Илм ҳамма учундир

1264

Ислом дини таълимотларида илмга рағбат қилинади. Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломга Ҳиро ғорида нозил бўлган илк ваҳий «Ўқи!» деган амр эди. Илк ваҳийнинг ўқишга, илм олишга даъват билан бошланишининг, Аллоҳ охирги динини ўқиш-ёзишни билмайдиган уммий киши орқали инсониятга етказишни ирода қилганининг буюк ҳикмати бор эди.
Аллоҳ таоло илмни қиёматгача бандалар учун маърифатга эришиш, ҳақиқатни топиш, икки дунё саодатига муяссар бўлиш воситаси қилди. Илмсизлик, жаҳолат эса инсониятни тубанликка, ҳалокатга олиб боришини билдирди. Инсонларни илм олишга ва бу орқали Парвардигорларини танишга буюрди. «Илм» сўзи Қуръони каримнинг саккиз юз ўн бир жойида турли маънолари билан келган. Қуръон ва Суннатда илм инсониятни турли ахлоқсизликлар, ҳаромлар, ёмон йўл ва амаллардан қайтариши зикр этилган. Аллоҳ таоло айтади:
. يَرْفَعِ اللَّهُ الَّذِينَ آَمَنُوا مِنْكُمْ وَالَّذِينَ أُوتُوا الْعِلْمَ دَرَجَاتٍ وَاللَّهُ بِمَا تَعْمَلُونَ خَبِيرٌ *
яъни: “Аллоҳ сизлардан имон келтирган ва илм ато этилган зотларни (баланд) даража (мартаба)ларга кўтарур”. (Мужодала, 11)
Илм ҳамма учун зарур. Нафақат болалар, нафақат ёшлар, балки ҳар бир инсон, ёшидан қатъий назар илм талабида бўлиши муқаддас динимиз таълимоти ва давр талабидир. Чунки илм эшиклари ҳеч қачон ёпилмагай.
Муҳтарам Юртбошимиз Олий Мажлисга қилган Мурожаатномасида бу борада таъкидлаб шундай деди:
“Шунинг учун ҳам боғчадан бошлаб олий ўқув юртигача – таълимнинг барча бўғинларини ислоҳ қилишни бошладик. Нафақат ёшлар, балки бутун жамиятимиз аъзоларининг билими, савиясини ошириш учун аввало илм-маърифат, юксак маънавият керак. Илм йўқ жойда қолоқлик, жаҳолат ва албатта, тўғри йўлдан адашиш бўлади. Шарқ донишмандлари айтганидек, “Энг катта бойлик – бу ақл-заковат ва илм, энг катта мерос – бу яхши тарбия, энг катта қашшоқлик – бу билимсизликдир”! Шу сабабли ҳаммамиз учун замонавий билимларни ўзлаштириш, чинакам маърифат ва юксак маданият эгаси бўлиш узлуксиз ҳаётий эҳтиёжга айланиши кера”.
Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло илмни ҳар кимга ҳам бахш этавермагай. Кимга илм бахшида қилса бу яхшликни умрининг охирига қадар Холиқ таолодан берилган юксак тухфа сифатида авайлаб асраб, ардоқламоғи ва шунга яраша шукрона ва тақвода бўлишга интилмоғи лозим.
حَدَّثَنَا سَعِيدُ بْنُ عُفَيْرٍ ، قَالَ : حَدَّثَنَا ابْنُ وَهْبٍ ، عَنْ يُونُسَ ، عَنِ ابْنِ شِهَابٍ ، قَالَ : قَالَ حُمَيْدُ بْنُ عَبْدِ الرَّحْمَنِ ، سَمِعْتُ مُعَاوِيَةَ خَطِيبًا ، يَقُولُ : سَمِعْتُ النَّبِيَّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ ، يَقُولُ : مَنْ يُرِدِ اللَّهُ بِهِ خَيْرًا يُفَقِّهْهُ فِي الدِّينِ
Муовия разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Мен Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг:
“Аллоҳ кимга яхшилик қилишликни ирода қилса уни динда фақиҳ қилиб қўяди” деганларини эшитдим”. (Бухорий ривояти)
“Фақиҳ” фиқҳ илмини яхши билгувчи инсон демакдур. “Фиқҳ” эса уламоларнинг таърифларига кўра “фаҳм” яъни ҳар бир аҳкомнинг туб моҳиятларини яхши англамоқликдур. Демак кимгаки Аллоҳ таоло яхшилик қилишликни хоҳласа динда ҳар бир аҳкомнинг моҳиятини яхши билгувчи қилиб қўяр экан.
Ривоят қилишларича, бир киши Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламдан:
“Амалларнинг қайси бири афзалроқ?” деб сўради. Расулуллоҳ:
“Илм”, дедилар.
У киши иккинчи, учинчи бор сўради. Расулуллоҳ унга аввалгидек жавоб бердилар. Шунда у киши:
«Эй Аллоҳнинг расули, Сизга саломлар бўлсин, мен амал ҳақида сўраяпман”, деди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам:
“Аллоҳ амалларни илмсиз қабул қиладими?” дедилар.
Ҳасан Басрий раҳматуллоҳи алайҳ айтади: «Олимлар қаламларининг сиёҳи шаҳидлар қони билан ўлчанади. Шунда олимлар қаламларининг сиёҳи шаҳидлар қонидан оғир келади».
Ибн Аббос разияллоҳу анҳу айтади: «Кечанинг бир қисмида илм музокараси билан машғул бўлиш менга кечани бутунлай бедор ўтказишдан маҳбуброқдир».
Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло бизларга илм ва маърифатни ҳамиша ҳамроҳ айласин.

Шаҳобиддин Парпиев

Асака туман бош имом хатиби