Ижтимоий тармоқдаги тахдидлар ёҳуд ўргимчак тўри

1555

Дин номи билан иш юритаётган ғаразли кимсалар ёшларни ўз тузоқларига илинтиришда интернетдан усталик билан фойдаланмоқда. Ўзларини “яқин дўст” ёки “хидоятга чорловчи” сифатида танитиб, ёшларни тўғри йўлдан чалғитмоқда.

Ҳозирги кунда Хитойда 500 миллиондан, Россияда 50 миллиондан, Ўзбекистонда 10.2 миллиондан ортиқ интернетдан фойданувчи рўйхатга олинган. Эндиликда ижобий ёки салбий мазмундаги ахборотларнинг глобал тармоққа чиқиши учун бир сония кифоя.

Афсуски, кўп ёшлар Ислом ниқоби остида олиб борилаётган бузғунчи ҳаракатларнинг қурбони бўлиб, дин душманлари қуролига айланиб қолмоқдалар. Улар нозик чегара чизиғини англамай, шундай тарғиботларга учиб, ўз дини, диндошлари, халқи ва ўзи туғилиб ўсган Ватанига қарши исён қилишгача бориб етмоқдалар.

Бузғунчи оқимлар ўз саҳифаларида ёритилган фикрларни асослаш учун, асосан, Ибн Таймия, Абу Аъло Маъдудий, Муҳаммад ибн Абдулваҳҳоб, Ҳасан ал Банно, Саййид Қутб, Муҳаммад Илёс Кандеҳлавий, Тақиюддин Набаҳоний, Абдул Қадим Заллум, Саид Нурсий, Фатҳулла Гулен каби қўштирноқ ичидаги уламоларнинг манбаларидан иқтибослар келтиришади.

Афғонистонда Толибон ҳаракати ўз сафига янги аъзоларни жалб  этиш, эришилган “ютуқлар”ни овоза қилиш ва зарур маълумотларни эълон қилиш мақсадида 2011 йилнинг май ойидан бошлаб дунё бўйлаб оммалашган “Twitter” ижтимоий тармоғидан фойдалана бошлаган. Ваҳоланки, Толибон ҳаракати телевизор, радио сингари замонавий технологияларни мутлақо инкор этиб, ўз аъзоларини булардан эҳтиёт бўлишга қаттиқ буюрар эди.

Ҳозир интернетда тарқатилаётган маълумотларнинг ранг-баранглиги ва кўплигидан уларнинг қай бири тўғри-ю, қай бири нотўғри эканини ажратиб олиш мушкул. Ислом душманлари мусулмонлар ўртасида фитна чиқариш учун интернет – “ўргимчак тўри” дан жуда усталик билан фойдаланишмоқда. Биргина “Facebook” ижтимоий тармоғида турли тилларда бир қанча гуруҳлар очиб, сохта ғояларини мунтазам равишда тарқатиб, кўпайтириб боришяпти.

Террорчилар ўзларига тегишли веб-саҳифа ва ижтимоий тармоқларда “шаҳидлик”, “жиҳод”, “ҳижрат”, “такфир”, “халифалик” каби тушунчаларни бузиб талқин қилиш натижасида айрим ёшларни ўзларининг тузоқларига илинтиришга муваффақ бўлишаётгани ачинарли ҳол, албатта.

Шу ўринда машҳур олим, марҳум Муҳаммад Саид Рамазон Бутийнинг террорчилар хусусида айтган қуйидаги сўзларини келтириш лозим: “Улар бир вақтнинг ўзида бирор айби йўқ мусулмонларни кечаси бўғизлаб кетишни “шариат рухсат берган иш” дейдилар. Улар оддий йўловчилар тўла самолётни ичидаги айбсиз инсонлар билан қўшиб портлатиб юборишни ҳам “шариатда бор иш” дейдилар. Ҳар ким кўзларини юмиб, Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва саллам) бугун орамизда юрибдилар, деб ҳаёл қилсин. Ул зот шундай разил ишларга рози бўлар эдими?”

Муқаддас ислом динида бегуноҳ инсон қонини тўкиш бузғунчиликнинг энг улкан кўриниши ҳисобланади. Ислом  дини хатто чумолига озор беришдан ҳам қайтаради. Бундай ваҳшийликни қилаётганлар динга эътиқод қилгани ҳақида қанча лоф урмасин, қилган ёвузликлари бу даъволари сохта эканини фош этмоқда.

 

Хўжаобод тумани

“Етти чонор” жоме масжиди имом-хатиби

 Мақсудали ҚОСИМОВ