шарафли бўлса, ўша нарса билан инсондир. Унинг афзаллиги жисмоний қувватида эмас. Зеро, туя инсондан анча бақувватдир. Жисмнинг катталиги билан ҳам афзал эмас, зеро, фил ундан каттароқдир. Афзаллик шижоат билан ҳам ўлчанмайди, чунки йиртқич ҳайвон ундан кўра шижоатлироқдир. Еб-ичиш билан ҳам афзал эмас, ҳўкизнинг қорни уникидан каттароқ. Жимоъ қилишига қараб ҳам белгиланмайди, зеро, чумчуқ жинсий қувватда инсондан кучлироқдир. Демак, инсон манфаатли илм ўрганиб икки дунёсини обод қилиш  учун яратилган экан.

Олимлардан бири айтади: «Илмни бой берган киши нимага эришдию, илмга етишган киши нимани йўқотди?!»

Бир донишманддан: «Қайси нарсаларни жамласам, яхши бўлади?» деб сўрашганида, «Кема ҳалокатга учраганда ўзинг билан қоладиган нарсани жамла», деб жавоб берди. Бу билан илмни назарда тутди.

Ривоятларда келишича, Мусо алайҳиссалом билан Ҳизр учрашганларида бир қуш келиб тумшуғида дарёдан бир томчи сув олиб Ҳизрнинг кафтларига қўйдида учиб кетди. Шунда Ҳизр Мусо алайҳиссаломга қараб: “Эй Аллоҳнинг набийси бу қуш айтдики: “Эй Мусо сен Аллоҳ сенга билдирган илм эгасисанки, уни Ҳизр билмайди. Ҳизр Аллоҳ унга билдирган бир илм эгасики, уни Мусо билмайди. Мен ҳам Аллоҳ менга билдирган бир илм эгасиманки уни сен ҳам Ҳизр ҳам билмайди. Мени илмим, сени илминг ва Ҳизрнинг илми Аллоҳнинг илми олдида денгиздан олинган шу қатра сувга ўхшайди””.

Бу ривоятдан оладиган хулосамиз шуки, инсон ҳар қанча илм олиб юқори чўққиларга эришса ҳам ўз илми билан кибрланиши, мақтаниши ва ўзгаларни камситиши жоиз бўлмайди. Балки илм уни янада тавозеликка, камтаринликка ва хушмуомалаликка олиб борсин.

Толиби илмларга инфоқ-эҳсон қилишнинг баракаси

Анас ибн Молик разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг даврларида икки ака-укалар бор эди. Бири Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламни ҳузурларига келиб, илм ўрганар эди. Иккинчиси ҳунармандлик қилиб, кун кўришар эди. Шу ҳунарманд илм ўрганувчи биродари устидан(у ҳам ишласин-да, қачонгача мен ишлайвераман? – деб), Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламга шикоят қилди. Шунда у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Балки сенга унинг сабаби(баракаси)дан мўл ризқ берилаётгандир?!» – дедилар.

“Агар сиз фарзандингизга данғиллама уй қуриб берсангиз — вақти соати келиб, у эскириши мумкин. Агар энг зўр машина олиб берсангиз — уям тез орада эскириши мумкин. Агар унга моддий бойлик, пул қолдирсангиз — уям бир кун сарф бўлиб тугаши мумкин. Аммо дунёда ҳеч қачон эскирмайдиган, йўқолмайдиган бебаҳо бир бойлик борки, у ҳам бўлса, фарзандингизга берган билим ва ҳунардир. Лекин билим ва маърифатни қаердан, нимадан олиш мумкин? Аввало, китоб деган хазинадан”.   Ш.М. Мирзиёев.

Буюк шоир ва мутафаккир Низомиддин Алишер Навоий ҳазратлари ёзганидек, “китоб – беминнат устоз, билим ва маънавий юксалишга эришишнинг энг асосий манбаи”.

Муоз ибн Жабал айтганларидай, «Илм ўрганинглар, зеро, уни ўрганиш – Аллоҳдан қўрқиш, уни талаб этиш – ибодат, музокараси – тасбеҳ, уни излаш – жидду-жаҳд, билмаганга ўргатиш – садақа, уни ўз аҳлига билдириш – Аллоҳга қурбатдир».

Азизлар, тариҳга бир назар ташласак, боболаримиз Алишер Навоий олти ёшида шеър ёза бошлаганини, Имом Бухорий тўққиз ёшида Қуръони Каримни тўла ёд олганини, Ибн Сино ўн уч ёшида мантиқ, фиқҳ ва калом илмини ўрганганини, ўн олти ёшида машҳур табиб бўлиб танилганини, Абу Райҳон Беруний ўн беш ёшида самони кузатиб, тадқиқ қилганини гувоҳи бўламиз. Бизлар ҳам фарзандларимиз, набираларимизни  илмга муҳаббатли, замонасининг тенгсиз, беназир инсонлари этиб тарбиялашимиз керак бўлади.

Азизлар, фарзандим илмли, одобли, аниқ бир касб-ҳунарга эга бўлиб, ҳаётда ўз ўрнини топиб, оиласига, ватанига, муқаддас динига хизмат қиладиган, орзу-ҳавасларингизни рўёбга чиқарадиган инсон бўлсин десак, ҳаётда ҳар хил кераксиз, ортиқча ҳою-ҳавасларга берилиб кетмасдан, уларнинг эҳтиёжи учун энг зарурий бадиий, илмий, танлаган касбига оид, дунё ва охиратига манфаат берадиган китоблар, дарсликлар олиб беришга ҳеч эринмайлик. Албатта, олиб бериб, уларни хурсанд қилайлик, қўллаб-қувватлаб, шу китобларни бирга-бирга ўқийлик ёки ўқишини албатта назорат қилиб турайлик.

Аллоҳ таоло барчаларимизни илмий, маънавий, маърифий, диний китобларга, илмга бўлган муҳаббатимизни зиёда қилиб, ўқиган ҳар бир китобимиз нафақат ўзимизга, балки атрофдаги барча инсонларга манфаатли бўлишини насиб этсин.

Манбалар асосида Хўжаобод туман “Етти чинор” жоме масжиди имом  ноиби Мухаммадкуддус Абдулманнон тайёрлади.